Наманган вилояти сайлов комиссиясида шаҳар ва туман сайлов комиссиялари фаолиятини услубий таъминлаш ва самарали ташкил этиш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди.
2019 йилнинг декабрь ойида мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида муҳим сиёсий кампания – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади.
– Мамлакатимизда демократиянинг асосий тамойилларидан бўлган сайлов институтининг ҳуқуқий асослари, амалга ошириш механизмлари халқаро ҳуқуқ ва миллий қонунчилигимиз асосида такомиллаштириб борилмоқда, – дейди вилоят ҳокимлигининг ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари Б.Бобохонов. – Лекин мазкур сиёсий жараён ҳар сафар ўзига хос катта имтиҳонга тайёргарликни тақозо этади. Зеро, унинг муқобиллик, шаффофлик, холислик, умумдемократик талабларга мос ўтишида сайлов комиссиялари ва сайлов участка комиссияларининг фаолияти, уларга яратилган шароитлар муҳим аҳамият касб этади. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги қонуни 9-моддаси талабларига мувофиқ иш ташкил қилиб, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи сайлов комиссияларининг фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлаш керак. Бугунги тадбир билан айни масалалар бўйича тайёргарлик ишлари амалда бошланади.
Шаҳар ва туман сайлов комиссиялари раислари, маҳаллий ҳокимликлар ташкилий-назорат гуруҳи раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган семинарда 2018 йилнинг 27 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар сайлов комиссияларининг доимий асосда ишловчи котиблари фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлаш бўйича ўтказилган семинарда белгиланган вазифалар, яъни халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига сайлов ўтказувчи сайлов комиссиялари фаолиятида сайлов қонунчилиги нормаларининг аниқ ва бир хил қўлланилишини таъминлаш, шу йўналишда сайлов комиссияларига амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш, сайлов тизимидаги ўзгариш ва янгиликлар мазмун-моҳиятига эътибор қаратилди.
Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи котиби Б.Камолов сайлов комиссияларининг асосий вазифалари, ҳуқуқий ваколатлари доираси, хизмат мажбуриятлари, яъни сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш, сайлов ҳужжатларини тайёрлаш ва расмийлаштириш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ахборот тизими, сайлов комиссияларининг фаолиятини услубий, моддий-техник ва молиявий жиҳатдан таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси томонидан тасдиқланган “Сайлов қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш тажрибасини янада такомиллаштириш бўйича комплекс тадбирлар режаси”да белгиланган вазифалар ҳақида атрофлича тушунча берди.
Семинарда мутасаддилар эътибори мазкур тадбирлар режасининг тегишли бандлари бўйича сайлов комиссиялари олдида турган вазифалар, жумладан, шаҳар ва туман сайлов комиссиялари хоналарини республика Марказий сайлов комиссияси қарори билан тасдиқланган Низом талаблари асосида мебель тўпламлари ва зарур оргтехника воситалари билан тўлиқ жиҳозлаш ва сайлов комиссиялари самарали фаолият кўрсатиши учун шароит яратиб бериш, шаҳарлараро телефон тармоғига, E-хат ва интернет тармоқларига уланишини таъминлаш, комиссия таркибини қайта кўриб чиқиш ва тўлиқ шакллантириш, тузиладиган сайлов участкалари жойлашадиган биноларни хатловдан ўтказиш, сайловчилар учун қулай шароитларга эга бўлган биноларни танлаш каби тадбирларга қаратилди.
Акрамжон Сатторов, ЎзА
Манба: ЎзА