Франциянинг тиллар ва цивилизация кутубхонаси Марказий Осиё манбалари бўлимига эга бўлган мамлакатдаги ягона маданий муассаса ҳисобланади. Кутубхонада дунёнинг 180 та мамлакатидан келтирилган 350 тилдаги нодир китоблар, қўлёзмалар, илмий тадқиқот ишлари сақланади.
Дунёдаги исталган халқнинг маданий савияси, келажак мавқеини ўлчайдиган муҳим мезон бор. Қайсики миллат китобга, кутубхона ишига эътибор қаратса, унинг тараққийлик даражаси ошиб бораверади. Бу – исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Давлатимиз Раҳбари томонидан мамлакатимизда китобхонликка катта эътибор берилишининг сабаби ҳам ана шунда.
Франция маданий доираларини Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан таништириш мақсадида Парижда бўлиб турган бир гуруҳ исломшунос, шарқшунос олимлар Франция миллий кутубхонаси, Франциянинг тиллар ва цивилизация кутубхонасига ташриф буюрди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад кутубхоналар фаолиятини ўрганиш, уларда сақланаётган буюк аждодларимиз қаламига мансуб нодир асарлар, қўлёзмаларни тадқиқ этишга қаратилган ишларни ташкил қилиш, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.
Таъкидлаш керакки, Франциянинг тиллар ва цивилизация кутубхонаси Марказий Осиё манбалари бўлимига эга бўлган мамлакатдаги ягона маданий муассаса ҳисобланади. Кутубхонада дунёнинг 180 та мамлакатидан келтирилган 350 тилдаги нодир китоблар, қўлёзмалар, илмий тадқиқот ишлари сақланади. Ҳар куни юзлаб талабалар, тадқиқотчилар ва хорижлик меҳмонлар бу ерга ташриф буюриб, ўзлари қизиққан соҳага оид манбалар билан танишадилар.
Кутубхона директори Бенжамин Гишарнинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Европада Марказий Осиё минтақасига бўлган қизиқиш ортиб бормоқда. Шу сабабли кутубхона фондини Ўзбекистонда нашр этилган китоблар билан тўлдириш устувор йўналишлардан бири бўлиб турибди. Франциянинг тиллар ва цивилизация кутубхонаси раҳбарияти билан жорий йилда Ўзбекистонда чоп этилган китоблар намойишини ташкил этиш, ўзаро мутахассислар алмашиш, делегациялар ташрифини йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Шу куннинг ўзида кутубхонада Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида нашр этилган 15 та китобнинг тақдимот тадбири бўлиб ўтди. “Марказий Осиё мамлакатлари ичида Ўзбекистон ўзининг илмий салоҳияти, фан ва таълимга эътибори билан ажралиб туради. Мовароуннаҳр уламолари асарлари, хусусан, Имом Бухорийнинг XVII асрга оид “Саҳиҳи Бухорий” китоби, Ибн Синонинг “Тиб қонунлари”, Мирзо Улуғбекнинг “Зижи жадиди Кўрагоний”, Маҳмуд Замахшарийнинг “Муқаддаматул адаб” асари қўлёзмалари фондимизнинг чин маънодаги хазинаси ҳисобланади. Биз ушбу асарларни ўрганишда ўзбекистонлик мутахассислар билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз”, - дейди Бенжамин Гишар.
Шунингдек, 31 миллион китоб фондига эга Франция миллий кутубхонасида ўтказилган суҳбат чоғида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази тадқиқотчи ва мутахассисларининг Францияда малака оширишини ташкил қилиш, мамлакатимизнинг бой тарихига оид нодир қўлёзмаларнинг нусхаларини олиш ҳақида келишиб олинди. Уларнинг орасида Қуръони каримнинг VIII-XI асрларда куфий ва настаълиқ ёзувларида кўчирилган нусхалари, Имом Бухорий, Хоразмий, Беруний, Фарғонийнинг араб ва лотин тилларида кўчирилган нодир нусхалари мавжуд.
Франция миллий кутубхонаси раҳбарияти “Маданият ходими” дастури доирасида 2 нафар ўзбекистонлик амалиётчини қўлёзмаларга дастлабки ишлов бериш ва тиклаш, шунингдек, қўлёзмаларни рақамлаштириш мутахассисликлари бўйича қабул қилишга тайёр эканини маълум қилди.
Ташриф давомида эришилган келишувлар, Франция нуфузли идоралари раҳбарларининг мамлакатимиз ҳақида, Ўзбекистон Президенти томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида билдираётган ижобий фикрлари Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бораётганидан дарак беради.
Манба: ЎзА