Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

2018-07-18 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўсимликларни ўрганиш соҳасидаги илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда ноёб ботаник коллекцияларни сақлаш шароитларини яхшилаш, ўсимлик дунёсини ўрганиш, сақлаб қолиш ва ундан барқарор фойдаланиш бўйича ихтисослашган вазифаларни жадал ҳал этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институтининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Инновацион ривожланиш вазирлигининг: 

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институтининг (кейинги ўринларда – Институт деб юритилади) илмий фаолиятини янада такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш; 

Институтни Ўзбекистоннинг табиий ўсимликлар хилма-хиллигини ўрганиш соҳасидаги ягона давлат илмий муассаса сифатида белгилаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин. 

2. Институтнинг ноёб илмий объекти “Марказий гербарий” миллий аҳамиятга эга гербарий деб тан олинсин ва унга “Ўзбекистон миллий гербарийси” (кейинги ўринларда – Миллий гербарий) номи берилсин. 

3. Фанлар академияси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда Миллий гербарийнинг илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш бўйича 2018-2020 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин. 

4. Институт ва Фанлар академияси Миллий гербарийни махсус асбоб-ускуналар билан таъминлаш мақсадида илмий ва компьютер ускуналари, приборлар, реагентлар, бутловчи қисмлар, сарфлаш материаллари, дастурий таъминотлар ва техник воситаларни халқаро молия институтлари ҳамда хорижий ташкилотларнинг грантлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот муассасалари объектлари реализациясидан тушган бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига ўрнатилган тартибда харид қилсин. 

5. Институт таркибида: 

ноёб ва эндем ўсимлик турлари бўйича мақсадли илмий-тадқиқотларни олиб бориш ва Ўзбекистон Республикаси Қизил китоби нашрларини халқаро стандартларга мувофиқ тайёрлаш вазифалари юклатилган ноёб ўсимликлар турлари кадастри ва мониторинги лабораторияси; 

Ўзбекистон табиий флорасининг таксономик хилма-хиллигини хатловдан ўтказиш бўйича тизимли тадқиқотлар олиб бориш, ўсимликларнинг инвазив турлари таркибини ва географик тарқалишини белгилаш, алоҳида аҳамиятга эга ботаник худудларни аниқлаш ҳамда ўсимликлар дунёсининг замонавий номенклатураси ва филогенетик тизими асосида “Ўзбекистон флораси”нинг янги нашрларини тайёрлаш вазифалари юклатилган Ўзбекистон флораси лабораторияси; 

Институтнинг илмий-тадқиқот ва ўқув-амалий фаолиятидаги ютуқларини оммалаштириш, шунингдек, кенг жамоатчиликни Ўзбекистоннинг ўзига хос ўсимликлари хилма-хиллиги билан таништириш мақсадида Ботаника музейи ташкил этилсин. 

6. Фанлар академияси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ва Инновацион ривожланиш вазирлигининг Фанлар академиясини Ўзбекистон Республикаси Қизил китобини тайёрлаш ва чоп этиш бўйича ваколатли орган этиб белгилаш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Қизил китобини тайёрлаш, чоп этиш ва юритиш тартибини тасдиқласин. 

7. Илмий бўлинмаларнинг яхлитлигини сақлаб қолиш ва илмий-тадқиқот фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида: 

Институтнинг ғўза систематикаси ва интродукцияси лабораторияси, 
“Ғўза генофонди” ноёб илмий объекти ва иссиқхона комплекси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтига; 

Институтнинг анатомия ва цитоэмбриология, дарахт ва ўт ўсимликлари интродукцияси, шунингдек, доривор ўсимликлар лабораториялари академик Ф.Н.Русанов номидаги Ботаника боғига ўтказилсин. 

8. 2018-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институтининг ўсимликлар хилма-хиллигини ўрганиш ва сақлаб қолиш соҳасидаги фундаментал ва амалий тадқиқотларини ривожлантириш, шунингдек, салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

9. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Қурилиш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Институт, Миллий гербарий ва Ботаника музейини жойлаштириш учун янги замонавий бинони (кейинги ўринларда – объект) академик Ф.Н.Русанов номидаги Ботаника боғи ҳудудида қуриш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин. 

10. Қуйидагилар: 

а) объект бўйича: 

“Inkom kapital qurilish” инжиниринг компанияси – буюртмачи этиб; 

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказиладиган танлов (тендер) савдолари якунлари бўйича аниқланган ташкилотлар – бош лойиҳачи ва бош пудратчи этиб; 

б) ҳар йили тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига ажратиладиган капитал қўйилмалар лимитлари – 
лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва объектга доир қурилиш-монтаж ишларини бажариш бўйича ишларни молиялаштириш манбаи этиб белгилансин. 

11. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги 2021-2023 йиллар учун мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантиришда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан объект бўйича қурилиш-монтаж ишларини ўтказиш учун капитал қўйилмаларнинг тегишли лимитларини назарда тутсин. 

12. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда хорижий мамлакатлардаги етакчи илмий-тадқиқот муассасалари билан Институтнинг ҳамкорлигини кенгайтириш чораларини кўрсин, шунингдек, Институт негизида ўсимликларнинг молекуляр филогенияси, биогеографияси, хемотаксономияси ва ўсимликлар оламининг бошқа йўналишлари бўйича бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган қўшма илмий лабораториялар ташкил қилиш учун грант маблағлари жалб этилишини таъминласин. 

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президентига Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ушбу бандда назарда тутилган қўшма илмий лабораторияларни ташкил этишда Институтнинг ишчилари ва илмий ходимлари умумий чекланган сонини кўпайтириш ҳуқуқи берилсин. 

13. Белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича Институт томонидан олиб кириладиган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган илмий ва компьютер ускуналари, приборлар, реагентлар, бутловчи қисмлар, сарфлаш материаллари, дастурий таъминотлар ва техник воситалар 2021 йил 1 июлгача божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин. 

14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти ва Зоология институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3256-сон қарорига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин. 

15. Фанлар академияси икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 

16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг раиси С.Р.Холмуродов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.С.Қосимов ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг президенти Б.С.Йўлдошев зиммасига юклансин. 


Ўзбекистон Республикаси Президенти                     Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2018 йил 17 июль 

Манба: ЎзА

Поделиться