Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

“Ипак йўли” туризм халқаро университетини ташкил этиш тўғрисида

2018-06-29 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон бой табиий, маданий ва тарихий меросининг мавжуд ресурслари ва имкониятларидан самарали фойдаланиш, инновацион ғоялар ва технологияларни жорий этиш, инвестицияларни фаол жалб қилиш туризм соҳасини янада ривожлантириш учун қулай иқтисодий ҳамда ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга хизмат қилди.
 
Шу билан бирга, туризм босқичма-босқич мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғига айланаётганлигини ҳисобга олган ҳолда минтақаларнинг салоҳиятини туризм соҳасига тўлиқ жалб этишни, хизматлар соҳасини ривожлантиришни, Буюк ипак йўлида туризм йўналишининг жозибадор маркази сифатида республиканинг ижобий қиёфасини шакллантиришни таъминлайдиган, юқори малакали ва жаҳон туризм индустрияси бозорида рақобатбардош кадрларни тайёрлашга объектив зарурат юзага келмоқда.
 
Халқаро туризм соҳасида профессионал кадрлар тайёрлаш тизимини ташкил этиш ҳамда илмий-тадқиқот ишлари ва ижодий ишларни олиб бориш бўйича республиканинг ташаббусларини амалий рўёбга чиқариш, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг тарихий ва маданий-гуманитар алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида:
 
1. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигининг Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” туризм халқаро университетини (кейинги ўринларда Университет деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
 
2. Қуйидагилар Университет фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
 
замонавий инновацион ва илмий-педагогик технологияларни, фан
ва техниканинг энг янги ютуқларини қўллаган ҳолда, туризм соҳасида юқори малакали профессионал кадрларни миллий ва халқаро таълим стандартларига мувофиқ сифатли тайёрлашни таъминлаш;
 
таълимнинг тегишли йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича ўқув-методик адабиётларни яратиш, ёш талабалар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар олиб бориш, туризм соҳасида таълим тизимига етакчи хорижий таълим муассасалари тажрибасини жорий қилиш;
 
туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва модернизация қилишга қаратилган янги таълим дастурларини ҳамда ўқитишнинг инновацион шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
 
истиқболли ёш битирувчиларни чет эл олий таълим муассасаларига ва илмий-тадқиқот марказларига магистратура ҳамда докторантурада ўқишга мунтазам равишда юбориш орқали Университетнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириш, педагогик технологиялар ва ўқитиш услубларини фаол такомиллаштириш;
 
таълим ва илмий фаолиятнинг ишлаб чиқариш фаолияти билан узвий интеграциялашуви учун шарт-шароитлар яратиш;
 
туризм соҳаси субъектлари мутахассисларини қайта тайёрлашни
ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;
 
туристик фаолиятни ва туризм соҳасида йўловчиларни ташиш фаолиятини амалга ошириш;
 
етакчи республика ва хорижий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни, жумладан, уларнинг мутахассис ҳамда экспертларини ўқитиш ва илмий тадқиқотлар ўтказиш жараёнларига жалб қилиш орқали ривожлантириш, туризм соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш бўйича халқаро илмий-амалий конференциялар, семинарлар ва симпозиумлар ташкил этиш.
 
3. Белгилаб қўйилсинки:
 
Университет олий таълим муассасаси – юридик шахс шаклидаги Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланади, алоҳида мол-мулкка, мустақил балансга эга, ўз мажбуриятлари бўйича тасарруфидаги пул маблағлари ва мол-мулк билан жавоб беради;
 
Университетда ўқув-методик раҳбарлик ва таълим жараёнини юритиш илғор инновацион ҳамда илмий-педагогик технологиялардан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан таъминланади;
 
Университет Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ташкилий тузилмасига киради;
 
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси айни вақтда Университетнинг бош менежери ҳисобланади;
 
Университет ректори Университет профессор-ўқитувчиларининг таркиби тўлиқ шакллантирилгунга қадар Университетнинг Васийлик кенгаши томонидан сайланади, кейинчалик эса Университет уставида белгиланадиган тартибда профессор-ўқитувчилар таркиби томонидан ёпиқ овоз бериш орқали сайланади;
 
Университетда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб халқаро туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ўқитишнинг кредит тизими қўлланилади;
 
Университетда ўқиш ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади, бакалавриатда Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талабларини ҳисобга олган ҳолда иккита чет тили: биринчиси – инглиз (француз, немис) тили, иккинчиси – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг расмий тилларидан (рус, хитой) бири ўқитилади;
 
Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат деб эътироф этиладиган, белгиланган намунадаги диплом берилади.
 
4. Қуйидагилар:
 
“Ипак йўли” туризм халқаро университетининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
 
“Ипак йўли” туризм халқаро университети фаолиятини ташкил этиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури 2-иловага мувофиқ;
 
“Ипак йўли” туризм халқаро университети Васийлик кенгашининг таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
 
Университетнинг Васийлик кенгашига Университет тузилмасига ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
 
5. Университетнинг Васийлик кенгаши қуйидаги йўналишлар бўйича Университетнинг ривожланишига кўмаклашувчи жамоатчилик бошқарувининг олий органи этиб белгилансин:
 
туризм соҳасида олий таълимни ривожлантиришга кўмаклашувчи янги шакллар, дастурлар ва истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, туризм соҳасидаги субъектлар фаолиятига илмий ишланмалар натижаларини самарали жорий этиш;
 
битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича давлат, жамоат ва бизнес тузилмалар билан янада самарали ҳамкорлик қилиш;
 
ҳамкорлик тўғрисидаги шериклик битимларини тузиш амалиётини ривожлантириш ва уларни амалга ошириш;
 
таълим ва илм-фан соҳасида халқаро ҳамкорлик ўрнатиш ва уни ривожлантириш;
 
Университет педагог ва бошқа ходимларининг меҳнат шароитларини ҳамда уларнинг ижтимоий таъминотини яхшилаш;
 
Университетга молиявий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш, унинг фаолиятини таъминлаш ва ривожлантириш учун бюджетдан ташқари маблағлар, ҳомийлик хайриялари ва бошқа манбаларни жалб қилишда кўмаклашиш.
 
6. Университетнинг Васийлик кенгаши:
 
манфаатдор вазирлик ва идораларнинг Университет фаолиятини ташкил этиш бўйича иши мувофиқлаштирилишини, ўқув мажмуаси тайёрланишини ва 2018 йил 1 октябрдан ўқув жараёни бошланишини;
 
Университетга ажратилаётган биноларни таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш учун зарур молиявий маблағлар сафарбар этилишини, ушбу биноларнинг замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари, инвентарь, компьютер ва бошқа ташкилий техника, кутубхона фонди билан жиҳозланишини;
 
Университетда ўқув жараёнини ташкил этиш учун малакали профессор-ўқитувчилар, жумладан, хориждан ўқитувчилар, олимлар ва мутахассислар жалб этилишини таъминласин.
 
7. 2018/2019 ўқув йилида Университет бакалавриатига қабул қилиш квотаси 4-иловага мувофиқ таълим йўналишлари юзасидан, қонун ҳужжатларига мувофиқ оширилган контракт ставкалари бўйича қўшимча қабул қилиш имконияти билан, 125 киши, жумладан, давлат грантларига кўра 42 киши этиб белгилансин.
 
8. Белгилаб қўйилсинки:
 
а) 2018/2019 ўқув йилида Университетга абитуриентларни қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади;
 
б) абитуриентларни, чет эл фуқаролари бундан мустасно, Университет бакалавриатига қабул қилиш тест синовларини ўтказиш орқали амалга оширилади;
 
в) чет эл фуқаролари Университет бакалавриатига белгиланган қабул квотасидан ташқари суҳбат ўтказиш орқали тўлов-контракт асосида қабул қилинади;
 
г) 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:
 
Университетга талабаларни бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича қабул қилиш квоталари сони туризм соҳасида меҳнат ресурсларига бўлган талаб прогнозидан ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг мақсадли буюртмаларидан келиб чиққан ҳолда, Университетнинг Васийлик кенгаши томонидан белгиланади;
 
илғор, эътироф этилган халқаро имтиҳон тизимлари (TOEFL, IELTS, CEFR, SAT General, SAT Subject ва бошқалар) сертификатларига эга бўлган абитуриентларга тегишли фанлардан белгиланган тартибда энг юқори балл берилади ва келгусида улар ушбу фанлар бўйича тест синовларидан озод қилинади;
 
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг “Меҳмонхона хўжалигини ташкил қилиш ва бошқариш” ҳамда “Туризм (фаолият йўналишлари юзасидан)” таълим йўналишлари бўйича бакалавриат ва магистратурага қабул тугатилади.
 
9. Университетнинг Васийлик кенгаши уч ой муддатда:
 
2019/2020 ўқув йилидан Университетнинг бакалавриати ва магистратурасига абитуриентларни, шунингдек, мазкур қарор билан белгиланаётган талабларни инобатга олган ҳолда чет эл фуқароларини қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни;
 
Университетда халқаро туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ўқитишнинг кредит тизими тўғрисидаги низомни тасдиқласин.
 
10. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги, Университетда кадрлар тайёрлаш бўйича буюртмачиларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
 
туризм соҳасида юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни республика ҳудудлари кесимида аниқлаш;
 
талабаларнинг туристик инфратузилма ва намойиш объектлари ҳамда мажмуаларида, жумладан, маданий мерос объектлари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, музейлар, меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш воситаларида амалиёт ўташларини ташкил қилиш ҳамда унинг “устоз-шогирд” услубида ўтказилишини таъминлаш;
 
туристик инфратузилма ва намойиш объектлари ҳамда мажмуаларида, жумладан, маданий мерос объектлари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, музейлар, меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш воситаларида амалиёт ўташ учун малака базаларини тақдим этиш.
 
Кадрлар буюртмачилари, талабалар учун Университетни тамомлагандан кейин 5 йил давомида кадрлар буюртмачиси томонидан белгиланган ташкилотларда меҳнат фаолиятини амалга ошириш мажбуриятларини ўрнатган ҳолда, улар ва талабалар ўртасида шартнома тузиш орқали талабалар контрактининг базавий қиймати тўловини амалга ошириш ҳуқуқига эга эканлиги назарда тутилсин.
 
11. Университетга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
 
истисно тариқасида, илғор тажрибани ва ўқув жараёнининг амалиёт билан интеграциясини инобатга олиб таълим стандартлари, малакавий талаблар, ўқув режалари ва ўқув дастурлари, шунингдек, талабалар билимларини баҳолаш тизимини мустақил равишда ишлаб чиқиш ва Университет Васийлик кенгаши билан келишган ҳолда тасдиқлаш;
 
профессор-ўқитувчилар таркибининг фаолият турлари бўйича вақт меъёрларини белгилаш;
 
Университет таълим йўналишлари бўйича педагог кадрларни, шунингдек, туризм соҳаси субъектлари мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш режалари ҳамда дастурларини ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини таъминлаш;
 
туризм соҳасида кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, Университет Васийлик кенгаши билан келишган ҳолда янги истиқболли ўқув йўналишлари ва мутахассисликларини очиш;
 
бакалавриат, магистратура ва олий ўқув юртидан кейинги таълим йўналишлари бўйича етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурларини жорий этиш;
 
Университет моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, маҳаллий ва хорижий мутахассисларни шартнома асосида жалб қилиш, ходимларни моддий рағбатлантириш учун бюджетдан ташқари (жумладан, тўлов-контракт асосидаги таълимдан тушаётган) маблағларни улардан оқилона ҳамда самарали фойдаланиш шарти билан белгиланган тартибда тасарруф этиш;
 
Университетнинг фаолият йўналишлари бўйича шартнома асосида консалтинг ва эксперт-таҳлилий хизматлар кўрсатиш, ушбу вазифаларни амалга ошириш учун ташкилий-ҳуқуқий ва инновацион-инвестициявий тузилмаларни ташкил этиш.
 
12. Белгилаб қўйилсинки:
 
Университет учун кундузги таълим шакли бўйича бир ўқитувчига талабалар сонининг нисбий нормативи 1:8,0 этиб белгиланади;
 
Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси билан келишилган ҳолда, Университетга сиртқи ва кечки бўлимларда таълим олиш учун абитуриентлар қабул қилиниши мумкин;
 
бюджет маблағлари ҳисобидан Университетнинг профессор-ўқитувчилар таркибига ҳар ой лавозим маошининг 100 фоизи миқдорида, туризм соҳаси бўйича халқаро миқёсда тан олинган хорижий олий таълим муассасалари дипломига эга бўлган ва Университет ўқув жараёнига тўлиқ ставкада жалб қилинган ўқитувчиларга – 150 фоизи миқдорида устама тўланади;
 
Университет ректорига бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан Университет ходимларига уларнинг иш ҳажми ва самарадорлигини ҳисобга олган ҳолда улар лавозим маошининг 100 фоизигача бўлган миқдорда қўшимча ойлик устама белгилаш ҳуқуқи берилади;
 
туристик инфратузилма ва намойиш объектлари ҳамда мажмуалари, жумладан, маданий мерос объектлари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, музейлар, меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш воситаларидан Университет талабалари ва илмий ходимларининг амалиёт ўташ жойлари сифатида фойдаланиш тавсия этилади.
 
13. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси:
 
а) бир ой муддатда Университетнинг таъсис ҳужжатлари ишлаб чиқилиши, келишилиши ҳамда унинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
 
б) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2018 йил 15 сентябрга қадар муддатда:
 
тасдиқланган тузилмага мувофиқ Университетнинг бўлимлари, факультетлари ва кафедралари шакллантирилишини, унинг таълим тизими ва туризм соҳасида замонавий билимларга, шунингдек, амалий иш тажрибасига эга юқори малакали мутахассислар, жумладан, хорижий мамлакатлар мутахассислари билан тўлдирилишини, ўқитувчи ва мутахассисларнинг профессионал кўникмалари ва билим даражаларини узлуксиз ошириш учун шарт-шароитлар яратилишини;
 
зарур ўқув режалари ва ўқув дастурлари, ўқув-методик материаллар ва қўлланмалар ишлаб чиқилиши ва кафедраларга тақдим этилишини таъминласин.
 
14. Университет тузилмасида:
 
Туризм соҳасида инновациялар маркази ташкил этилсин, унга туризмни ривожлантиришнинг долзарб муаммоларини ўрганиш ва тадқиқ қилиш, шунингдек, уларни ҳал қилишнинг инновацион йўлларини ишлаб чиқиш, туризм соҳасида стартапларни қўллаб-қувватлашнинг тўлиқ циклини ташкил этиш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифалари юклансин;
 
Туризм соҳасида ахборот технологиялари маркази ташкил этилсин, ушбу марказ рақамли туризмни ривожлантиришга кўмаклашиш ва ушбу йўналишда замонавий дастурий таъминотни ишлаб чиқиш учун масъул ҳисобланади.
 
15. Қуйидагилар Университет фаолиятини молиялаштиришнинг манбалари этиб белгилансин:
 
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
 
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари;
 
тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;
 
хўжалик фаолияти бўйича ва шартнома асосида кўрсатилган хизматлардан тушумлар;
 
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайрия маблағлари;
 
халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;
 
хорижий мамлакатлар, шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг мақсадли маблағлари;
 
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
 
2018 йилда Университетни сақлаб туриш учун бюджет маблағлари ижтимоий соҳа учун назарда тутилган маблағлар доирасида ажратилади, 2019 йилдан бошлаб эса белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг харажатлар параметрларида назарда тутилади.
 
16. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Университетга 4 та автотранспорт воситаси, жумладан, 2 та хизмат, 1 та навбатчи ва 1 та туризм тоифасига оид автобусни сақлаш учун лимит ажратсин.
 
17. Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг:
 
Самарқанд шаҳри, Университет шоҳкўчаси, 17-уй манзилида жойлашган Самарқанд давлат чет тиллар институти академик лицейининг бино ва иншоотларини туташ ҳудуди билан биргаликда Университетга оператив бошқариш ҳуқуқи билан беғараз бериш;
 
Самарқанд шаҳри, Мустақиллик кўчаси, 57-уй манзилида жойлашган Самарқанд қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларини туташ ҳудуди билан биргаликда Самарқанд давлат чет тиллар институти академик лицейига оператив бошқариш ҳуқуқи билан беғараз бериш;
 
Самарқанд қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежига 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб қабул тўхтатилганлигини инобатга олиб, Самарқанд қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежини Сиёб қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи билан бирлаштириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
 
18. Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2018 йил 15 сентябрга қадар муддатда биринчи босқичда Университетдаги зарур ишларнинг қуйидаги маблағлар ҳисобидан амалга оширилишини таъминласин:
 
Университет бино ва иншоотларини таъмирлаш-тиклаш ишларини – Самарқанд вилояти маҳаллий бюджети маблағлари;
 
Университетни компьютер ва бошқа ташкилий техника, жумладан, масофадан ва онлайн ўқитишни ташкил этиш учун зарур бўлган ўқув техника воситалари, туризм масалалари бўйича ўқув адабиётлар ва кутубхона фонди билан жиҳозлашни – Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари;
 
Университетни мебель (парталар, столлар, стуллар ва бошқалар), инвентарь, замонавий лаборатория жиҳозлари, шунингдек, ўқув адабиётлари ва кутубхона фонди билан жиҳозлашни – Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари.
 
19. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси:
 
Университет фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун халқаро молия институтлари, донорлар ва бошқа хорижий ташкилотларнинг маблағларини жалб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўрсин;
 
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг асосланган ҳисоб-китобларига кўра 2019 йилда ва кейинги йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурларини шакллантиришда Университетнинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, туташ ҳудудларни ободонлаштириш учун зарур маблағларни ажратишни назарда тутсин.
 
20. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги Университет профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимларининг хорижий туризм компаниялари, меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш воситалари, етакчи олий таълим муассасалари ва илмий марказларида малакасини оширишини, жумладан, иқтидорли мутахассислар ушбу муассасаларнинг магистратура ва докторантурасига ўқишга юборилишини, шунингдек, юқори малакали хорижий ўқитувчилар, олимлар, ва мутахассисларни Университет таълим жараёнига кенг жалб қилинишини ташкил этсин.
 
Белгилансинки, ушбу бандда назарда тутилган харажатларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот марказининг ушбу мақсадлар учун назарда тутилган маблағлари, шунингдек, халқаро молия институтларининг грантлари, бюджет маблағлари ва Университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
 
21. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Университетнинг буюртмалари бўйича белгиланган тартибда:
 
ушбу қарорни амалга ошириш доирасида Университетга жалб этиладиган хорижий ўқитувчилар, олимлар ва мутахассислар ҳамда уларнинг оила аъзоларига кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмаган ҳолда расмийлаштирилишини;
 
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлардан бўлган талабаларга уларнинг Университетда бутун таълим олиш даврига узоқ муддатли кўп марталик кириш визалари расмийлаштирилишини таъминласин.
 
22. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Университет буюртмаларига биноан Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлардан бўлган талабаларга, Университетда ишлаш учун жалб қилинадиган хорижий ўқитувчилар, олимлар ва мутахассисларга давлат божлари тўлашдан озод этилган ҳолда кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилиши, шунингдек, вақтинчалик рўйхатдан ўтказилиши ҳамда вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.
 
23. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Университет буюртмаларига биноан Университетга юклатилган вазифаларни бажариш учун хориждан ўқитувчилар, олимлар ва мутахассисларни республикага жалб этишга рухсатномалар берилиши (муддати узайтирилиши)ни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини таъминласин.
 
24. Университет 2021 йил 1 январга қадар муддатда Университетни жиҳозлаш ва унинг фаолиятини таъминлаш учун белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган замонавий ўқув ва илмий лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, ўқув ва илмий-услубий адабиёт, инвентарь ва моддий-техника ресурслари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин.
 
25. Университет:
 
қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Олий суд, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, бошқа соҳавий вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари мажбурий (бир нусхада) юбориладиган ташкилотлар рўйхатига;
 
босма ва китоб маҳсулотлари (ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий нашрлар)нинг бепул нусхалари (бир нусхада) оладиган ташкилотлар рўйхатига;
 
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, шунингдек, бошқа вазирлик ва идораларнинг статистик ахборотлари мажбурий юбориладиган рўйхатга киритилсин.
 
26. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
 
27. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.С.Қосимов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов ва Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Б.Н. Умаров зиммасига юклансин.
 
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                                 Ш.МИРЗИЁЕВ 
 
Тошкент шаҳри, 2018 йил 28 июнь  

Манба: ЎзА

Поделиться