Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Бухоро-Агро” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
2018-07-11 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ташқи бозорларда талаб катта бўлган, юқори қўшилган қийматли рақобатбардош маҳсулотлар етиштиришни таъминлайдиган замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил этишга хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш учун қулай шароитларни шакллантириш, шунингдек, Бухоро вилоятининг ишлаб чиқариш ҳамда ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланиш, шу асосда янги иш ўринлари ташкил этиш ҳамда аҳоли даромадларини ошириш мақсадида:
1. Бухоро вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХКнинг Бухоро вилоятида “Бухоро-агро” эркин иқтисодий зонасини (кейинги ўринларда “Бухоро-агро” ЭИЗ деб юритилади) 1-иловага мувофиқ ҳудудлар чегаралари доирасида ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Бухоро вилояти ҳокимлиги:
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда “Бухоро-агро” ЭИЗ таркибига киритиладиган ер майдонларининг чегаралари аниқ белгиланишини ва ерларнинг белгиланган тартибда ажратилишини таъминласин;
манфаатдор идоралар билан биргаликда илғор технологияларни қўллаган ҳолда замонавий иссиқхоналар қуриш учун конструкциялар ва жиҳозлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган маҳаллий корхоналар ташкил этиш чораларини кўрсин.
3. Қуйидагилар “Бухоро-агро” ЭИЗнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:
замонавий иссиқхона хўжаликларини, жумладан, гидропоника технологияларини қўллаган ҳолда, кластер усули асосида ташкил этиш учун тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар жалб этиш, шунингдек, замонавий энергия тежовчи иссиқхоналар қуриш учун конструкциялар, жиҳозлар ва бошқа бутловчи буюмлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш;
ҳудуднинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланиш асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш, қайта ишлашни чуқурлаштириш ва уларнинг экспорт ҳажмини ошириш;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг уруғдан то маҳсулотни бозорга етказиб беришгача бўлган тўлиқ жараёнини ташкил этишни рағбатлантириш;
кўчатзорлар, шунингдек, бирламчи уруғчиликни ташкил этиш учун шароитлар яратиш орқали иссиқхона хўжаликларини талаби катта, юқори ҳосилдорликка эга бўлган қишлоқ хўжалиги экинлари уруғ ва кўчатлари билан таъминлашнинг самарали механизмларини жорий этиш;
логистика хизматлари кўрсатишнинг замонавий инфратузилмасини шакллантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш субъектларига улар томонидан етиштирилган маҳсулотлар экспортини ташкил этишда кўмаклашиш;
иссиқхона хўжаликларини ташкил этишда замонавий ресурс тежовчи технологияларни, муқобил иссиқлик энергиялардан фойдаланишни кенг жорий этиш;
ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва маркировка қилиш бўйича халқаро стандартларга мувофиқ илмий-ишлаб чиқариш марказлари ташкил этиш ва уларнинг хулосалари халқаро даражада эътироф этилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўриш;
иссиқхона хўжаликлари соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашда, жумладан, улар томонидан “Бухоро-агро” ЭИЗ ҳудудида фаолият юритаётган корхоналарда ишлаб чиқариш амалиётини ўташда иштирок этиш.
4. Белгилаб қўйилсинки:
“Бухоро-агро” ЭИЗ таркибига киритилган ер майдонлари Бухоро вилояти Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашининг бевосита тасарруфида бўлади;
“Бухоро-агро” ЭИЗнинг фаолият кўрсатиш муддати у ташкил этилган кундан бошлаб, мазкур муддатни кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил қилади;
“Бухоро-агро” ЭИЗнинг фаолият кўрсатиши муддати мобайнида унинг ҳудудида алоҳида солиқ ва божхона режимлари амал қилади;
“Бухоро-агро” ЭИЗ иштирокчиси мақоми Бухоро вилояти Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашининг қарори билан берилади.
5. Бухоро вилояти Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши:
а) бир ой муддатда “Бухоро-агро” ЭИЗ дирекциясини ва унинг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирларини кўрсин;
б) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК ва тижорат банклари билан биргаликда:
“Бухоро-агро” ЭИЗ ҳудудида лойиҳалар амалга ошириш учун тадбиркорлик субъектлари жалб этилишини, улар билан тизимли ишлар олиб борилишини, шунингдек, лойиҳаларни “Бухоро-агро” ЭИЗ ҳудудига жойлаштириш бўйича инвестицион буюртмаларнинг сифатли ва ўз вақтида кўриб чиқилишини;
тадбиркорлик субъектларига “Бухоро-агро” ЭИЗ ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилаётган инвестиция лойиҳаларининг бизнес-режаларини ишлаб чиқишда кўмаклашишни таъминласин.
6. “Бухоро-агро” ЭИЗ дирекцияси эркин иқтисодий зонанинг бутун фаолият кўрсатиши даврида асосий фаолият тури бўйича солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинсин.
7. “Бухоро-агро” ЭИЗ қатнашчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 26 октябрдаги “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–4853-сон Фармонининг 3, 4 ва 5-бандлари қоидалари татбиқ этилсин.
8. “Бухоро-агро” ЭИЗ ҳудудида замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил этишга доир тадбирларни мувофиқлаштириш ва амалга оширишга кўмаклашиш бўйича комиссия таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Комиссиянинг (С.Холмуродов) асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
мазкур қарорда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш бўйича масъул ижрочилар фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, ушбу тадбирларнинг самарали, сифатли ва ўз вақтида бажарилишини ташкил этиш;
“Бухоро-агро” ЭИЗ ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳаларни молиялаштириш учун хорижий инвестицияларни, донор мамлакатларнинг, халқаро молия институтларининг кредитлари ва грантларини жалб этиш;
“Бухоро-агро” ЭИЗ ҳудудида лойиҳалар амалга ошириш учун хорижий ва маҳаллий инвесторлар излашга ҳамда жалб этишга кўмаклашиш, улар билан музокаралар олиб бориш, шунингдек, уларга ўз фаолиятини ташкил этишда зарур ёрдам ва кўмак кўрсатиш.
9. Белгилансинки, “Бухоро-агро” ЭИЗ ҳудудида амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштириш халқаро молия институтлари, лойиҳа ташаббускорлари маблағлари, жумладан, тўғридан-тўғри инвестициялар, шунингдек, тижорат банклари кредитлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Бунда лойиҳа ташаббускорининг лойиҳани амалга ошириш учун жалб этилаётган ўз маблағлари миқдори тегишли лойиҳа умумий қийматининг 25 фоизидан кам бўлиши мумкин эмас.
10. “Бухоро-агро” ЭИЗ ҳудудида ташкил этилган корхоналарга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 январдаги “Озиқ-овқат, чарм-пойабзал ва фармацевтика саноатида инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш манбаларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–2718-сон қарорида белгиланган кредитлар тақдим этиш тартиби ва шартлари татбиқ этилиши белгилансин.
12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ, “Асака” АТБ ва бошқа тижорат банкларига лойиҳа ташаббускорларида гаров таъминоти етарли бўлмаган ёки мавжуд бўлмаган ҳолларда уларга технологик ускуналарни лизинг асосида харид қилиш имкониятини бериш тавсия этилсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ “Бухоро-агро” ЭИЗ дирекцияси билан биргаликда “Бухоро-агро” ЭИЗ ҳудудини, шунингдек, унинг иштирокчилари ишлаб чиқариш майдонларини ташқи йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан кафолатли таъминласин.
14. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги:
Қурилиш вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, Бухоро вилояти ҳокимлиги билан биргаликда уч ой муддатда “Бухоро-агро” ЭИЗ ҳудудида транспорт, ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш дастурини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда ҳар йили Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастури параметрларини шакллантиришда “Бухоро-агро” ЭИЗнинг белгиланган тартибда тасдиқланган бош режаси асосида транспорт, ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш учун капитал қўйилмалар лимитларини ҳамда зарур марказлаштирилган инвестициялар ажратилишини назарда тутсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ва Бухоро вилояти ҳокимлигининг:
Бухоро вилояти ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясини “Бухоро-агро” ЭИЗнинг бош режасини ишлаб чиқиш, шунингдек, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича буюртмачи этиб;
“Қишлоқ қурилиш лойиҳа” МЧЖни “Бухоро-агро” ЭИЗнинг бош режасини ишлаб чиқиш бўйича бош лойиҳалаш ташкилоти этиб белгилаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
16. Бухоро вилояти ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси “Қишлоқ қурилиш лойиҳа” МЧЖ билан биргаликда икки ой муддатда “Бухоро-агро” ЭИЗнинг бош режаси лойиҳаси ишлаб чиқилишини ҳамда Бухоро вилояти Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши билан келишилган ҳолда белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритилишини таъминласин.
17. Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, Давлат божхона қўмитаси Бухоро вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда “Бухоро-агро” ЭИЗ иштирокчиларига ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатиш учун логистика марказларини ҳамда божхона постларини қуриш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
18. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:
Ўзбекистон Республикасининг Туркия Республикаси, Корея Республикаси, Германия Федератив Республикаси, Испания Қироллиги, Исроил давлати, Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикасидаги элчихоналар ҳамда республиканинг хорижий давлатлардаги бошқа дипломатик ваколатхоналари зиммасига “Бухоро-агро” ЭИЗ ҳудудида лойиҳалар, жумладан, замонавий энергия тежовчи иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш бўйича лойиҳалар амалга ошириш учун хорижий инвесторлар, шунингдек, хорижий кредит линияларини жалб этишга кўмаклашиш мажбуриятини юкласин;
Бухоро вилояти ҳокимлигининг буюртмаларига биноан “Бухоро-агро” ЭИЗ ҳудудида яратиладиган замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш бўйича ишга жалб қилинадиган хорижий мутахассислар учун кириш визалари консуллик ҳамда бошқа йиғимлар ундирилмасдан, белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.
19. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Бухоро вилояти ҳокимлигининг буюртмаларига биноан “Бухоро-агро” ЭИЗ ҳудудида яратиладиган замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш бўйича ишга жалб қилинадиган хорижий мутахассисларга давлат божлари ундирилмасдан кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш жойида вақтинчалик рўйхатдан ўтказилиши ҳамда вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.
20. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Бухоро вилояти ҳокимлигининг буюртмаларига биноан “Бухоро-агро” ЭИЗ ҳудудида ташкил этиладиган корхоналарда, жумладан, иссиқхона хўжаликларида ишлаш мақсадида республикага хорижий мутахассисларни жалб этиш учун белгиланган тартибда рухсатномалар берилишини (муддати узайтирилишини), шунингдек, уларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.
21. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:
а) Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК, “Энергия тежаш миллий компанияси” АЖ билан биргаликда икки ой муддатда замонавий энергия тежовчи иссиқхона комплексларини (иссиқхоналарни) улар жойлашган ҳудуднинг (жойнинг) ўзига хос хусусиятларидан, иссиқхонанинг ихтисослашувидан ҳамда иссиқхона хўжалиги самарадорлигига таъсир этувчи бошқа омиллардан келиб чиққан ҳолда мақбул шароитларда ташкил этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқсин;
б) Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Тошкент давлат аграр университети билан биргаликда:
бир ой муддатда иссиқхона хўжаликлари раҳбарлари ва мутахассислари учун иссиқхона хўжаликларини бошқариш, жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда экспорт қилиш масалалари юзасидан туркум ўқув семинарларини ташкил этсин;
замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ва ривожлантириш соҳасидаги илмий-тадқиқот ишларини ҳамда инновацион ишланмаларни рағбатлантириш, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг мазкур йўналишдаги илғор тажрибаси асосида мутахассисларнинг малакасини оширишни ташкил этиш чораларини кўрсин.
22. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси, Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда иссиқхона хўжаликларида энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги ва оқилоналигини ўрганиш мақсадида уларни жойига чиққан ҳолда вилоятлар ва туманлар (шаҳарлар) кесимида атрофлича инвентаризациядан ўтказсин, унинг натижалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига мазкур йўналишдаги ишларни такомиллаштириш бўйича таклифлар билан бирга ҳисобот киритсин.
23. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
24. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари С.Р.Холмуродов, З.Т.Мирзаев ва Бухоро вилояти ҳокими Ў.И.Барноев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2018 йил 10 июль
Манба: ЎзА