Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бухорода “ҳуқуқий ахборот кунлари”
2018-05-07 | Жамият
Жамиятда хуқуқий онг, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашда ҳуқуқ тартиботи идораларининг ўрни ва роли беқиёсдир.
Жонажон диёримизда яшаётган фуқароларнинг дарду ташвишини, уларни қийнаётган муаммоларни эшитиш ва ҳал этиш, улар билан ҳамнафас бўлиш, аҳолимизга қабул қилинаётган қонунларни халқчил, оддий тилда тушунтириш, шунингдек, фуқароларнинг давлат органларидан рози бўлишлари учун бор имкониятлардан тўлалигича фойдаланиш мақсадида Бухоро вилоятининг Вобкент туманида “Фуқаролар давлат органларига эмас, давлат органлари фуқароларга хизмат қилиши керак” шиори остида “Ҳуқуқий ахборот кунлари” ўтказилди.
Унда Бухоро вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳам иштирок этишди. Тадбир давомида, бухоролик божхоначилар ўзларининг божхона бурчакларини ҳам ташкил этишди. Бу эса, касб танлаш истагида бўлган ёшларни беэътибор қолдирмади. Мутахассислар, ёшлар томонидан божхона соҳасига оид берилган ҳар бир саволга батафсил маълумот бериб ўтишди. Энг қувонарлиси, ушбу тадбир кўплаб ёшларда божхона соҳасига қизиқиш уйғонишига сабаб бўлди.
Шунингдек, “Ҳуқуқий ахборот кунлари”да иштирок этган хусусий тадбиркорларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12-апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”даги Фармони доирасида 2018-йил 1-июлдан бошлаб жорий этиладиган тартиб ҳақида тушунтириш берилди.
Ўйлаймизки, давомли равишда ўтказилаётган бу каби тадбирлар, аҳолига қонунчилигимизда юз бераётган ўзгаришлар билан яқиндан танишишга имкон беради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси