Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тошкентда аналог телевидение тўхтатилди

2018-07-17 | Технологиялар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 июлдаги «Рақамли телеэшиттиришларга ўтиш ва ер усти аналог телеэшиттиришларни тўхтатишга доир амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан кечадан бошлаб Тошкент шаҳрида аналог форматдаги теледастурлар эфири тўхтатилди. Бугунгача юртимизнинг аксарият ҳудудларида аналог телевидение тўхтатилган эди. Ўзбекистон Республикасида 2018 йилнинг 5 декабрига қадар аналог телеузатиш тўлиқ якунланади.

Мазкур қарорга биноан 2017 йил якунига қадар юртимизнинг барча ҳудудида 90 комплект юқори қувватли ҳамда 404 комплект камқувватли рақамли телеэшиттириш узаткичларини ўрнатилган. Юртимиздаги барча аҳоли яшаш маскани рақамли телевидение дастурлари билан тўлиқ таъминланган.

Айни пайтда мамлакатимиздаги энг чекка қишлоқларда ҳам рақамли телевидение сигналлари мавжуд. Шунингдек, Тошкент шаҳрида сунъий йўлдош алоқа тармоғига рақамли теледастурларни узатиш ва қабул қилиш Ер станцияси ташкил этилган. Бугунги кунда сунъий йўлдош алоқа тармоғи орқали Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 12 телеканали ҳамда 4 радиоканали дастурлари узатилмоқда. Ушбу теле ва радиодастурларни нафақат Ўзбекистонда, балки 40 дан ортиқ чет мамлакатлар ҳудудида ҳам кўриш ва тинглаш мумкин.

Тасвирни узатиш ҳамда қабул қилиш жараёнида рақамли қайта ишланиши натижасида тасвир сифати равшан. Аналог телевидениеда экрандаги тасвирларнинг жимирлаши, турли ташқи таъсирлар кузатиларди, тасвир йўқолиши сезилар эди.

Аналог телевизорда товуш бирмунча ноаниқ чиқар, вижиллаб эшитиларди. Рақамли телевидениеда овоз стерео ёки 5.1. шаклида узатилиши билан ҳам устундир. Бугунги кундаги телевизорларга бешта оддий ва битта паст частотали овоз кучайтиргични улаб, уй кинотеатри муҳитини яратиш мумкин.

Айни пайтда миллий телеканалларимиз ҳам HD​ аниқлигидаги тасвирни узатишмоқда. Қолган телеканалларни ҳам босқичма-босқич HD​-сифатга ўтказиш режа қилинмоқда. Бу эса нафақат телеканалларни HD​-контент яратишга мўлжалланган ускуналар билан таъминлаш, шунингдек HD​-каналлар учун зарур частота диапазонини очиш учун аналог телеузатишни тугатишни талаб қилади. 

Рақамли телеузатиш тизимига ўтилиши мамлакатда янги давлат ва нодавлат каналларнинг ишга тушишига замин яратди. Мисол учун, сўнгги 5 йил мобайнида Ўзбекистонда 8 та давлат ҳамда 5 та нодавлат телеканаллар фаолиятини бошлади.

Эфир телевидениеси билан бирга, кабель телевидение операторлари ҳам рақамли стандартга ўтмоқдалар. Кабель телевидениелари мустақил хўжалик субъектлари бўлгани боис, уларнинг рақамли телевидение тизимига ўтиш муддати аниқ белгиланмаган. Шу муносабат билан, ҳар бир оператор ўзининг ва абонентининг имкониятларига кўра тармоқларига рақамли стандартни татбиқ қилиб, аналог узатишдан воз кечади. 

Замонавий телевизорларнинг аксарияти, жумладан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётганларида махсус рақамли тюнер ўрнатилган. Ушбу ускуна ДВБ-Т2 стандартида ишлайди. Унга оддий антенна бўлса, бас. Эски авлод телевизорлари учун “Set-top-Box”​ тюнерини харид қилиш керак бўлади. 

Ўзбекистонда жорий қилинаётган рақамли телевидениенинг DVB-T2​ стандарти тасвирни HDTV; UHDTV​ каби юқори форматларда кўришда айни муддао. Аммо, бугун бозордаги ҳамма телевизорлар ҳам бу технологияни қўллаб-қувватламайди. Телевизор харид қилаётганда, DVB-T2​, DVB-T, DVB-C стандартларида ишлайдиган тюнер бор-йўқлигига эътибор қаратиш лозим. Маҳсулотнинг техник тавсифида бу ҳақида батафсил ахборот берилган бўлади. Бундай телевизор рақамли телевидениега уланиш учун ортиқча қурилмаларни талаб қилмайди. Бугунги кунда мамлакатимиз ва хорижда ишлаб чиқарилаётган аксарият телевизорларда DVB-T2​ стандартида ишлайдиган тюнерлар мавжуд.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги

Поделиться