Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Депутатлар соғлиқни сақлаш вазирининг ахборотини эшитдилар
2018-07-12 | Соғлиқни сақлаш
Аввал хабар берилганидек, 5 июль куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисининг иккинчи ярмида депутатлар Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг «Соғлиқни сақлаш соҳасига оид ислоҳотлар амалга оширилишининг ҳолати тўғрисида»ги ҳамда Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг ташаббусига кўра «Мамлакатимизда ногиронликни белгилаш амалиёти ва уни такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитдилар.
Биринчи масала юзасидан берилган ахборотда таъкидланганидек, мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш, аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария, шошилинч ва тез тиббий ёрдам, ихтисослаштирилган хизматлар сифатини ошириш, арзон ва сифатли дори-дармон ва тиббий буюмлар билан таъминлаш, хусусий тиббий амалиётни ривожлантириш бўйича ибратли ишлар амалга оширилмоқда.
Ушбу соҳани ривожлантиришга, уни тубдан ислоҳ қилишга қаратилган 104 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4 та фармони, 24 та қарори ва 9 та фармойиши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 37 та қарори ҳамда 32 та фармойиши қабул қилинган.
Соғлиқни сақлаш тизими муассасаларини сақлаб туриш, ходимларга иш ҳақи тўлаш, дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш харажатларига 2018 йилда Давлат бюджетидан 9,6 триллион сўм маблағ ажратилган бўлиб, бу 2017 йилдагига нисбатан 1,4 баробар кўпдир.
Ҳисобот даврида тиббий кўриклар, жарроҳлик амалиётлари, шу жумладан, юқори технологияли амалиётлар ўтказиш мақсадида 209 нафар чет эл мутахассислари мамлакатимизга таклиф қилинган. 2017 йилнинг худди шу даврига нисбатан тиббий кўриклар сони 8723 тага, амалиётлар сони 452 тага, юқори технологияли амалиётлар сони 289 тага, чет эллардан ташриф буюрган мутахассислар сони 45 тага ошган.
Соғлиқни сақлаш вазири ўз ахборотида соҳада амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, ҳали ўз ечимини кутаётган қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлигига ҳам тўхталиб ўтди. Хусусан, тез тиббий ёрдам хизмати ва соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғини муассасаларининг, амбулатория-поликлиника ва стационар тиббий ёрдам кўрсатувчи муассасаларнинг ўзаро интеграцияси талаб даражасида йўлга қўйилмаган. Айрим тиббий хизматлар, жумладан, тез тиббий ёрдам ҳамда патронаж тизимидаги хизматлар бир-бирини такрорлаб келмоқда.
Ҳудудларда аҳолини, айниқса, ёлғиз, кекса, ногиронлиги бўлган, сурункали касалликларга чалинган шахсларни, бўлажак оналар ва болаларни патронаж хизматлари билан тўлиқ қамраб олиш борасидаги ишлар талаб даражасида эмас.
Тез тиббий ёрдам хизмати бригадалари ҳамда автомобиллари замонавий рақамли радиоалоқа воситалари (рациялар) ва GPS-навигация тизимлари билан ҳанузгача тўлиқ жиҳозланмаган.
Вазирнинг ахбороти якунида депутатлар ушбу масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирдилар. Жумладан, патронаж тизимининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва уни амалга ошириш механизмларини соддалаштириш, қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини пухта ва самарали уюштириш учун улар фаолиятининг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, касалликларнинг олдини олиш мақсадида тиббиёт соҳасида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ижтимоий шерикликни кучайтириш лозимлиги қайд этилди. Шунингдек, хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини фаоллаштириш ва тармоғини кенгайтириш учун қулай шароитлар яратиш, соғлиқни сақлаш соҳасидаги хусусий секторнинг барқарор ривожланишига ғов бўлаётган сунъий тўсиқларни бартараф этиш ҳам тизимдаги муаммолар ечимига хизмат қилиши айтиб ўтилди.
Қонунчилик палатаси депутатларининг жорий йил апрель ойида жойларга чиқиб ўрганишлари давомида мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 8 августда қабул қилинган «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида ўтказилган суҳбатлар жараёнида ногиронликни белгилашга тааллуқли қатор масалалар мавжудлиги аниқланиб, бу борада соғлиқни сақлаш вазирининг ахборотини эшитиш таклифи билдирилган эди.
Шу муносабат билан вазирнинг ушбу масала юзасидан берган ахборотида таъкидлаб ўтилганидек, ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, республикада ногиронликни белгилаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинди, бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ қилинди.
Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 2018 йилнинг 9 мартида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.
Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббий-меҳнат экспертиза хизмати тизимида Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси, 14 та Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари, 5 та туман, 70 та туманлараро, 4 та шаҳар ва 14 та ихтисослаштирилган тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари фаолият юритмоқда.
2018 йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар натижасида 16 ёшдан ошган ва ногиронлиги бўлган шахслар 582,4 минг нафарни ташкил этиб, 12,4 минг нафар фуқарога бирламчи ногиронлик белгиланган.
Ногиронликни асосли белгилашни таъминлаш мақсадида Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси ва Бош тиббий-меҳнат экспертизаси хизмати томонидан икки поғонали назорат ўтказиш йўлга қўйилиб, бирламчи ногиронлик белгиланган 8 минг нафар шахсларнинг (64,5 фоиз) кўрик ишлари ўрганиб чиқилиб, улардан 2,5 мингга яқини қайта назорат кўригидан ўтказилди ҳамда 13 нафари шахсга оид тиббий-меҳнат экспертизаси комиссияларининг хулосалари ўзгартирилди.
Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликлар тарқалишининг, ногиронликнинг олдини олиш ҳамда республика аҳолисига ихтисослаштирилган юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида замонавий диагностика ва даволаш ускуналари билан жиҳозланган ҳамда малакали кадрлар билан таъминланган 10 та Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, барча вилоятларда кўп тармоқли болалар тиббиёт марказлари ташкил қилинди.
Ирсий ва туғма нуқсонли ногирон болаларнинг туғилишини олдини олиш, болаликдан ногиронлик ҳолатларини камайтириш мақсадида бугунги кунда республиканинг 11 та ҳудудида «Она ва бола» скрининг марказлари ташкил этилиб, уларда наслий ва туғма касалликларга чалиниш хавфли гуруҳига мансуб оилалар тиббий-генетик текширувидан ўтказилиб, ногирон болалар туғилишининг олди олинмоқда.
Шу билан бирга, вазир ушбу йўналишдаги айрим камчиликларга ҳам тўхталиб, ҳозирги кунда республикада Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази, 10 та ҳудудий Реабилитация марказлари фаолият юритиб келаётгани, аммо Бухоро, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида реабилитация марказлари ҳозиргача мавжуд эмаслигини таъкидлаб ўтди. Бундан ташқари, 2018 йилнинг биринчи чорагида Тиббий-меҳнат экспертизаси комиссиялари томонидан 2049 нафар ногиронлиги бўлган шахсларга ишга жойлашиш учун йўлланма берилган бўлса-да, шундан Бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан бор-йўғи 248 нафари (12,1 фоиз) ишга жойлаштирилган, холос.
Муҳокамалар чоғида депутатлар тиббий-меҳнат экспертиза жараёнининг шаффофлигини таъминлаш, сансалорликка йўл қўймаслик, ҳужжатларнинг ишлаш механизмини янада соддалаштириш, ногиронликка оид масалаларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини танқидий қайта кўриб чиқиб, мазкур масалаларни қамраб олувчи ягона ҳужжат қабул қилиш, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббий-меҳнат экспертиза комиссиялари ва даволаш-профилактика муассасаларининг диспансер назоратидаги беморларни мақсадли даволаш орқали ногиронликнинг олдини олиш борасида ҳамкорлик фаолиятини янада кучайтириш мақсадга мувофиқ эканини алоҳида таъкидладилар.
Муҳокамалар якунларига кўра ҳар иккала масала юзасидан Қонунчилик палатасининг тегишли қарорлари қабул қилинди. Уларда соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган аниқ топшириқлар белгиланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги