Марғилон шаҳридаги ижодкорлар боғида "Ўзбекистонда ёшлар тарбияси ва маънавий-маърифий ишлар натижадорлиги: муаммо ва ечимлар" мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилган тадбирда шаҳар ва туманлар ҳокими ўринбосарлари, халқ таълими бўлими раҳбар ва мутахассислари, маънавият тарғиботчилари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва ёшлар иштирок этди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари А.Қодиров, Ўзбекистон халқ шоири Э.Сиддиқова ва бошқалар мамлакатимизда ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг орзу-интилишлари, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналиши эканини таъкидлади.
Президентимизнинг Ўзбекистон ёшларига йўллаган байрам табригида қайд этилганидек, ёш авлодимизнинг фуқаролик позицияси ва фаоллигини кучайтириш, уни мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаб, халқаро майдонда рақобатга кириша оладиган баркамол шахслар этиб тарбиялаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 28 июлдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги қарорида ҳам ёшлар маънавиятини юксалтиришга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб берилган.
Конференцияда ёш авлод қалбида Ватанимиз тақдири ва келажаги учун дахлдорлик туйғусини юксалтириш, ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш, соғлом дунёқараш, жумладан, мутолаа кўникмасини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Энг чекка ҳудудлар ва маҳаллаларда уюшмаган ёшлар билан ишлашда маънавий-маърифий соҳа сифатини ошириш, янги метод ва усуллардан фойдаланиш борасида фикр-мулоҳаза билдирилди.
Анжуман иштирокчилари Эркин Воҳидов ҳайкали пойига гул қўйди, шоир номи билан аталувчи мемориал музей фаолияти билан танишди.
М.Сулаймонов, ЎзА
Манба: ЎзА