Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Икки томонлама муносабатларда бошланган янги давр

2018-07-04 | Жамият

АҚШда ҳар йили 4 июль санасида Мустақиллик куни (Independence Day) нишонланади. 

1976 йилнинг 4 июлида АҚШ Мустақиллик Декларацияси қабул қилинган. Шу санада эркин ва мустақил мамлакат сифатида Қўшма Штатлар пайдо бўлган кун сифатида байрам қилинади. Кўплаб америкаликлар бу кунни оддийгина қилиб – “Тўртинчи июль” сифатида байрам қилишади. Байрам муносабати билан мушакбозликлар, парадлар, карнаваллар, ярмаркалар, концертлар ва бошқа оилавий тадбирлар ўтказилади, сиёсатчилар халққа мурожаат билан чиқишади. Бир сўз билан айтганда, мустақиллик куни – бу АҚШнинг миллий байрамидир. 
 
Миллий байрам муносабати билан АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Памела Спратлен хоним Тошкентда қабул маросими ўтказди. Америка Қўшма Штатлари мустақиллигининг 242 йиллигини нишонлаш учун уюштирилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов, Ўзбекистон ҳукумати ва жамиятининг барча қатламларини намоён этувчи меҳмонлар, дипломатик корпус вакиллари, журналистлар иштирок этди.
 
АҚШ элчиси Памела Спратлен хоним ўз нутқида Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон ўртасидаги тобора кенгайиб бораётган ҳамкорлик мавзусига тўхталиб ўтар экан, “икки томонлама муносабатларимизда дарҳақиқат “янги давр”ни бошладик”, дея алоҳида таъкидлаб ўтди.
 
У ўз сўзида бу тадбир АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида ўзи иштирок этадиган эҳтимол охирги расмий тадбирларнинг бири эканлигини эслатиб ўтар экан, куни кеча Президент Д.Трамп АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси этиб Даниел Розенблум номзодини кўрсатиш нияти ҳақида эълон қилганини билдирди. 
 
“Вақт ўтиб борар экан, мен уч йил аввал келган мамлакатдан бугун анча фарқ қиладиган Ўзбекистонда туриб сизга мурожаат қилмоқдаман. 2015 йили январ ойида Ўзбекистонга келгач, мени Биринчи Президент Ислом Каримов самимий қабул қилиши анча енгиллик яратди, аммо икки томонлама сиёсатда жиддий масалалар турарди. Биргаликда ўтказган ушбу вақт мобайнида биз икки мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янгиладик ва қайта жонлантирдик, ва бу ҳол Президент Мирзиёев ва Президент Трампнинг ўтган ойда Вашингтонда бўлиб ўтган тарихий учрашувида ўз аксини топди”, деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси. Унинг фикрича, мазкур учрашув АҚШнинг Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига бўлган қатъий мажбуриятини яна бир бор тасдиқлади. “Президент Трамп Президент Мирзиёевнинг серғайрат раҳбарлигидаги муҳим сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар борасида Ўзбекистонда олиб борилаётган улкан ютуқларга бўлган ҳурматини изҳор этди. Биз Президент Мирзиёевнинг Ўзбекистондаги жараёнлар ортга қайтмайди, деган баёнотини ва Ўзбекистон халқи манфаатларини ҳимоя қилиш энг устувор вазифа, деб таъкидлаганини олқишлаймиз”, дея сўзини давом эттирди элчи Памела Спратлен хоним.
 
АҚШ дипломатининг сўзларига қараганда, одил бошқарув, суд ислоҳоти ва қонун устуворлиги, иқтисодий либераллаштириш ва ижтимоий тараққиётни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳаракатлар стратегияси миллий янгиланишни бошлаб юборди ва глобал эътирофга сазовор бўлди. Ўзбекистоннинг яхши қўшничилик сиёсати унинг Марказий Осиёда барқарорлик ва фаровонликни таъминлашдаги муҳим ролини оширмоқда. Ўзбекистон олиб бораётган ташаббус ҳамкорликни мустаҳкамлашга, оғир дамларда елкадош бўлишга ва минтақавий хавфсизлик масалаларини ҳал этишга, шу жумладан, Афғонистонда барқарорликни таъминлашга қаратилган. Бу ташаббус доирасида аввал ноябр ойида Самарқандда бўлиб ўтган конференция, сўнг Афғонистон бўйича Тошкентда март ойида конференция ўтказилди. Президент Трамп Ўзбекистоннинг ушбу муҳим мулоқотдаги марказий ролини эътироф этди ва Қўшма Штатларнинг C5+1 минтақавий формати орқали ҳамкорлик ва ривожланишга кўмак беришини ўз зиммасига олди. 
 
“Инсон ҳуқуқлари каби муҳим соҳада биз яқинда кўплаб маҳбусларнинг озод қилинишини, болалар меҳнатидан систематик тарзда фойдаланиш ҳолларига чек қўйишни ва мажбурий меҳнат кўламини камайтириш борасидаги сезиларли ютуқларни олқишлаймиз”, дея қайд қилди АҚШ элчиси.
 
Куни кеча Давлат котиби Помпео Одам савдоси бўйича йиллик ҳисоботни эълон қилди. “Олдинда ҳали қилиниши керак бўлган кўп иш бор, аммо биз Ўзбекистоннинг улкан ютуқларини эътироф этамиз. Шуни маълум қилишдан мамнунманки, Ўзбекистон ушбу ҳисоботдаги иккинчи назорат поғонасига кўтарилган. Бизнинг кенг қамровли муштарак ишимиз доирасига хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик киради. Жумладан, Ўзбекистон ҳарбийлари малакасини ошириш ҳамда халқаро жиноий гуруҳлар ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамкорлик олиб бормоқдалар”, деди Американинг Ўзбекистондаги элчиси.
 
Унинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар янада жўшқин қишлоқ хўжалигини яратиш, савдо, иқтисодий ўсиш, қонун устуворлигини кенгайтириш ва юқумли касалликларга қарши курашиш йўлида яқиндан ҳамкорлик қилмоқдалар.
 
“Халқларимиз орасидаги бевосита алоқаларимиз негизи бўлмиш таълим ва маданият соҳасидаги ҳамкорликдан мен ғоят мамнунман. “Америка овози” ва Хьюман Райтс Уотч каби ташкилотларнинг Ўзбекистонга келиши қувонарлидир. Америка Таълим Кенгашларининг яқин орада таълим соҳасидаги ҳамкорлигимизни янада юксак даражага кўтаради. Бошқа ташкилотлар ҳам уларнинг изидан келишини кутиб қоламиз. Маданий алмашинувимизда биз муштарак умумбашар қарашларга эга эканлигимиздан қувонамиз”, деди Памела Спратлен хоним.
 
Шу билан бирга унинг “янгиланаётган иқтисодий ҳамкорлигимизнинг белгиси сифатида АҚШ ва Ўзбекистон Президенти Мирзиёевнинг Вашингтонга ташрифи чоғида қарийб 5 миллиард долларлик 20 дан ортиқ йирик бизнес битимларини имзоладилар”, деган сўзлари кўпчиликни бефарқ қолдирмади. Октябрь ойида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё Савдо Форуми минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий ўсиш масалаларини муҳокама қилади. Савдо ва инвестициялар бўйича доиравий битим савдо сиёсати масалаларига ечим топади, Америка – Ўзбекистон Савдо Палатаси ўзининг 25 йиллигини нишонлайди.
 
Элчининг таъкидлашича, бугунги кунда Ўзбекистонда шу қадар кўплаб ижобий ва констурктив ўзгаришлар юз бермоқда. “Бу ерда айни даврда бўлиш инсонга илҳом бахш этади. Мустаҳкам шериклик муштарак саъй ҳаракатларни талаб этади”, деди АҚШ элчиси.
 
АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Памела Спратлен хоним ўз сўзларни қуйидагича якунлади:
 
“Мамлакатнинг барча бурчакларидаги ва ҳукуматнинг барча бўғинидаги ҳамкорларимизга раҳмат деймиз! Шунингдек, парламент аъзолари, матбуот, суд ҳуқуқ тизими, санъат ва фуқаролик жамияти вакилларига ташаккур. Сизлар билан танишганим ва ишлаганим мен учун катта шарафдир. Ва ниҳоят, гўзал табиати ва машҳур маданий мероси билан дунёга донғи кетган ушбу ажойиб юртнинг халқига, мен деярли тўрт йил давомида менга кўрсатган саховатингиз ва меҳр-муҳаббатингиз мен учун катта шараф ва бунинг учун олдингизда тавозе ва таъзимдаман. Менинг америкалик юртдошларим Ўзбекистонга ташриф буюрганда менга доим “Ўзбекистон халқи нақадар самимий ва меҳмондўст экан” деб айтадилар. Мен бу сўзларга бутун вужудим билан қўшиламан ва фахрланаман. Мен Ўзбекистондаги жараёнларни Вашингтонда туриб бажони дил кузатиб бораман”.
 

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться