Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ижтимоий ҳимояга оид қонун лойиҳалари муҳокамада
2018-07-05 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда қўмита аъзолари, Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари, эксперт гуруҳи аъзолари, мутасадди вазирлик ва идораларнинг масъул раҳбар ва ходимлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда таъкидланганидек, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган вазифаларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш бўйича қатор қонун лойиҳалари ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатасида кенг муҳокама қилинмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган ҳамда Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасида кўриб чиқилаётган “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимчалар ва ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам шулар жумласидан бўлиб, мазкур ҳужжат фуқароларнинг пенсия таъминотига бўлган ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашни кўзда тутади.
Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2017 йил 28 декабрдаги меҳнат фаолиятини амалга оширувчи айрим алоҳида тоифадаги пенсионерларга мақбул шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳаси алоҳида тоифадаги I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга имтиёзли пенсиялар тайинлаш, шунингдек, пенсиялар тўғри тайинланганлиги ва тўланиши борасида ўтказилаётган текширишлар натижасига кўра, аниқланган ортиқча тўловларни пенсиялардан ушлаб қолиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган.
Йиғилишда қўмита томонидан иккинчи ўқишга тайёрланаётган қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан сиёсий партиялар фракциялари вакиллари қатор таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Жумладан, мунозаралар вақтида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари томонидан қонун лойиҳаси партия дастурий мақсад ва вазифаларига тўла мос келиши, шунингдек, давлатимиз томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга ҳамоҳанглиги айтиб ўтилди.
Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи аъзолари мазкур қонун лойиҳасида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатларга мувофиқ алоҳида тоифадаги I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга имтиёзли шартларда ёшга доир пенсия тайинлаш белгиланганлигини тўлиқ қўллаб-қувватлашларини маълум қилдилар.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси аъзолари қонун лойиҳасининг айрим нормаларига эътироз билдириб, унинг моддаларига киритилаётган қўшимчалар асослантирилмаганини таъкидлаб ўтдилар. Шунингдек, имтиёзли пенсияга чиқишга эга бўлган алоҳида шахсларнинг рўйхати ҳукуматнинг қарори билан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ амалга оширилиши тўғрисидаги қоидалар ҳаволаки нормаларда баён этилгани, уларни айнан мана шу қонун лойиҳасида акс эттириш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши келажакда ногиронлиги бўлган шахсларни ҳам ижтимоий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши, шу боис, унинг нормаларида акс эттирилаётган имтиёзлар ҳаётийлигини таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилишда қўмитада иккинчи ўқишда кўриб чиқилаётган ногиронларнинг ижтимоий ҳимояси, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашни назарда тутувчи яна иккита қонун лойиҳаси ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Қизғин баҳс ва мунозараларга бой тарзда ўтган йиғилиш сўнгида муҳокама қилинган қонун лойиҳалари юзасидан фракциялар ва депутатлар бирлашмалари томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда қўмита томонидан уларни мутахассислар билан биргаликда яна бир бор кўриб чиқиш белгилаб олинди.
Н.Усмонова, ЎзА
Манба: ЎзА