Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Хотира уйғонса гўзалдир

2018-06-18 | Маданият

Хотира азиз ва муқаддас. Миллий маънавиятимиз равнақига ҳисса қўшган ижодкор зиёлилар хотирасига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларнинг фаолияти, ижодини ёдга олиш барчамизнинг чин инсоний бурчимиздир. 

Пойтахтимиздаги"Халқлар дўстлиги" саройида ташкил этилган "Унутмоқ осонмас...” хотира дастури туркумидаги мусиқий кеча миллий маънавиятимиз ва маърифатимиз, адабиёт намояндалари, кинематография, сухандонлик санъати, мумтоз қўшиқчилик ва эстрада ривожи йўлида фидокорона меҳнат қилган санъаткорлар ёдига бағишланди. 

Юртимизда маънавий-маърифий жабҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида миллий маданиятимиз ва санъатимизни равнақ топтириш, ижодкор зиёлиларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур барча шароит ва имкониятларни яратиш масаласига доимий эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатларда устоз адиб ва шоирлар, маърифат фидойилари, санъат дарғалари хотирасини эъзозлаш, уларнинг ижод йўли, меросини ёш авлодга чуқур ўргатиш, бундай бебаҳо меросдан халқимизни кенгроқ баҳраманд этиш алоҳида ўрин эгаллайди. 

Қутлуғ Рамазон ойида алоҳида эҳтиёжманд оилаларга кўмак кўрсатиш, маҳаллалар, зиёратгоҳларни ободонлаштириш, кексалар, беморлар, ёрдамга муҳтожлар ҳолидан хабар олишдек анъаналаримиз бор бўй бастини намоён этди. Миллий маънавий-маданий меросимиз тарғиботига бағишланган мазкур мусиқий дастур ҳам бу йўналишдаги эзгу ишларнинг яна бир намунаси, дейиш мумкин. Ундан кўзланган асосий мақсад ёшлар маънавиятини юксалтириш, улғайиб келаётган авлодда миллий санъатимиз ва маданиятимизга, ибратли қадриятларимизга бўлган меҳр ва ҳурматни тобора кучайтиришдан иборатдир. 

– Ушбу мусиқий дастуримизда фанимиз, маданият ва санъат равнақига муносиб ҳисса қўшган инсонларнинг азиз хотираси ёдга олинади, – дейди "Унутмоқ осонмас...” ижодий лойиҳасининг ғоя муаллифи ва саҳналаштирувчи режиссёри Зокиржон Қаюмов. –Беназир илм-маърифат соҳиблари, устоз санъаткорлар, шоирлар, сўз санъати усталари, кино, мусиқа, хореография билимдонларининг мероси ёшларга ҳар жиҳатдан ибрат ва намуна мактабидир. 

... Чорлов мусиқаси янграйди. Саҳнага ўрнатилган улкан экран орқали намойиш этилаётган видео-лавҳаларда умрини маънавиятимиз, адабиёт, санъатнинг гуллаб-яшнашига бағишлаган инсонларнинг сиймоси гавдаланади. Адабиётимизни халқимизнинг суюкли шоирлари, Ўзбекистон Қаҳрамонлари Эркин Воҳидов ҳамда Абдулла Орипов ижодисиз тасаввур этиш мушкул. Миллий маънавиятимиз фидойиларининг оташин шеърлари кириб бормаган хонадонни топиш мушкул. 

Моҳир режиссёр, санъат арбоби Шуҳрат Аббосовнинг фильмлари юртимиз ва хорижда ҳам шуҳрат қозонган. Ўзбекистон халқ артисти Ўлмас Алихўжаев ижро этган роллари миллий руҳи, бетакрорлиги билан мухлислар қалбдан ўрин олган. Таниқли хонандалар Олмахон Ҳайитова, Камолиддин Раҳимов, Фахриддин Умаров мусиқа санъатимиз йўлида самарали меҳнат қилган бўлса, Насиба Мақсудова,Абдумўмин Ўтбосаров, Дилдора Қаюмова сингари таниқли сухандонлар она тилимизнинг, сўзнинг қадр-қимматини баланд билган, касбига садоқатли ижодкорларэди. 

– Бу инсонларнинг фаолияти ёшларга ўзлигимизга, миллий меросимизга чексиз ҳурмат ва эҳтиромдан, касбига меҳр ва фидойилик, масъулият билан ёндашишдан сабоқ беради, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Ғуломжон Ёқубов. –Бугунги мусиқий кечадан кўзланган мақсад замирида ҳам ёшларни маърифат, санъат ва маданиятимиз намуналаридан баҳраманд этишдек эзгу муддаолар мужассамлигини кўриш мумкин. 

Мусиқий кечада жонажон Ўзбекистонимизни, тинч ва осойишта кунларимизни, одамийликни, самимий ва умрбоқий эзгу туйғуларни тараннум этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди. 
 

Назокат Усмонова, Оқил Ғуломов(сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться