Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон аллергияни даволашда Марказий Осиёда етакчига айланади!
2018-07-09 | Соғлиқни сақлаш
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги етакчи Европа фармацевтика компанияларидан бири бўлган Inmunotek компанияси билан музокаралар олиб бормоқда. Инновация вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва Inmunotek компаниясининг халқаро муносабатлар бўйича директори Хосе Ибарсена узоқ муддатли ҳамкорлик масаласини муҳокама қилдилар. Музокараларда, шунингдек, Молекуляр аллергология ва иммунология бўйича университетлар халқаро тармоғи вице-президенти Виктория Гариб ҳам иштирок этди.
Халқаро молекуляр аллергология маркази билан ҳамкорлик 4 та йўналишда олиб борилиши кўзда тутилмоқда:
– аллергология ва иммунология соҳасидаги шифокорлар учун таълим дастури;
– аҳолини хабардор қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш;
– катталар ва болаларда экологик аллергияни даволашга мўлжалланган сифатли маҳсулотлар тақдим этиш;
– мазкур мақсадларда юқори сифатли фармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқиш мақсадида “йўл харитаси” ишлаб чиқиш.
Сўнгги ўн йиллар ичида кўплаб мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам аллергик касалликларнинг кўпайиши кузатилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти аллергияни сурункали тарзда кечадиган олтита энг кўп учрайдиган касалликлар рўйхатига киритган.
Ўз навбатида, ҳукуматимиз томонидан мамлакатимиздаги болалар ва катталар респиратор аллергия касалликларнинг сони ошиб бораётганини тасдиқловчи статистик маълумотлардан келиб чиққан ҳолда бу борада аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Inmunotek билан шартномага кўра, энди юртимизда респиратор аллергия учун перорал ва инъекцион фармацевтик препаратлар ишлаб чиқилади. Мазкур давлат лойиҳасининг мақсади – фарзандларимиздаги нафас йўллари касалликларининг оқибатлари билан боғлиқ муаммоларни 50 фоизга қисқартиришдир.
Шунингдек, Ўзбекистонда илк бора аллергияга қарши эмлаш амалиётини жорий қилиш ҳам назарда тутилган. Эмлаш сурункали ва ўткир аллергияда оддий дори воситалари ёрдам бермаганида амалга оширилади. Бунда аллергия чақирадиган модда экстракти инъекция орқали тери остига юборилади. Биринчи марта юборилган модданинг миқдори аллергик реакция чақирмаслиги учун жуда кам миқдорда бўлади, кейинчалик унинг миқдори аста-секинлик билан ошириб борилади. Одатда, оптимал доза ҳар 6-8 ҳафта оралиғида 3-5 йил давомида юборилади.
Вакцинация аллергия аломатларини сусайтириб, аллергияга мойил одамларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга, дорилардан кам фойдаланишга қодир самарали даволаш шакли эканлиги ривожланган мамлакатларда исботланган. Бу аллергияга мойил инсонларни кейинчалик астма касалига дучор бўлмасликларининг олдини олувчи ишончли восита ҳисобланади.
Вакциналарни импорт ўрнини босадиган юқори сифатли дори воситалари ишлаб чиқарувчи «Laxisam Pharmaceuticals» корхонаси билан ҳамкорликда яратиш келишилди. Ижтимоий аҳамиятга эга бўлган сифатли дори-дармонларни харидоргир нархларда истеъмолчиларга етказиб беришни йўлга қўйган мазкур корхона GLP/GMP стандартига мос вакциналарни ишлаб чиқаришга шай.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги