Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳри бюджет тушумини маълум қилди
2018-06-19 | Жамият
18 июнь куни Тошкент шаҳрининг Ботаника боғида ташкиллаштирилган “Топ-500” тадбиркорлар ҳамжамияти форумида Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Жаҳонгир Ортиқхўжаев маъруза қилди. Бу ҳокимнинг тадбиркорлар ва журналистлар иштирокида анжуман доирасида илк маъруза қилиши эди.
“Бугунги форумдан мақсад нима? Мақсад – бугунги кунда Тошкент шаҳар раҳбариятининг ишини бутунлай янгича олиб борилаётганини намойиш этиш. Тузаётган янги режаларимизда бизнес “Топ-500” ҳамжамияти билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳам турибди. Айниқса, Тошкентни Марказий Осиёнинг энг ривожланган мегаполисига айлантиришда бу ҳамкорлигимиз яққол намоён бўлади”, деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
Ҳоким ўз режаларини тақдим этиш билан бирга Тошкент шаҳри бюджети тушуми миқдорини ва шаҳарнинг умумий салоҳиятига оид статистик маълумотларни ҳам эълон қилди.
Унга кўра:
Тошкент шаҳри бюджети йилига 11.5 триллион сўм тушумга эга.
Пойтахтда 39 та Олий ўқув юртлари мавжуд ва уларда 115 минг талаба таҳсил олмоқда.
3 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.
Шаҳарнинг кичик ва ўрта бизнесларининг умумий сони 65 мингта.
Пойтахт 335 минг квадрат километрга кенгайтирилиши кутилмоқда.
Кечаги форумда Жаҳонгир Ортиқхўжаев ушбу ахборотлар билан бирга, шаҳар бошқарувидаги камчиликларни ҳам бирма-бир санаб ўтди.
Анора Содиқова, ЎзА
Манба: ЎзА