Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Обод қишлоқ” дастури: Жомнинг жамоли бўй кўрсатмоқда
2018-05-01 | Жамият
Хотира ва қадрлаш куни арафасида Нуробод туманининг Жом қишлоғида бир қатор тадбирлар бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими Т.Жўраев Жомда истиқомат қилаётган 30 нафар Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ортида меҳнат қилган фахрийларга вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғаларини топширди.
Вилоятнинг таниқли санъаткорлари томонидан тадбир иштирокчилари учун концерт дастури намойиш этилди.
***
Шу куни қишлоқда истиқомат қилаётган 14-24 ёшдаги ўсмирлар ўртасида 3 километр масофага югуриш марафон, 22-умумтаълим мактабида самбо кураши бўйича Жом биринчилиги ташкил этилди. Беллашувларда ғолиблар аниқланиб, уларга вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ҳамда туман ташкилотлари томонидан фахрий ёрлиқлар, қимматбаҳо ва эсдалик совғалари топширилди.
- “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар биз, ёшларни қувонтирмоқда, - дейди 22-умумтаълим мактаби ўқувчиси С.Муродов. – Тадбирларда юзлаб жомлик уюшмаган ёшлар, ҳаваскор спортчилар ўз маҳоратларини синаб кўрди.
***
Вилоят ҳокимлиги ва жамоатчилик вакиллари Гирдиқўрғон маҳалласида қурилиши бошланаётган ҳаммом биносига пойдевор қўйиш маросимида қатнашдилар. Кекса отахонлар мазкур бинонинг жомликларга узоқ йиллар хизмат кўрсатадиган масканга айланишини тилаб, фотиҳа беришди.
Ҳудуддаги хонадонларда ташкил этилган иссиқхоналар, Жом маҳалласида қурилаётган мактабгача таълим муассасаси қурилиши, кўча ҳамда йўлларнинг тартибга келтирилаётган жараёнлари билан танишишди.
***
Мазкур маҳалладаги коллежда вилоят фаолларининг йиғилиши ҳам бўлиб ўтди. Йиғилишни вилоят ҳокими Т.Жўраев олиб борди.
Тадбирда икки ойдан зиёд вақт ўтишига қарамасдан Жомдаги ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларида ҳамон сусткашликка йўл қўйилаётгани танқид қилинди.
Йиғилишда мутасаддиларнинг ижтимоий соҳалар, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича қилинган ишларга доир ҳисоботлари тингланди. Дастур доирасида аҳолини тоза ичимлик суви, мунтазам электр энергияси, суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш бўйича тегишли ташкилотлар мутасаддиларига топшириқлар берилди.
Манба: Самарқанд вилояти ҳокимлиги