Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси ҳамда Республика сатира театри ҳамкорлигида “Ёшлар – келажак бунёдкори” мавзуида маданий-маърифий тадбир ўтказилди.
Унда маданият арбоблари, таниқли ижодкорлар, санъат вакиллари, профессор-ўқитувчилар, академия курсантлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, халқимиз, айниқса, ёшларимизга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор туфайли уларнинг иқтидор ва салоҳияти тўла қўллаб-қувватланаётгани ҳамда рағбатлантирилаётганини алоҳида таъкидлади.
Тадбир давомида Ички ишлар вазирлиги академияси томонидан Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган “Энг яхши шеър”, “Энг яхши мақола”, “Энг яхши ҳикоя” кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди. Танлов ғолибларига диплом ва эсдалик совғалар топширилди.
Республика сатира театри ижодкорлари ҳамда академия бадиий ҳаваскорлик жамоаси аъзоларининг чиқишлари ва янгича талқинда саҳналаштирилган “Аршин мололан” спектаклининг намойиши иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Г.Бобоева, ЎзА
Манба: ЎзА