БОКС: Уч нафар спортчимиз олтин медал учун курашни давом эттиришади, тўрт нафари эса бронза медали соҳиблари
Қозоғистон пойтахти Астанада ўтаётган бокс бўйича халқаро “Президент Кубоги”да уч нафар боксчимиз олтин медал учун курашадиган бўлди.
Мусобақанинг ярим финал баҳсларида етти нафар ҳамюртимиз жанг олиб боришди.
56 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган Шаҳобиддин Зоиров мусобақа мезбони, Жаҳон чемпиони Қайрат Ералиевга қарши жанг қилди. Гарчи Шаҳобиддин бутун жанг давомида ташаббусни қўлдан чиқармаган бўлса-да, ҳакамлар ютуқни ринг эгаларига бериб юборишди.
60 кг.лилар баҳсида омад ҳамюртимизга кулиб боқди. Шунқор Абдурасулов финал йўлланмаси учун мезбонлардан яна бири Закир Сафиуллинга қарши ҳаракат қилди ва якунда ғалаба қозонишга муваффақ бўлди. Энди Шунқор мусобақанинг ҳал қилувчи жангида россиялик Габил Мамедовга қарши рингга чиқади.
-64кг вазн тоифасидаги баҳсларида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Иқболжон Холдоров ярим финал жангида таиландлик Вуттичаига қарши рингга кўтарилиб, рақибини мағлубиятга учратди ва финалга чиқди.
Энди у ҳал қилувчи баҳсда қозоғистонлик Бекдаулет Ибрагимовга қарши жанг қилади. Бекдаулет ярим финалда ҳамюртимиз Алиёр Норалиевни енгиб, финалга равона бўлганди.
- 69 кг. вазнлилар ўртасида жанг олиб борган Маҳмуд Ғоипов Қозоғистон вакили А.Жусуповга имкониятни бой бериб қўйди.
-75 кг вазн тоифасидаги баҳсларида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Исроил Мадримов қозоғистонлик Абилхон Аманкул билан баҳс юритди. Ҳакамлар Шаҳобиддин каби бу гал ҳам очиқдан-очиқ мезбонларга ён босди. Ваҳоланки, Исроил уч раундли жангнинг иккитасини ўзининг фойдасига ҳал этганди, бунинг устига иккинчи раундда ҳакам Аманкулдан бир очкони олиб ташлаганди ҳам. Бир сўз билан айтганда, ҳакамлар Исроилдан ғалабани тортиб олишди. Исроил ҳам Шаҳобиддин каби турнирнинг бронза медали билан кифояланди.
Турнирнинг -81 кг вазн тоифасидаги жангларини кўтаринки руҳда ўтказаётган Бектемир Мелиқўзиев қозоғистонлик Нурдаулетовга қарши жанг ўтказди ва ғалаба қозонди. Бектемирнинг финалдаги рақиби мезбон Бек Нурмаганбет бўлади.
Финал баҳсларининг эркаклар ўртасидаги жангларида энг кўпчиликни мезбонлар ташкил этишмоқда – 12 нафар. Иккинчи ўринда Ўзбекистон ва россияликлар – уч нафардан, шунингдек, Филиппин ва АҚШ терма жамоаларининг бир нафардан вакиллари ҳам бош соврин учун курашиш имкониятига эга бўлишди.
Финалнинг аёллар ўртасидаги жангларида тўрт нафар қозоғистонликлар, икки нафар япониялик ва бир нафардан Таиланд ҳамда швециялик спортчилар рингга чиқишади.
Манба: ЎзА