Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари М.Салиев Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2018 йил 27 февраль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида импорт-экспорт операцияларини тартибга солиш бўйича берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах вилояти божхона бошқармаси биносида бугунги кунда экспортёр ва импортёрларнинг фаолиятида учраётган муаммолар, тўсиқлар ва таклифлари ўрганиш, шунингдек божхона соҳасига оид муаммоларини бартараф этиш мақсадида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот тарзда учрашув ўтказилди.
Учрашувда Давлат божхона қўмитасининг божхона статистикаси ва Ташқи савдо операцияларини мониторинг қилиш бошқармаси вакили Б.Холиқов ҳамда Божхона тўловлари бошқармасидан Ф.Файзуллаевлар билан бир қаторда, вилоят прокуратураси, прокуратура ҳузуридаги СВОЖККҚ департаменти, вилоят иқтисодиёт, адлия, Давлат солиқ бошқармаси вакиллари, вилоятдаги экспортёр-импортёр корхоналар ва фермерлар уюшмаси вакиллари, “Жиззахэкспертиза” ШК ва “Ўзагроэкспорт” АЖнинг масъул вакиллари, ваколатли банклар, сертификациялаш органлари (Фитосанитария, Ўзстандарт, Экология), Ташқи савдо вазирлиги ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг худудий бўлимлари, экспортни қўллаб-қувватлаш фонди ходими шунингдек божхона брокерлари, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар ҳамда вилоят божхона бошқармасининг тегишли таркибий тузилма ходимлари иштирок этди.
Очиқ мулоқот тарзда ўтказилган учрашув давомида иштирокчиларга мамлакатимиз иқтисодиётини барқарорлаштириш бўйича муҳим ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда экспорт қилиш учун зарур шароит ва имкониятлар яратилаётгани, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида тушунтиришлар берилди.
Тадбирда таъкидландики, давлат раҳбари томонидан мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига қулай имкониятлар яратилиб, мулкчилик шаклидан қатъий назар барча экспортёр корхоналарнинг чет эл валютасидаги тушумини мажбурий сотиш бўйича талаб бекор қилинган. Товарлар экспортини (янги узилган мева-сабзавот маҳсулотлари ва хом-ашёлардан ташқари) олдиндан тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолати ва суғурта полисисиз амалга ошириши, товарларни экспорт контрактини тузмасдан, инвойслар асосида 100 % лик тўловни таъминлаш шарти билан экспорт қилиш ҳуқуқи берилган, мева-сабзавот маҳсулотлари экспортида божхона юк декларациясини расмийлаштириш божхона кўриги далолатномаси тузулгандан сўнг 3 соатдан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.
Шунингдек, иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 ноябрдаги “Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3351-сон, 2017 йил 6 ноябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3377-сон ва 2018 йил 6 февралдаги “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3512-сон қарорлари ҳамда 2017 йил 5 декабрдаги “Жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5276-сон ҳамда 2018 йил 16 январдаги “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5303-сон Фармонлари билан божхона чегараси орқали товарлар ва валюта бойликларини олиб ўтиш, товарларни экспортга расмийлаштиришда киритилган қулайлик ва имкониятлар тўлиқ етказилди.
Бундан ташқари, соҳага оид янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун ва моҳияти иштирокчилар эътиборига етказилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-5414-сон Фармони, “Ўзбекистон Республикаси божхона хизмати органлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3665-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 апрелдаги ПФ-5409-сон Фармони асосида тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш борасида енгилликлар киритилганлиги айтилиб, ҳужжатда тадбиркорлар учун берилган қулайликлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган савол-жавоб жараёнида йиғилишга таклиф этилган ТИФ иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олишди.
М.Қосимова
Жиззах вилояти божхона бошқармаси ходими
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси