Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Теннис: Санжар Файзиев ва Сабина бош совринни қўлга киритди
2018-06-05 | Спорт
Андижонда ташкил этилган теннис бўйича халқаро турнирда Санжар Файзиев ва Сабина Шарипова мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, бош совринни қўлга киритди.
Дунёнинг йигирмага яқин давлатидан келган юздан ортиқ теннисчилар ўртасидаги мусобақа Ўзбекистон ва Халқаро теннис федерациялари томонидан ўтказилди.
"Фьючерс" туркумидаги мусобақанинг эркаклар ўртасидаги яккалик баҳсларида Санжар Файзиев финал учрашувида туркиялик Кем Илкелга қарши кортга чиқди. Ушбу учрашувнинг биринчи сетини тай-брекда ўз фойдасига ҳал қилган Файзиев, иккинчи сетда 6:4 ҳисобида ғалаба қозонди ва мусобақа ғолибига айланди.
– Турнирнинг барча босқичларидаги рақибларим кучли теннисчилар эди, – дейди С.Файзиев. – Ғалаба қозониш осон кечмади. Лекин кўзлаган мақсадимга эришдим.
Мусобақанинг хотин-қизлар ўртасидаги яккалик баҳсларида мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси Сабина Шарипова финал учрашувида словениялик Кая Хуванни 6:4, 6:2 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
Манба: ЎзА