Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқ таълими вазирлиги хусусий мактаблар билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда
2018-07-12 | Таълим
Жорий йилнинг 11 июль куни Халқ таълими вазирлигида хусусий мактабларнинг мутасаддилари билан учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда хусусий мактабларни ривожлантиришдаги муаммолар муҳокама қилинди.
Хусусан, дивидендлар олиш имконияти йўқлиги, солиқ имтиёзлари мавжуд эмаслиги, ўқув корпуслари ва биноларни ижарага олиш, қонунчиликдаги мавжуд бўшлиқлар сабаб хусусий мактаблар мактаб битирувчиларига аттеcтат бера олмаслиги каби муаммоли ҳолатларга тўхталиб ўтилди. Шунингдек, ўқитувчиларнинг малака ошириш институтларида малака ошириши масаласи муҳокама қилинди.
Ўз навбатида Халқ таълими вазири нодавлат таълим муассасаларини ривожлантиришда, жумладан, давлат-хусусий ҳамкорлиги кўринишида ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди. Хусусан, мавжуд қувватидан ўқувчи сони кам бўлган мактабларда давлат-хусусий ҳамкорлигини йўлга қўйиб, хусусий инвесторлар томонидан мактабда мавжуд ўқувчиларга бепул таълим бериш жавобгарлигини олиши каби хорижий давлатларда мавжуд тажрибани қайд этилди. Шундагина, хусусий инвестор бино қувватидан янада самарали фойдаланиш учун инвестиция кирита олади, мазкур микроҳудуддаги ўқувчилар, айниқса кам таъминланган оила фарзандлари аввал имкониятлари етмаган сифатли таълимни ортиқча харажатларсиз олиш имкониятига эга бўлишади.
Вазир бундай ёндашув бюджет маблағларининг бир қисмини озод қилиб, уларни бошқа давлат таълим муассасаларини, шу жумладан, чекка туманлардаги мактаблар ва мактаб филиалларини такомиллаштиришга йўналтириш имконини беришини таъкидлаб ўтди. Йиғилишда шунингдек, малака ошириш марказларини давлат-хусусий ҳамкорлиги кўринишида ташкил қилиш истиқболлари муҳокама қилинди. Тарафлар бугунги кунда ўқув-методик жараёнини ривожлантириш, давлат таълим стандартлари, дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни яратишдаги бўшлиқларни алоҳида қайд этди.
Учрашув якунлари бўйича Халқ таълими вазирлиги билан хусусий мактаблар вакиллари ўртасида юқорида айтиб ўтилган муаммоларни ҳал этишда ва халқ таълими тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича тайёрланаётган қарор лойиҳаларига таклифлар киритишда яқин ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришилди. Тадбир иштирокчилари Халқ таълими вазирлиги раҳбариятига мавжуд муаммоларни ҳал қилишда ҳамда таълимни ривожлантириш бўйича замонавий усулларни қўллаш бўйича ҳамкорлик ва қўллаб-қувватлашгани учун ўз миннатдорчиликларини билдиришди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги