Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қор қоплони ва унинг яшаш жойларини муҳофаза қилиш учун трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарур
2018-07-18 | Экология
Қор қоплони Ўзбекистоннинг юқори қор тизмаларида яшовчи жонивор бўлиб, сайёрадаги ҳайвонот оламининг камёб турларидан бири ҳисобланади. У инсониятнинг хўжалик фаолияти натижасида йилдан-йилга камайиб бормоқда. Қор қоплони асосан трансчегаравий ҳудудларда кўп учрайди, ўз ҳаётининг турли босқичларида қўшни давлат чегара ҳудудларида яшаш жойини алмаштириб туради.
Бугунги кунга келиб, ҳайвонот оламининг мазкур ноёб тури 12 мамлакат ҳудудида яшайди. Ўз навбатида, мазкур йиртқич жониворнинг сонини, тарқалиш ареалларини ҳамда популяциясини ўрганиш, браконерликка барҳам бериш, шу ўринда минтақавий ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, халқаро ҳамкорликнинг муҳим аспектларидан бири, бу – қор қоплони яшайдиган ҳудудларни сақлаш, муҳофаза қилиш, тиклаш ва барқарор фойдаланиш ҳисобланади.
Қор қоплони ва у яшайдиган ҳудудларни муҳофаза қилиш соҳасида трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Тошкент шаҳрида 16–17-июль кунлари минтақавий йиғилиш ўз ишини бошлади. Унда қўшни республикалар – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Ўзбекистон, шунингдек, қатор халқаро ташкилотлар – Қор қоплонини сақлаш бўйича жамғарма, “Пантера” жамғармаси ва Қор қоплони ва у яшайдиган ҳудудларни муҳофаза қилиш бўйича глобал дастур (GSLEP)дан 60 дан ортиқ вакиллар иштирок этдилар.
Мазкур йиғилиш Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Глобал экологик жамғарманинг «Биологик хилма-хилликнинг глобал муҳим турлари учун асосий тоғ ҳудудларида табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш ва ўрмон хўжалиги» лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Тадбирда ҳайвонот оламининг ушбу ноёб турининг популяциясини ўрганиш соҳасидаги энг яхши халқаро ва минтақавий тажрибалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Асосий эътибор Қор қоплони ва у яшайдиган ҳудудларни муҳофаза қилиш бўйича глобал дастур билан узвий ҳамкорликни кучайтириш масалаларига қаратилди. Қор қоплони яшайдиган Ғарбий Тянь-Шань ва Помир-Олой тоғ тизмаларида ҳамкорликда иш олиб бориш юзасидан минтақавий ҳамкорлик масалалари бўйича консултациялар ўтказилди.
Икки кунлик йиғилиш давомида трансчегаравий ҳамкорлик бўйича келишувлар ва Иш дастури лойиҳалари муҳокама қилинади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги