“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси томонидан янги стратегик лойиҳа – “2018-2020 йилларда хотин-қизлар учун бизнес таълим тизимини такомиллаштириш” дастури ишлаб чиқилди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил иқтисодий ислоҳотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, хусусан, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги чора-тадбирлар хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий фаоллигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Афсуски, бу каби имкониятлардан мақсадли фойдаланмай, тадбиркорлик асослари, бошқарув тизимини тўлиқ англаб етмасдан, кредит маблағларини тўғри йўналтирмай бизнеси касодга учраётган, ўзлари ҳам оғир психологик ҳолатга тушиб қолаётган хотин-қизлар ҳам кўплаб учраб турибди.
Хотин-қизларни тадбиркорлик асосларига ўқитиш лозимлиги ҳақида ниҳоятда кўп гапирилади, турли ташкилотлар томонидан бизнес маълумотларини берувчи қисқа муддатли тренинглар ўтказилади. Мутасадди ташкилотлар аёлларни бизнесга ўргатишни ҳамкорликда ўтказамиз, деган мақсад билан дабдабали қўшма қарорлар қабул қилиб, бўлиб ўтган тренинглар бўйича ҳисоботлар тайёрламоқда ва ҳоказо...
Уларнинг сифат ва самаралари қандай? Ўқув дастурлари борми, бор бўлса ким томонидан тасдиқланган? Ушбу ўқув дастурлари доирасида ҳақиқатда неча нафар хотин-қиз ҳақиқий корхоналар очди, қанча даромад қилди, қанча иш ўрни яратилди? Бу саволларга кўп ҳолларда, афсуски, жавоб йўқ.
Бугунги кунда мамлакатимизда аёллар тадбиркорлиги ривожланишига тўсқинлик қилаётган муаммолардан бири – иш билан банд бўлмаган хотин-қизлар учун бизнес таълими тизими самарасининг пастлигидир. Хусусан, аёлларимизнинг турмуш тарзи, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги роли ва миллий менталитетимизга мутаносиб ёндашувнинг йўқлиги сабабли ҳам тақдим этилаётган бизнес таълими кутилган натижаларни бермаяпти.
Ушбу муаммони ҳал этиш учун айнан хотин-қизларга хос бўлган тадбиркорлик йўналишларини ривожлантиришга қаратилган таълим дастури, дастурдан кейинги қўллаб-қувватлаш механизмини ўз ичига олган чора-тадбирлар мажмуасидан иборат яхлит тизим ташкил этиш лозим.
Айнан шу чора-тадбирлар мажмуасини ўзида мужассам этган таълим тизими иш самарасини таъминлайди, янги барқарор иш ўринлари яратилишига омил бўлиб, айниқса, қишлоқ жойларда хотин-қизларга хос бўлган нохуш ижтимоий ҳодисалар рўй бериши олдини олади, аёлларнинг ҳаётга қизиқишини орттириб, ўз қобилиятини намоён қилишига имкон беради.
“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси ўзининг 27 йиллик фаолияти давомида юзлаб бизнес таълим дастурларини амалга оширди. Аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришда катта тажриба мактаби яратилди. Жамиятимиз хусусиятлари ҳисобга олинган катталар учун бизнес таълим методикаси ишлаб чиқилди, малакали маҳаллий бизнес тренерлар тайёрланди, устозлар, экспертлар гуруҳлари шаклланди. Энг муҳими, маҳаллий хотин-қизлар томонидан ассоциациянинг ўқув дастурларига ишонч пайдо бўлди.
Яна бир муҳим жиҳат – бизнес таълим бераётган бошқа ташкилотлар фаолиятидан фарқли ўлароқ, ассоциация томонидан ўтказилаётган бизнес-тренинг, семинар ва бошқа ўқув дастурлари хотин-қизлар томонидан бошланган ёки ривожланаётган тадбирколик фаолияти жараёнида бизнес маслаҳатлар бериш, жиҳозлар, ҳамкорлар топиш, кредит олиш, капитални самарали бошқариш, ишлаб чиқарилган маҳсулотни сотиш каби хизматларни кўрсатиш билан бирга, тадбиркор аёлларнинг маънавий савиясини ошириб бориш каби фаолиятлар билан муштаракликда олиб борилди.
Натижада, тақдим қилинган ўқув дастурларидан катта кўрсаткичли фойдалилик коэффициентига эришилган – 43000 нафар бизнесга ўқитилган хотин-қизнинг 75 фоизи ўзларининг бизнес фаолиятини бошлаган. Ассоциация ўқув дастурларидаги иштирокчилар томонидан 130000 та янги иш ўрни яратилган.
Кўп йиллик тажриба ва бугунги кундаги салоҳиятни ҳисобга олган ҳолда «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси хотин-қизлар учун бизнес асослари бўйича комплекс ўқув-информацион дастурини амалга ошириш таклифи билан Ҳукуматимиз раҳбариятига мурожаат этди. Ушбу лойиҳанинг номи “2018-2020 йилларда хотин-қизлар учун бизнес таълим тизимини такомиллаштириш" дастури.
Лойиҳа дастури тўртта ўқув модулларини қамраб олади – “Бизнесни режалаштириш ва молиявий саводхонлик”, "Бизнесни самарали бошқариш”, "Рақобатбардошлик ва маҳсулотни бозорга муносиб тақдим этиш”, "Тадбиркорлик фаолиятини юритиш: аёл, оила, бизнес, урф-одат ва замонавийлик”. Лойиҳа тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан яқин ҳамкорликда амалга оширилади.
Ушбу лойиҳага мамлакатимизнинг 180 та туман ва шаҳри қамраб олиниши кўзда тутилган.
Лойиҳа амалга ошадиган бўлса, 78000 нафар хотин-қизга бизнес асослари бўйича кўникма ва амалий ёрдам берилади, 50000 та янги иш ўрни яратилади, қишлоқ жойларида қийин ижтимоий аҳволдаги хотин-қизлар иш билан таъминланиб, салоҳиятларини даромад келтирувчи фаолиятга йўналтириш ҳисобига уларга психологик ва иқтисодий ёрдам кўрсатилади.
Шу нуқтаи назардан лойиҳанинг аҳамияти мамлакатимизда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, янги иш ўринлари ташкил этишда жуда муҳим бўлиб мамлакатимиз тадбиркор аёллари ассоциацияси ушбу лойиҳа Ҳукуматимиз томонидан қўллаб-қувватланишига умид қилиб қолади.
Манба: ЎзА