Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Туз бўрони келтирган талофатларни кўчма лаборатория назоратга олади
2018-06-12 | Жамият
Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги 26 май куни бўлиб ўтган туз бўрони оқибатларини бартараф этиш йўлида навбатдаги ишларни Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширди. Вазирлик ходимлари ва мутахассисларидан иборат гуруҳ фермерлар учун Хўжайли туманида амалий семинар ўтказди.
150 дан ортиқ фермерлар қатнашган мазкур тадбирда Биорганик кимё институти томонидан тақдим этилган Биосолвент ва ДАГ-1 препаратларидан қандай фойдаланиш, таъсир муддати ва уларни ишлатиш билан боғлиқ жараёнлар ҳақида маълумот берилди. Шундан сўнг, мутахассислар туздан зарар кўрган ҳудудлардан бирига ташриф буюришди. Махсус техника ёрдамида препаратлар туз бўронидан зарар кўрган ерларга сепилди.
Шунингдек, тупроқ ва экинлардан намуна олиниб, ўрганиш учун лабораторияга юборилди. Мақсад – тупроқ таркибини ва ўсимликлар ҳолатини ўрганиш, ва мабодо, яна шундай ҳолат такрорлангудек бўлса, тез таъсир этувчи воситалар ёрдамида табиий офат етказадиган зарарнинг олдини олишга тайёр туришдир.
Таъкидлаш лозимки, бундан аввал Инновация вазирлиги ишчи гуруҳи айни ишларни Хоразм вилоятида амалга оширган эди. Кузатув натижаларига кўра, июнь ойининг бошида ушбу препаратлар сепилган далаларда бугунги кунда тупроқ таркиби зарарли тузлардан тозаланган ва ғўза ғунчалари йириклашган.
Яна бир янгилик – Инновация вазирлиги махсус кўчма лаборатория ташкил этиб, мунтазам равишда ҳудуд тупроқларининг таркибини ўрганишни мақсад қилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги