Президентимизнинг жорий йил 11 июндаги “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Тошкент вилоятида ҳам турли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Муборак Рамазон айёмининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш, одамларни маънавий поклик, яхшилик ва ҳамжиҳатликка даъват этиш каби тарғибот тадбирлари, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни ободонлаштириш, эҳтиёжманд аҳолини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасидаги эзгу ишларда вилоят имом-хатиблари ҳам фаол иштирок этаётир.
Маълумотларга кўра, вилоят имом-хатиблари томонидан кам таъминланган 465 оила, 68 нафар кексалар, шунингдек, Мурувват, Саховат ва Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳолидан хабар олиниб, уларга 112 миллион 180 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилган.
– Бугун арафа, эртадан бошлаб юртимизда меҳр-мурувват, маънавий поклик айёми кенг нишонланади, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили Х.Турматов. – Муборак Рамазон ойи мобайнида кўплаб саховатпеша юртдошларимиз томонидан хайр-саховат ва мурувват ишлари бажарилди. Ишончим комилки, 3 кунлик қутлуғ кунларда ҳам хайрли тадбирлар янада кўп бўлади.
Имом-хатиблар ташаббуси билан вилоятдаги 14 муқаддас қадамжо, 3 тарихий обида ва 827 қабристон тозаланиб, ободонлаштирилди.
Вилоятда бу каби эзгу ва хайрли тадбирлар давом этмоқда.
Аваз Худойқулов, ЎзА
Манба: ЎзА