Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳафталик коллегиал семинар бўлиб ўтди
2018-06-07 | Технологиялар
Жорий йилнинг 7 июнь куни Алоқа тарихи музейида "Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантириш маркази томонидан ўтказиб келинадиган ва анъанага айланган ҳафталик коллегиал семинарларнинг 2018 йилдаги илк тадбири бўлиб ўтди.
Мазкур семинарда "Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантириш маркази директори ўринбосари Ф.Арипжанов, “Mirzo Ulugbek Innovation Center” инновация маркази директори ўринбосари Б.Аюпов, “UNICON-SOFT” МЧЖ директори Ш.Каюмов ва мазкур ташкилот мутахассислари, 100 дан ортиқ давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг АКТ бўйича ихтисослашган таркибий бўлинмалари раҳбар ва мутахассислари ҳамда "Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантириш маркази ходимлари иштирок этдилар.
Семинарда “Mirzo Ulugbek Innovation Center” инновация маркази директори ўринбосари Баҳодир Аюпов томонидан “Mirzo Ulugbek Innovation Center” инновация маркази, унинг имкониятлари, миллий АКТ сегменти иштирокчилари учун яратилган шарт-шароитлар ва истиқболдаги режалар бўйича маъруза қилинди. Шунингдек, Инновация маркази республикада АКТ учун халқаро стандартларга мувофиқ дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан сифатли ва рақобатдош дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кенгайтиришни рағбатлантириш, АКТ маҳсулотлари экспортини ошириш ҳамда маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида белгиланган устувор вазифалар ижроси юзасидан берилган маълумотлар семинар иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Семинар давомида шунингдек, “UNICON-SOFT” МЧЖ мутахассислари томонидан “Ijro.gov.uz” - ижро интизомини назорат қилувчи ягона тизим амалиётга жорий этилганлиги ва уни тўлиқ ишга тушириш юзасидан қатор ишлар амалга оширилаётганлиги ҳақида ахборот берилди. Семинар сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг АКТ бўйича ихтисослашган таркибий бўлинмаларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш, тажриба алмашиш, мавжуд муаммоларнинг самарали ечимларини биргаликда излаб топиш, ўқитиш ва фаолият ҳолатини мониторинг қилиш мақсадида бу каби семинарлар "Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантириш маркази томонидан йил давомида мунтазам равишда ўтказилиши режалаштирилган.
Манба: «Электрон Ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази