Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Диний ташкилотлар фаолияти қайтадан кўриб чиқилди
2018-06-07 | Жамият
“Мамлакатимизда диний ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш масалалари”. Айни шу мавзуда Адлия вазирлигида давра суҳбати ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари ҳамда Тошкент шаҳридаги фаолият юритаётган масжидлар имомлари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби фуқароларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги соҳасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини қайд этишди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисида”ги қарори ҳамда кўплаб қонуности ҳужжатлари қабул қилинган.
Давра суҳбатида Адлия органлари томонидан давлат рўйхатига олинган диний ташкилотлар фаолияти самарадорлигини янада ошириш, уларнинг қонуний асосда яратиб берилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари, давлат томонидан улар фаолиятини ривожлантириш борасида берилаётган кенг имтиёзлар, уларнинг мамлакатни модернизация қилишдаги ролини мустаҳкамлаш, шунингдек, қонун ҳужжатлари ва Низом талабларига риоя этилиши бўйича ўзаро фикр алмашилди.
Тадбир давомида диний ташкилотларининг амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилишлари бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги