Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президент совғалари ўз эгаларига топширилмоқда
2018-05-04 | Жамият
Инсон азиз, хотира боқий. Мустақиллик, тинчлик улуғ неъмат. Халқимизнинг озодлиги, юртимиз ободлиги ва фаровонлигида, бугунги тараққиётимизда иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийларининг хизмати беқиёс аҳамиятга эга.
Иккинчи жаҳон урушида 1,5 миллион ватандошларимиз оловли жанг майдонларида мардонавор курашди ва уларнинг 500 мингигина юртимизга қайтди. Ушбу фахрий нуронийларнинг атиги 1000 дан ортиғи бугун орамизда. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, қолаверса, юртимиз тинчлиги ва хавфсизлиги йўлида, хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотирасини абадийлаштириш, барча фахрийларга ҳурмат кўрсатиш, уларнинг турмуш шароитини янада яхшилаш, кам кўстини тўлдиришга ҳукуматимиз ва кенг жамоатчилик томонидан алоҳида эътибор қаратилади. Бу йил ҳам иккинчи жаҳон урушида қатнашган фахрийларга 5 миллион сўмдан пул мукофотлари топширилди, уларнинг истагига кўра хизмат қилган давлатларига бепул бориб саҳёт қилиш имконияти яратилди, хонадонлари таъмирланди. Тошкент шаҳри ҳокимлиги томонидан ҳам ишчи гуруҳи тузилиб, жойларда байрам олди тадбирлари катта тайёргарликлар билан амалга оширилмоқда. Пойтахтимизнинг ҳар бир туманидаги уруш қатнашчилари, меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиб, уларга президент совғалари топширилмоқда.
Ҳозирда Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Ибн Сино маҳалласида истиқомат қилувчи Владимир Александрович Кузнецов 1945 – 1945 йилларда иккинчи жаҳон урушида иштирок этган. 15 ёшида даҳшатли урушни кўрган йигит учун ёшлик йиллари осон ўтмаган. У урушдан кейин ҳам узоқ йиллар давомида меҳнат қилди. Айни шу маҳаллада яшовчи Александра Анатолевна Джалилова ҳам уруш ва меҳнат фахрийларидан ҳисобланади. Ишчи гуруҳ аъзолари ушбу нуронийларнинг хонадонида бўлиб яшаш шароитини ўрганди, улар ўзлари учун белгиланган имтиёзлардан қай даражада фойдаланаётганлиги ҳақида суҳбатлашди. Бугунги тинч кунлар, фаровонликда уларнинг ҳиссалари муҳим эканлигини таъкидлаб, табрикнома, совғалар ва пул мукофотини топширди.
Худди шунингдек, фаоллар туманнинг “Зафаробод” маҳалласида истиқомат қилаётган Анастасия Андреевна Трафимова ҳамда “Ўзбекистон” маҳалласи фуқароси Анна Николаевна Абдушукурова хонадонларида ҳам бўлиб нуронийлар мунтазам эътибор, эҳтиром ва эъзозда эканлигини маълум қилди. Уларга ҳам табрикнома, совғалар ва пул мукофоти топширилди
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари чин маънода қаҳрамонлардир. Бугун ҳукуматимиз, халқимиз ардоғида бўлган бу нуронийлар уларга кўрсатилаётган ғамхўрликдан мамнун. Тилидан шукрона тушмайди. Дуоларида юртимиз тинчлиги, озодлиги, ободлик ва фаровонлик, тараққиёт бардавом бўлишлигини тилайди.
Кексаларни қадрлаган ва уларга муносиб ҳурмат кўрсатган, ёшларни ҳар томонлама қўллаб – қувватлаган, хотираси уйғоқ миллат ва халқ ҳеч қачон кам бўлмайди.
Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги