Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Болалар тиббий кўрикдан ўтказилди
2018-05-03 | Соғлиқни сақлаш
Мамлакатимиз билан Корея Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик тобора ривожланмоқда. Бугун ҳамкорлик муносабатларининг ижтимоий, хусусан, тиббиёт соҳасида фаол тараққий этаётгани икки давлат сиёсатида баркамол авлодни вояга етказиш масаласи устувор аҳамият касб этишидан далолат.
Жорий йилда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди билан Жанубий Кореянинг “Саужин” фонди ўртасида болаларни беғараз тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларни Кореянинг нуфузли клиникаларида соғломлаштириш бўйича битим имзоланган эди.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик доирасида ушбу мамлакатнинг Шимолий иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўмитаси раиси Сон Ён Ги бошчилигидаги делегация аъзолари мамлакатимизга келди.
Ташриф доирасида меҳмонлар “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди тиббий-ижтимоий марказида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий кўрикни амалга ошириш ва профилактика ишларини ташкил этиш борасидаги ишлар билан танишди.
Шунингдек, Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси шифокорлари ва Жанубий Кореянинг Сежонг госпитали етакчи кардиологи иштирокида туғма юрак нуқсони билан оғриган 40 нафар бола чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Кореялик мутахассислар томонидан амалга оширилган тиббий кўрик хулосасига кўра, 6 нафар бемор Сежонг госпиталида имтиёзли даволаниш имконига эга бўлди.
Шу куни Жанубий Корея делегацияси аъзолари пойтахтимиздаги Темурийлар тарихи давлат музейида бўлиб, давлатчилигимиз тарихи билан танишди.
Улуғбек Шоназаров, ЎзА
Манба: ЎзА