БОКС. Қозоғистон турнирида боксчиларимиз бош совринга асосий даъвогар!
Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бокс бўйича анъанавий “Президент Кубоги” нуфузли мусобақаси давом этмоқда.
Олтинчи маротаба ўтказилаётган, бокси ривожланган 15 давлатдан 170 нафар спортчи иштирок этаётган мусобақада 16 нафарли таркиби билан қатнашаётган Ўзбекистон терма жамоаси бош совринга асосий даъвогар ҳисобланади. Шунингдек, Россия, АҚШ, ва албатта, мезбонларнинг ҳам имкон қадар кўпроқ олтин медал илинжида иштирок этишмоқда.
Ҳамюртларимиз дастлабки жангни муваффақиятли бошлашганидан хабарингиз бор. Маҳмуд Ғаипов (69 кг.) ва Алиёр Норалиев (64 кг.) дастлабки босқични ўз фойдаларига ҳал этишганди. Кеча яна икки вакилимиз иштирокини ғалаба билан бошлади.
Шунқор Абдурасулов (-60 кг.) мезбон боксчи, ёшлар ўртасида Осиё чемпиони Саматали Толтаевни 4:1 ҳисобида мағлуб этди. Шунқор бугун чорак финал жангида филиппинлик 29 ёшли тажрибали боксчи Чарли Суарезга қарши жанг ўтказади. Чарли ушбу турнирнинг 2014 йилги кумуш медали соҳиби ҳисобланади.
Шунингдек, -75 кг. вазн тоифасидаги боксчимиз Исроил Мадримов ҳам илк жангида мезбонлар вакилидан устун келди ва Толешга ҳеч қандай имконият қолдирмади – 5:0.
Аёллар вакилларимиздан Турсуной Раҳимова эса таиландлик рақибаси Татхип Ваннапромга ютқазиб қўйди.
Бугун, шунингдек, -52 кг. вазнда юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Жасур Латипов қозоғистонлик Ануар Музапаровга қарши рингга кўтарилади. Қуръа натижасига кўра, Жасур биратўла чорак финалга йўлланма олганди. Ануар эса саралаш баҳсларида мўғулистонлик Нурлан Аскарни мағлубиятга учратган. Маҳмуд Ғоипов (69 кг.) хитойлик Маимаититу Эрсун-Кионгга, Бектемир Мелиқўзиев (81 кг.) ҳиндистонлик Деваншу Жаисвалга, Улуғбек Мубинов (+91 кг.) эса россиялик Максим Бабанинга қарши жанг ўтказади.
Ойбек Юнусов
Манба: ЎзА