Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мақсадимиз буюк халқимизга хизмат қилишдир!
2018-06-07 | Жамият
Жорий йилнинг 6 июнь куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирни Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жахонгир Ортикхўжаев олиб борди. Унда 11 та туман прокурорлари, ички ишлар бошқармалари раҳбарлари ва бошқармаларнинг мутасадди вакиллари иштирок этишди.
Маълумки, жорий йилнинг 1 июнь куни давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳри туманларида бўлиб, жойларда олиб борилаётган ишлар билан танишиб, камчиликлар бўйича ўз эътирозларини билдириб ўтган эдилар. Шу муносабат билан ташкил этилган йиғилишда пойтахтимизда амалга оширилган ва олиб борилаётган ишлар таҳлил этилди. Айнан болалар уйи тарбияланувчилари, кам таъминланган, ногирон ва уй-жойга эҳтиёжи катта бўлган аҳоли қатлами билан ишлаш механизми қониқарсиз деб баҳоланиб, ҳар бир раҳбар ўз масулиятни хис қилган ҳолди иш кўришга, пойтахтимизнинг ҳар бир тармоқ бўйича ривожланишида ситқидилдан ҳаракат қилишига, аҳолининг турмуш даражасини оширишда масъул эканликлари таъкидланди ва улар эндиликда бу борадаги ишларни юқори талабчалик ва масъулият билан бажаришларини билдириб ўтишди.
Таъкидлаш керакки, бугунга қадар Тошкент шаҳри туманларида аҳоли мурожаатларини эшитиш ва уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишда бир қанча оқсоқликлар сезилаёттган эди. Бунинг оқибатида эътиборсиз қолдирилган ҳудудларда аҳоли дардини кимга айтишни ва қаердан ёрдам олишни билмай қолган эди. Аммо пойтахтимизда бу масалани ечишга қодир бўлган катта жамоа ва бирдам куч бор. Йиғилишда Тошкент шаҳар ҳокими, туман ҳокимлари ва бошқа масъуллар бу каби камчиликларни тез фурсатда бартараф қилиб, кейинчалик бундай писандсизликка йўл қўймаслик борасида аниқ чора-тадбирларни белгилаб олишди. Ҳокимликлар бюрократик идора эмас, халқ билан очиқ мулоқот ўтказадиган, аҳоли манфаати йўлида ҳаракат қиладиган муассаса бўлиши лозимлигини қайд этиб, халқни рози қилиш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этишларини маълум қилишди.
Донишларнинг шундай гапи бор: “Бу дунёда инсон ўз меҳнати, ақл-ғайрати, ташаббускорлигию ҳаракати билан ўзи кўзлаган марралар, юксак натижаларга эриши мумкин. Бунинг учун аввало юртда, маҳаллада, оилада ва энг энг муҳими инсоннинг кўнглида тинчлик, хотиржамлик ҳукм суриши керак”. Шукурки, она ватанимиз тинч, маҳаллаларда ҳам ҳаёт осуда кечмоқда. Аммо орамизда катта мақсадлар, орзу ниятларга эришаётган қатори, эътибордан четда қолаётганлар ҳам йўқ эмас. Бу масалани Тошкент шаҳри мисолида кўриб чиқадиган бўлсак, пойтахтимизда кенг кўламда амалга оширилаётган бунёдкорликлар қатори, бир неча ўн йиллар давомида сувоқ тегмаган турар жойлар бор. Хайрия ва саҳоват ишлари кўлами кенг бўлсада, ҳозиргача холидан хабар олинмаган муҳтож оилалар, кексалар ва болалар йўқ эмас. Бундай оилалар саноқли десак янглишамиз. Негаки, шаҳримизнинг ҳар бир туманида ночор аҳволдаги хонадону инсонлар топилади. Биз одатда ютуқларимиз ила фахрланишга ўрганиб қолганмиз, камчиликларни яширишга уринамиз. Бироқ ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Ҳар куни халқимиз фаровон яшаяпти дея шукрона қиламизу ҳамма ҳам тўкин ҳаёт кечираётганмикан деб ҳар доим ҳам ўйламаймиз. Давлатимиз раҳбарининг деярли ҳар бир чиқишларида халқ биздан рози бўлиши керак деган фикрлар янграйди. Улар қай бир вилоят, шаҳар ва туманга бормасинлар оддий халқ ҳаёти билан танишадилар ва турмуш шароитини ўрганадилар. Элу юрт тақдирига масъул эканликларини ҳар дақиқада ҳис этадилар ва ҳар дам халқ дарди, манфаатини ўйлайдилар. Нима қилсак, халқимизга яхши бўлади, фаровонлик ортади, юксалиш бўлади дея фикр юритадилар. Катта карвон қайга борса, кичиги унга эргашиши, илмидан, амалидан ўрнак олиши керак. Шу маънода давлат раҳбарининг куюнчаклиги, элпарварлигидан мутасаддиларнинг бари ўрнак олиши, оддий халқ орасида, одамлар даврасида юриши, улар билан мулоқотга киришиб, ҳаётидаги муаммолар, қийнаётган масалаларни ўрганиши ҳамда имкон қадар инсонлар ҳаёти фаровон бўлиши, бахтли яшаши учун шароит яратиш, ёрдам бериши лозим.
Яқин кунларда пойтахтимиз ҳаётини ўрганиш ишлари хулосаси, шаҳримизда мутасаддилар эътибори, яхши инсонлар кўмагига муҳтож бўлган ўнлаб оилалар борлигини кўрсатди. Улар кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолган эмас. Йиллар давомида йиғилган муаммолар, дарду аламлар инсонларнинг руҳий ҳолати, саломатлиги, турмуш тарзига шу қадар салбий таъсир этганки, кўрган кишининг юраги увушади, ачиниш ҳиссини туяди. Энг асосийси уларни қийнаётган муаммо ечим топмас масала эмас. Аксариятини турар жой етишмаслиги ҳамда уй жойидаги шароитлар талаб даражасида эмаслиги каби муаммолар қийнайди. Сўнгги йилларда бу борада хайрли ишлар қилинаяпти. Айнан кам таъминланган, муҳтож оилалар учун уй жойлар қуриб берилаяпти. Ёш оилаларга арзон турар жойлар тақдим қилинаяпти. Шу маънода айни кунда бу масалада қийналаётган оилалар ҳам эътибордан четда қолмайди. Биз уруш йилларида ўзи қийналиб кун кечирсада, бир бурда нонини бир қанча миллат ва элатлар билан баҳам кўрган, бошпанасидан уйсизларга жой берган халқмиз. Наҳот ўзимизнинг ночорларни қаровсиз қолдирсак. Орамизда кам таъминланган кишилар бўлгани билан ўзига тўқ ва атрофдагиларга ёрдам берадиганлар кўп. Хайрия ишларини одатга айлантирганлар, савобдан кўнгли ёришадиган ҳам талай. Шу маънода ҳокимлик ва шундай бағрикенг, саҳоватпеша инсонлар кўмаги ила ёрдамга муҳтож оилаларнинг барчасига кириб борилади. Оилавий аҳволи, турмуш шароити, оила аъзоларини саломатлиги ўрганилади. Аниқланган кам кўстлар таҳлил қилиниб, эҳтиёжманд кишиларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилади. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, туман ҳокимликлари ва бошқа мутасаддилар бундан буёғига ҳар бир инсонга меҳр ва эътибор билан деган шиорга амал қилган ҳолда иш кўради. Аҳолининг мурожаатини кутиб ўтирмай, жойларга чиқиб аҳолининг ҳаёти, турмуш тарзи, муаммоларини ўрганади. Керак бўлса, уй жой масаласидан ташқари банд бўлмаган аҳолини иш билан таъминлаш ва бошқа масалалар бўйича чоралар кўрилади. Аммо шу ўринда мавжуд муаммоларнинг бир жиҳати айрим аҳоли қатламининг боқиманда кайфияти билан боғлиқ деган фикрни ҳам айтиб ўтмасак бўлмас. Ризқ ва барака ҳаракатда деган ҳадисни ҳам унутмаслик керак. Шу маънода яхши яшаш, бахтга эриш учун инсонларнинг ўзи ҳам ақлли, илми, салоҳиятию бошқа имкониятларини ишга солган ҳолда ҳаракат қилсалар, ҳаётлари ўз ўзидан яхшиланиши шубҳасиз. Шу ўринда японларнинг бир нақлини эслаб ўтишни жоиз деб топдик. “Сен фарзандинга балиқ ейишни эмас, уни тутишни ўргат. Шунда у умри давомида ўз ризқини топади”. Ҳамма бахтли яшашга ҳақли экан, демак бунинг учун ҳамма бирдек ҳаракат қилиши чўзилаётган ёрдам қўлини маҳкам тутиб, қийинчиликлардан ўтиб олгач, ҳаётда илдам бориши керак.
Мутасаддилар халқни рози қилишни мақсад қилишган ва шу йўлда ҳаракат қилишга киришишган экан, аҳоли ҳам уларнинг саъйи ҳаракатларига хойрихоҳ бўлган ҳолда эзгу мақсадлар йўлида бирлашсин. Муаммоларни биргаликда хал этсин. Куч бирлик, жипслик ва аҳилликда. Шундай экан инсон манфаатлари йўлида бирдам ҳаракатга киришайлик.
Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги