Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Экспортга старт берилди!
2018-06-07 | Иқтисодиёт
Янги марраларни кўзлаган "Бритиш Американ Тобакко – Ўзбекистон" қўшма корхонаси йирик лойиҳани амалга татбиқ этиш арафасида. Узоқ йиллик танаффусдан сўнг ниҳоят корхона маҳсулотлари яна хорижга экспорт қилина бошламоқда. Илк харидор эса Қирғизистон. Маҳсулот ортилган юк машиналари ушбу давлат сари йўл олди.
Мамлакатимизда 1994 йилдан бери мувафаққиятли фаолият олиб борибаётган “Бритиш Американ Тобакко – Ўзбекистон” ўзбек-британ компанияси ўтган 24 йил давомида соҳа модернизацияси учун 400 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритди.
Айни кунларда қўшма корхона мамлакатдаги йирик солиқ тўловчилардан бири бўлиб, бу ерда 1200 дан зиёд ходим муқим иш ўрнига эга. Шунингдек, ЎзБАТ 600 дан ортиқ фермер, Самарқанд вилоятидаги етти мингга яқин тамаки етиштирувчи хўжаликлар билан ҳамкорликда иш юритиб келмоқда.
Мамлакатимизда валютага доир сиёсатнинг либераллаштирилиши ҳамда бозор курсининг миллий валютада ифода этилиши “Ўзбекистон Бритиш Американ Тобакко” корхонаси томонидан Самарқанд сигарет фабрикасининг модернизацияси ҳамда уни тайёр маҳсулот экспорти бўйича ҳудудий марказга айлантириш учун қўшимча инвестициялар киритишда кенг имкониятлар эшигини очди.
- Кейинги икки йилда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли экспорт масаласида мақбул шарт-шароитлар юзага келди, - дейди Самарқанд сигарет фабрикаси директори Дмитрий Осовик. – Хусусан, 2018 йилнинг биринчи чорагида узоқ йиллик танаффусдан сўнг Қирғизистон ҳамда Туркманистон давлатларига маҳсулотимизни етказиб бериш юзасидан илк шартномалар имзоланди. Шунингдек, режада Қозоғистон, Тожикистон, Мўғилистон билан ҳам шундай шартномалар имзоланиши кутилмоқда. Ушбу давлатлар бозорларида “Бритиш Американ Тобакко – Ўзбекистон” маркаси маҳсулотлари учун экспорт потенциали бир йилга 15 миллион АҚШ долларини ташкил қилади.
Корхонада экспорт фаолиятининг яна йўлга қўйилиши бу оддий ҳодиса эмас. Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулоти фақат импорт ўрнини босиш билангина чекланиб қолгани йўқ. Истиқболни кўзлаган ҳар қандай тадбиркор учун маҳсулотни экспорт қилиш муҳим ҳодиса ва бу давр тақозоси ҳамдир.
Айни пайтда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан мазкур корхонага товарларнинг экспортини амалга оширишда божхона назорати ва расмийлаштируви бўйича аниқ амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси