Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Адлия вазирлиги ахбороти: лойиҳа ишлаб чиқилди
2018-07-19 | Жамият
Мамлакатда инвестицион муҳитни янада яхшилаш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишни рағбатлантириш, мазкур йўналишда давлат сиёсатининг изчиллигига инвесторларнинг ишончини мустаҳкамлаш мақсадида топшириққа асосан Адлия вазирлиги Бош прокуратура билан биргаликда инвестицион муҳитни тубдан яхшилашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони лойиҳасини тайёрлади.
Лойиҳада инвестор ва тадбиркорлик субъектларини давлат органининг ноқонуний маъмурий актларидан ҳимоялаш механизмлари ўрнатилмоқда.
Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйишда қонунийлик ва аниқликни таъминлаш мақсадида, лойиҳада ер участкаларини олиб қўйишнинг аниқ ҳолатлари белгиланмоқда.
Турар жой ва ишлаб чиқариш объектларини бузиш фақат кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва мулкдорга етказиладиган зарарнинг ўрни қоплангандан кейин амалга оширилиши қайд этилмоқда.
Шу билан бирга, инвестициявий фаолиятни амалга ошириш учун ер участкаларини беришнинг янги механизмлари ишлаб чиқилган, хусусан, ер участкаларини 50 йилгача узоқ муддатли ижарага бериш тартиби жорий этилмоқда.
Ўзбекистон Республикасига камида 200 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга соддалаштирилган тартибда Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилиш учун яшаш гувоҳномасини ва кўп марталик визаларни олишнинг янги механизмлари таклиф этилмоқда. Мамлакат иқтисодиётининг устувор йўналишларига катта миқдорда инвестиция киритган чет эл фуқароларига “Фахрий фуқаро” унвонини бериш масаласи кўриб чиқилади.
Инвестициявий фаолият соҳасида таклиф этилаётган янги тартиблар ҳақида батафсил https://regulation.gov.uz/ru/documents/2820 ҳаволаси орқали танишишингиз ва ўз фикр ва мулоҳазаларингизни тақдим этишингиз мумкин.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги