Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қашқадарёда ушбу ойда 149 тонна қовун экспорт қилинди
2018-06-19 | Иқтисодиёт
Маълумки, бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан кичик бизнес ва ҳусусий тадбиркорликни ривожлантиришда барча имконият ва қулайликлар яратилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 декабрдаги “Ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотлар рақобатдошлигини таъминлаш ва экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ маҳсулотларни экспорт қилишда божхона божлари бекор қилинди. Яратилган бу каби қулайликлар бугун ўз самарасини кўрсатмоқда.
Олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида Қашқадарё вилоятида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан 14 минг 575 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти амалга оширилди.
Маҳсулотлардан олма, гилос, помидор, пиёз, карам ва кўкат маҳсулотлари Россия Федерацияси, Корея, Латвия, Қозоғистон каби ўн бешдан зиёд давлатларга экспорт қилинди.
Айни кунда ҳам воҳада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти авжида бўлиб, вилоятнинг Косон, Чироқчи, Миришкор ва Ғузор туманларида етиштирилган хуштаъм қовунлар “Oltin voha agro invest” ва “Gold fruit exim” МЧЖлари томонидан Россия Федерацияси, Латвия ва Қозоғистон Республикаларига пешма-пеш жўнатилмоқда. Рақамларга кўра, июнь ойида 149 тонна қовун экспорти амалга оширилган.
- Юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, шунингдек вилоятнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида божхона постимиз томонидан ҳар куни 24 соат давомида божхона расмийлаштирувини амалга оширмоқдамиз, - дейди Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси тасарруфидаги “Насаф” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости бошлиғи Ғани Бозоров. - Бундан ташқари, экспортёрлар вақтини ва маблағини тежаш учун божхона расмийлаштирувлари интернет тармоғи орқали масофадан туриб онлайн тарзда тезкорлик билан амалга ошириб берилмоқда. Олиб борилаётган бу каби саъйи-ҳаракатлар ўз самарасини кўрсатиб, июнь ойининг ўтган 17 кунида қарийб тўрт минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортига эришилди.
Дарҳақиқат, мамлакатимиз серқуёш замин бўлганлиги боис етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мазаси жиҳатидан танилган. Шу сабабли ҳам чет мамлакатлар ўртасида бизнинг маҳсулотларга талаб юқори.
Азиза Хушвақтова,
Қашқадарё вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати инспектори
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси