Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Адлия ахбороти: юридик кадрлар халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитилади
2018-06-25 | Жамият
Қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича мақсадида 2018 йилнинг 22 июнь куни “Адлия ахбороти” номли брифинг ташкил этилди. Унда ушбу ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари, уларнинг моҳияти таништириб ўтилди.
Хусусан:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 июнь куни қабул қилинган “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори ва унга мувофиқ:
мамлакатимизнинг ҳар бир туман ва шаҳарида аҳолининг моддий шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи сифати ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришлар амалга оширилишини таъминлашга қаратилган “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури амалга оширилади.
Қарор билан тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар:
энг кам иш ҳақининг юз эллик бараваригача миқдорда – оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини тавсияномалари;
энг кам иш ҳақининг минг бараваригача миқдорда– кичик тадбиркорлик субъектларига учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, жамғарманинг кафиллиги ва қонун ҳужжатлари доирасидаги бошқа таъминот турлари;
энг кам иш ҳақининг минг бараваридан ортиқ миқдорда – тадбиркорлик субъектларининг инвестициявий лойиҳаларини кредитлашда қонун ҳужжатлари доирасида белгиланган таъминот турларига асосан ажратилиши белгиланганлиги қайд этилди.
Брифингдан сўнг ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ҳам ташкил этилди. Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 июнида қабул қилинган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, унинг асосий жиҳатлари ҳақида соҳа мутахассислари тушунтиришлар беришди.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, қарорда асосий эътибор соҳада аҳолига ҳар томонлама ва сифатли давлат хизматларини кўрсатишни самарали механизмларини яратишга қаратилиб, бу борада тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди ҳамда мазкур муаммолардан келиб чиқиб, фуқароларни ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ФҲДЁ органларининг роли ва аҳамиятини ошириш, шунингдек аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларини сифатини яхшилаш борасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилди.
Жумладан, аҳолига тезкор равишда архив маълумотномалари
ва ахборотини олиш имкониятини берувчи фуқаролик ҳолати ягона электрон архивини шакллантириш кўзда тутилди.
2022 йил 1 январга қадар ФҲДЁ органлари архивларида 19 асрдан бошлаб сақланиб келаётган барча (60.000.000 дан ортиқ) ёзувлар электрон кўринишга ўтказилади.
Яна бир муҳим жиҳатлардан бири сифатида фуқароларга янада қулайликлар яратиш мақсадида бюрократия ва коррупция юзага келишини олдини олишга қаратилган идоралараро электрон ҳамкорликни кенгайтириш орқали, шу жумладан олис жойларга чиққан ҳолда “мобиль давлат хизматлари” услублари ишлатилади.
Шу билан бирга тадбирда, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 июнида қабул қилинган “Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, ҳужжат асосида кутилаётган янгиликлар ҳақида маълумотлар тақдим этилди. Анжуманда иштирок этган марказ раҳбари ўз сўзида қуйидагиларни таъкидлади.
Мазкур қарор билан “Олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курслари тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Низомга кўра:
тингловчиларни қабул қилиш Тошкент давлат юридик университети Кенгаши томонидан белгиланган ўринларга мувофиқ, тўлов-контракт асосида амалга оширилади;
тингловчиларни қабул қилиш суҳбат шаклида ўтказиладиган кириш имтиҳонлари натижасига кўра амалга оширилади;
кириш имтиҳонлари юридик касбни танлашнинг асослантирилиши, ҳуқуқ соҳасидаги таянч билимлар ва таҳлилий фикрлашни аниқлаш нуқтаи назаридан ўтказилади;
қайта тайёрлаш курсларида ўқиш давлат ва рус тилларида амалга оширилади;
қайта тайёрлаш курсларида ўқитишнинг давомийлиги олти ойни ташкил этади ва асосий иш жойидан ажралган ҳолда амалга оширилади.
Тадбирда иштирок этганлар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассисларидан жавоблар олишди.
Эслатиб утамиз, юқорида қайд этилган қонун ҳужжатларининг тўлиқ матни билан, Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси – www.lex.uz сайти орқали ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами расмий нашри орқали танишиш мумкин.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги