Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Одамларнинг оғирини енгил қилиш, барча соҳаларда адолатни таъминлаш – асосий вазифамиз
2018-05-04 | Сиёсат
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2-3 май кунлари Наманган вилоятида бўлди.
Давлатимиз раҳбари ташрифнинг иккинчи куни Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Тўра Ибрат мемориал мажмуасида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Ўзбекистон замини дунё тамаддуни ва илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ алломалар, азиз-авлиёлар юрти сифатида шуҳрат қозонган. Аждодларимиз бебаҳо меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, қадамжоларини обод масканга айлантириш доимий эътиборда.
Шавкат Мирзиёев 2016 йил 2 ноябрь куни Наманган вилояти сайловчилари билан учрашувда Исҳоқхон Ибрат боғи ва ёдгорлик мажмуасини барпо қилиш, “Ибрат мактаби”ни ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди.
Қайд этиш жоизки, ХIX асрда Тўрақўрғон заминида туғилиб ўсган Ибрат араб, форс, рус, ҳинд, урду, инглиз, француз тилларини яхши билган. Қадимий финикия, яҳудий, сурия, юнон ёзувларини ўрганган. Серқирра ижодкор сифатида “Луғати ситта ал-сина” (“Олти тилли луғат”), “Жомеъ ул-хутут” (“Хатлар мажмуи”), “Тарихи Фарғона”, “Тарихи маданият” , “Мезон уз-замон” ("Замон тарозуси"), “Санъати Ибрат, қалами Мирражаб Бандий” каби ўндан ортиқ тилшуносликка оид, илмий-тарихий ҳамда маърифий асарлар яратган. Ибрат домла 1886 йилдаёқ эски мактабларга нисбатан бирмунча илғор бўлган мактаб очган. 1907 йилда эса янги “усули савтия” мактабини ташкил этиб, қишлоқ болаларини ўқитган.
Ибрат ўлкамиздаги илк матбаачилардан бири сифатида 1908 йил Оренбург шаҳридан литографик машина харид қилиб, уни Оренбургдан Қўқонгача поездда, Қўқондан Тўрақўрғонга туяларга ортиб, катта машаққатлар билан олиб келган ва ўз ҳовлисида “Исҳоқия босмахонаси”ни ташкил қилган. Бу босмахона ўтган асрнинг 60-йилларигача фаолият кўрсатиб келган ва у ерда турли илмий-маърифий китоб ва рисолалар, миллий газеталар чоп этилган, уларни тарқатиш учун Фарғона водийси бўйлаб ўнлаб китоб дўконлари ташкил этилган.
Давлатимиз раҳбари ўтган йил июль ойида Наманган вилоятига ташрифи доирасида ушбу комплексда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишган, уни мазмун жиҳатидан такомиллаштириш, тил ўргатиш бўйича махсус мактабни Наманган давлат университети қошида ташкил этиш, бу ерда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти билан ҳамкорликда хорижий тилларни чуқурлаштирилган тарзда ўргатиш зарурлигини таъкидлаган эди. Ўқитувчи ва ўқувчиларга зарур шароитлар яратиш, мажмуа атрофини ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берган эди.
Ўтган вақт мобайнида икки гектардан зиёд майдонни эгаллаган мемориал мажмуада кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Лойиҳа қиймати 13 миллиард сўмдан зиёд мажмуа боғ-хиёбон, унинг ўртасида Исҳоқхон тўра Ибрат ҳайкали, миллий услубдаги айвон, босмахона, мусиқали фаввора, чет тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган 400 ўринли мактаб-интернат ва тарихий-меъморий обидада барпо этилган музейни ўз ичига олади.
Президентимиз Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослашган мактаб-интернатда бўлди, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди.
– Ибрат домланинг эл-юртимиз тараққиёти йўлидаги фидокорона хизматлари нафақат ўз даврида, балки бугунги кунда ҳам барчамиз учун ҳақиқий ибрат намунаси бўлиб қолмоқда, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ёшларимиз шунга муносиб, юрт корига ярайдиган инсонлар бўлиб вояга етиши керак. Бу мактабга нафақат Наманган вилояти, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан энг иқтидорли ёшлар ўқишга қабул қилинади.
Хорижий тиллар бўйича илмий ишлар қилиш, тил ўргатиш методологиясини такомиллаштириш, мактаб-интернатда дарсларни шу асосда олиб бориш кераклиги қайд этилди.
Президентимиз Ибрат мактабини аъло баҳоларга битирган ўғил-қизларни олий ўқув юртларига имтиҳонсиз қабул қилиш ва грант асосида ўқитиш бўйича топшириқ берди.
Шавкат Мирзиёев мажмуага уйғун тарзда Косонсой сойининг икки қирғоғида бунёд этилган хиёбонни кўздан кечирди. Бу ерда қурилаётган уй-жойлар, савдо шохобчалари, кўнгилочар масканлар, сайр йўлаклари ва бошқа инфратузилма объектлари қурилишини янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар берди.
Исҳоқхон Ибрат музейи билан танишув асносида Президентимиз вилоят зиёлилари, нуронийлар билан мулоқот қилди. Улар давлатимиз раҳбарига буюк аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратаётгани учун миннатдорлик изҳор этди.
Мамлакатимизда мактабгача таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, болаларни мактабга тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Давлатимиз раҳбари ҳудудларга ташрифи чоғида шундай муассасалар фаолияти билан танишмоқда. Бу бежиз эмас. Мутахассислар фикрича, ўқувчиларнинг фанларни қанчалик пухта ўзлаштириши боғчада олган билимига боғлиқ.
Бу борада Наманган вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз кўрсатмалари асосида Тўрақўрғон тумани “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 2 миллиард 250 миллион сўм эвазига 10-мактабгача таълим муассасаси барпо этилди. Исҳоқхон Ибрат мажмуаси ёнида жойлашган ушбу боғчада болажонлар таълим-тарбия олиши учун барча шароит яратилган. Жорий йилда боғчага 200 болани қабул қилиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбарига боғчада ўтказилаётган машғулотлар жараёни, яратилган шароитлар ҳақида маълумот берилди.
Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳар давлат хизматлари марказида бўлди. Марказга “Карбонам” МЧЖ тасарруфидаги фойдаланилмай турган тўрт қаватли бино ажратилган. 15 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига реконструкция ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.
Марказда электрон навбат тизими жорий этилган бўлиб, кунига 800 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларга 50 дан зиёд давлат хизматлари кўрсатилади. Бу ерда Халқ қабулхонаси, нотариал идора, ФҲДЁ, паспорт бўлимлари, суғурта, кадастр, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш хизматлари, банк шохобчаси жойлашган. Тез тиббий ёрдам хизмати, болалар майдончаси, кафе ташкил этилган.
Давлатимиз раҳбари марказдаги шарт-шароитлар билан танишди, ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш жараёнини бевосита кузатди. Ушбу гувоҳномаларга микрочип ўрнатилган бўлиб, шахснинг паспорт маълумотлари киритилади. Паспорт бўлмаганда шахсни тасдиқловчи ҳужжат ўрнига ўтади.
Зиёдулла Жонибеков, Матназар Элмуродов, Умар Асроров, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА