Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жиззахда инвестицияларни жалб қилиш масаласи муҳокама қилинди
2018-07-12 | Жамият
Жиззах вилояти ҳокимлигида Давлат инвестиция қўмитаси раиси ўринбосари С.Бекенов иштирокида ҳамда вилоят ҳокими Э.Салиев раислигида вилоят, туман ва шаҳарларда тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлили ҳамда 2018-2019 йиллар учун тасдиқланган инвестиция лойиҳалари ижросини сўзсиз таъминлаш юзасидан жорий йилнинг 1-ярим йилида амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар, мавжуд муаммолар, уларни ҳал этиш йўллари ҳамда 2-ярим йилликда амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифаларга бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
Уни вилоят ҳокими Э.Салиев олиб борди.
Йиғилишда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, шаҳар ва туманлардаги ҳокимларнинг биринчи ва инвестиция бўйича ўринбосарлари, 4 та сектор раҳбарлари, мутасадди вилоят ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек Жиззах вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти, ҳуқуқ-тартибот идоралари, хўжалик бошқаруви органлари ва бошқармалар бошлиқлари, шунингдек бир қанча ташкилот вакиллари иштирок этди.
Йиғилиш кун тартибидаги масала юзасидан вилоят ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари Улуғбек Эгамов ҳисоботи тингланди.
Хусусан, жорий йилнинг 30-31 март кунлари давлат раҳбарининг Жиззах вилоятига ташрифи якунига кўра ишлаб чиқилган 2018-2019 йилларда вилоятни комплекс ривожлантириш дастури доирасида жами 269 та йирик лойиҳалар бўйича 10,2трлн.сўм маблағлар ўзлаштирилиши ва натижада 16,4 мингга яқин янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.
Шундан:
саноат соҳасида жами қиймати 9,0 трлн.сўмлик 120 та лойиҳа доирасида 12,0 мингга яқин иш ўрни;
хизмат кўрсатиш соҳасида жами қиймати 265,8 млрд.сўмлик 74 та лойиҳа доирасида 1,0 мингга яқин иш ўрни;
қишлоқ хўжалиги соҳасида жами қиймати 804,7 млрд.сўмлик 75 та лойиҳа доирасида 3,5 мингга яқин иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Хусусан, 2018 йил жами қиймати 2,7 трлн.сўмлик 181 та лойиҳалар доирасида 6,3 мингга яқин янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.
Биргина жорий йилнинг 1-ярим йили давомида вилоят дастури доирасида жами қиймати 255,1 млрд. сўмлик 93 та лойиҳа амалга оширилиб 1,2 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Шундан 104,5 млрд. сўмлик 22 та йириклойиҳа ишга туширилди. Жумладан, саноат соҳасида 8 та, хизмат кўрсатишда 5 та ва қишлоқ хўжалигида 9 та лойиҳалар ишга тушди.
Йил якунига қадар жами қиймати 1,5 трлн.сўмлик 162 та лойиҳа ишга туширилиши ва натижада 5,8 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши белгилаб олинган. Дастур доирасида бугунги кунда 95 та лойиҳа доирасида жадал қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудларга ташрифи якунлари бўйича қабул қилинган баёнларига киритилган 2018-2019 йилларда амалга оширилиши белгиланган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига умумий қиймати 1,57 млрд.долларлик 45 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган эди. Шундан, бугунги кунда умумий қиймати 59,0 млн долларлик 7 та лойиҳа амалга оширилган бўлиб, умумий қиймати
1,21 млрд.долларлик 29 та лойиҳа кўриб чиқилмоқда, умумий қиймати 301,0 млн.долларлик 9 та лойиҳа истиқболли деб топилган.
Хорижий инвестициялар асосан Австрия, Хитой, Туркия, Латвия, Россия ва бошқа давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Хорижий ҳамкорларимиз томонидан асосан Жиззах вилоятининг бой қазилма бойликларини қайта ишлаш орқали қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳалари, чармсаноат ҳамда фармацевтика соҳаларидаги лойиҳалари амалга оширилмоқда. Жумладан, Австрия, Италия, Туркия ва Хитой ҳамкорлари билан қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда, Туркиялик ҳамкорлар билан чармсаноат соҳасида, Хитойлик ҳамкорлар билан фармацевтика соҳасидаги лойиҳалар амалга оширилмоқда.
2018 йил 1 июль ҳолатига Жиззах вилоятида 94 та хорижий капитал иштирокидаги корхоналар мавжуд бўлиб, булардан 14 та хорижий корхона ҳамда 80та қўшма корхона шаклида фаолият кўрсатмоқда. Агар 2018 йил 1 январь ҳолатига 82 та хорижий капитал иштирокидаги корхоналар рўйхатдан ўтган бўлса, ушбу кўрсаткич охирги 6 ой давомида 12 тага хорижий капитал иштирокидаги корхоналарга кўпайди. Ушбу тенденция, ўз навбатида хорижий давлатларнинг вилоятимизга қизиқиши ошганини кўрсатиб бермоқда.
Шу билан бирга, йиғилишда эришилган натижалардан ташқари йўл қўйилаётган камчиликлар, белгиланган режалардан кечга қолаётган лойиҳаларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 30-31 март кунлари Жиззах вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган йиғилиш баёни ижросини таъминлаш юзасидан ўтказилган мониторинг натижасига кўра:
- Хитой давлатининг “Голден брик капитал менежмент лимитед” компанияси билан биргаликда гўшт ва мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш билан шуғулланувчи йирик агросаноат комплекси;
- Туркия давлатининг “Gentes Yapi Ve End. Tic. Ltd St” таъсисчилигида гўштни қайта ишлаш комплексини ташкил этиш;
- Туркия давлати сармоядорлари билан ҳамкорликда ташкил этиладиган “Тайёр чарм” ва “Чарм атторлик” маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳалари бўйича ишлар суст даражада ташкил этилаётганлиги;
- “Жиззах” ЭИЗда амалга оширилаётган оптик тармоқларни қуриш учун ускуна ва аксессуарлар ишлаб чиқариш лойиҳаси, телекоммуникация ускуналарини ишлаб чиқариш лойиҳаси, видео ва IP телефон ишлаб чиқариш лойиҳалари бўйича экспорт амалга оширилмаганлиги жиддий танқид остига олинди.
Шунингдек, кун тартибидаги масалалар юзасидан Бахмал, Дўстлик, Янгиобод ҳамда Мирзачўл туманлари ҳокимларининг инвестиция бўйича ўринбосарлари ҳисоботи тингланди. Улардан хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича белгиланган топшириқлар ижроси сўралди, инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга оширилишига тўсиқ бўлган жиҳатлар, орқада қолаётган лойиҳаларни кечикиш сабаблари атрофлича муҳокама қилиниб, таҳлил қилинди.
Йиғилиш якунида Жиззах вилоятида инвестицияни қўллаб-қувватлаш бўйича яратилган имкониятлардан тўлиқлигича фойдаланилмаётганлиги яна бир бор таъкидланиб, инвестиция киритиш ишларини кескин фаоллаштириш лозимлиги, бунда вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарларининг масъулиятини ошириш, шунингдек, сектор раҳбарларининг ҳар бири ўз ҳудудига тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этишга ҳисса қўшиши зарурлиги айтилди. Инвестиция таклифларини шакллантириш, инвесторлар топиш, лойиҳалар ишлаб чиқиш, экспертиза қилиш, молиялаштириш ва амалга ошириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси