Ўзбекистон Республикасининг Малайзиядаги элчихонасида "Ўзбекистон – Малайзия: туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришнинг янги истиқболлари" мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда Малайзия сайёҳлик компаниялари ва операторлари ассоциацияси ва туристик агентликлари вакиллари иштирок этди.
Учрашувда иштирокчиларга мамлакатимизнинг бой тарихи, маданияти, бетакрор табиати, тарихий ва маданий мероси, юртимизда тобора ривожланиб бораётган диний, гастрономик, экологик, қишки ва транзит туризми имкониятилари ҳақида маълумот берилди.
Ўз навбатида, малайзиялик ишбилармонлар Ўзбекистонда туризм соҳасини янада ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини қайд этди. Малайзия фуқаролари учун Ўзбекистонда виза режими бекор қилиниши, қолаверса, банк тизимидаги ислоҳотлар, чегара ва божхона инфратузилмасининг халқаро меъёрлар асосида қайта ташкил этилаётгани, аэропортларда ташкил қилинган "яшил йўлак" ва ибодат қилиш учун яратилган шароитларга юқори баҳо берилди.
– Ўзбекистон билан Малайзия сайёҳлик соҳасида улкан салоҳиятга эга, – деди Малайзия сайёҳлик компаниялари ва операторлари ассоциацияси вице-президенти Оқил Юсуф. – Тадбирда мамлакатимизнинг 50 дан ортиқ сайёҳлик компанияси Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ўзгаришлар билан яқиндан танишди. Айтишим мумкинки, бугун Ўзбекистоннинг тарихий обидалари Малайзия туризм бозорида тобора кўпроқ қизиқиш уйғотмоқда. Мамлакатингиз имиджини кўтаришдаги саъй-ҳаракатлар туфайли яқин келажакда Ўзбекистон сайёҳларнинг энг севимли масканларидан бирига айланишига ишонамиз.
Тадбирда "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси томонидан парвозлар географиясини кенгайтириш йўналишида олиб борилаётган ишлар сайёҳлар оқимини ошириш имконини бериши алоҳида қайд этилди.
Жумладан, жорий йилдан миллий авиакомпаниямиз "Куала-Лумпур – Тошкент – Тель-Авив" йўналиши бўйича транзит парвозни йўлга қўйди. Бу зиёратчилар учун Ўзбекистон бўйлаб икки кунлик саёҳат қилиш имконини яратди. Шунингдек, "Куала-Лумпур – Тошкент – Москва – Санкт-Петербург – Бухоро" йўналиши бўйича парвозни амалга оширадиган йўловчилар ҳам уч кун давомида мамлакатимизнинг ранг-баранг урф-одатлари, меҳмондўст халқи, турмуш тарзи билан танишиши мумкин. Келгусида Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновнинг очилиши "Куала-Лумпур – Тошкент – Жидда" йўналишида парвозларни йўлга қўйиш ва "Умра Плюс" дастурини ишга тушириш учун шароит яратади.
– Ҳар гал Ўзбекистонга борганимда, мени ажиб ҳислар чулғаб олади, – деди Малайзия туризмни ривожлантириш кенгаши аъзоси Абдул Ҳамид Аҳмад. – Бу кечинмалар билан ўртоқлашишни истайман. Шу боис бу галги сафар асносида мамлакатингизнинг маданий-тарихий мероси ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли видеофильм суратга олишга қарор қилдик. Энди Малайзия ва Индонезия аҳолиси Шарқнинг дурдона шаҳарлари ҳақида янада аниқ тасаввурга эга бўлади.
Мулоқот чоғида Малайзиянинг сайёҳларни жалб қилишдаги илғор тажрибасини ўрганишга эътибор қаратилди. Саёҳат мавсумида мамлакатнинг туризм инфратузилмасини ортиқча юкламалардан холи қилиш, транспорт тизимини такомиллаштириш, фаол меҳмонхона ва онлайн тўлов учун электрон платформа жорий этиш ва мобиль хизматлар сифатини яхшилаш юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир сўнггида жорий йил август ойида Малайзияда икки мамлакат сайёҳлик компанияларининг B2B форматдаги учрашувини ўтказиш, Ўзбекистон ва Малайзияда ташкил қилинадиган халқаро туризм ярмаркаларида томонларнинг фаол иштирок этишини таъминлашга келишиб олинди.
Манба: ЎзА