Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Мавжуд камчилик ва масалалар депутатлар аралашуви билан ҳал этилмоқда

2018-04-27 | Жамият

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шерзод Қулматов Сирдарё тумани “Илғор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги муаммоларни ўрганди. Кам таъминланган ва ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли хонадонларига бориб, улар билан юзма-юз мулоқотда бўлди.

— Ҳудуддаги ўрганишларимиз давомида аҳоли вакиллари билан мулоқот қилиб, уларнинг мурожаатларида кўтарилган масалаларни ҳал этиш чораларини кўряпмиз, — дейди депутат Шерзод Қулматов. — “Илғор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Тўлиной кўчаси 31-уйда истиқомат қилувчи Диляра Пашалиева хонадонида бўлганимизда, унинг оилавий шароити оғирлиги, оила бошлиқларининг ҳар иккиси ҳам касаллиги маълум бўлди. Диляра Пашалиева онкологик касалликдан азият чекмоқда, 2-гуруҳ ногирони. Турмуш ўртоғи Холид Пашалиев эса ошқозоности бези касаллигига чалинган экан. Улар ўзларини даволатиш ва дори-дармон учун моддий томондан қийналиб қолганлигини таъкидлади. Ушбу оилага тижорат банкларидан имтиёзли кредит олиб, парранда ёки қорамол боқиш, шунинг воситасида оилавий шароитларини яхшилаб олишни таклиф этдик ва зарур ҳуқуқий маслаҳатлар бердик. Бундан ташқари, 54-уйда истиқомат қилувчи Мавлуда Оққўзиеванинг хонадонига ташриф буюрганимизда, оилавий шароити ниҳоятда ночорлигига гувоҳ бўлдик. 53 ёшли Мавлуда опа 5 марта жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган. 2010 йилга қадар фуқарога 2-гуруҳ ногирони сифатида пенсия тўланган. Лекин кейинчалик ногиронлик олиб ташланган. Меҳнат қобилиятини йўқотган фуқаро бирор ижтимоий имтиёзга эга бўлмаганлиги сабабли даволанишга қийналиб қолган. У биз билан мулоқотда имкони бўлса, ногиронлик тоифаси белгиланиши ва пенсия тайинланишини сўради. Бу масалани туман тиббиёт бирлашмаси вакиллари билан муҳокама қилиб, ечим топадиган бўлдик.

Депутат Боғичаман кўчасида жойлашган хонадонлардаги ўрганишлар давомида ҳам қатор мурожаатларни тинглади. Жумладан, 66-уйда истиқомат қилувчи 2001 йилда туғилган Зиёд Қурбонов белида чурра (грижа) борлиги, умуртқа қисми емирилиб бораётгани, шу сабабли вилоят шифохонасининг неврология бўлимида даволаниш учун ордер олишда қийналаётганини айтди ва шу масалада  ёрдам сўради. Ушбу оиланинг асосий боқувчиси — Зиёднинг акаси, 1993 йилда туғилган Қобил Қурбонов 2012 йилгача Малик агросаноат касб-ҳунар коллежида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш йўналиши бўйича ўқиган. 3-босқични тамомлаш арафасида оиласи моддий жиҳатдан қийналиб қолганлиги сабабли Россия Федерациясига ишлаш мақсадида кетган. Шу боис коллеждаги ўқиши тугалланмай қолган. Чет мамлакатдан қайтган Қобил Қурбонов ҳозирда ёлланма ишлар билан шуғулланмоқда. У юзма-юз мулоқотда агар ўзи тамомлаган коллеждан дипломини олса, мутахассислиги бўйича ишлаш истаги борлигини билдирди.

Шу маҳаллада яшовчи яна бир фуқаро — 60 ёшли Туҳфаниса Қирғизбоева 2-гуруҳ ногирони, 10 йилдан буён унинг иккала кўзи ҳам кўрмай қолган. Фуқаро депутат билан мулоқот чоғида ногиронлик тоифасини 1-гуруҳга ўтказишни ва унинг парвариши билан шуғулланаётган келини Дилфуза Қирғизбоевага меҳнат стажи ёзилишини сўраб мурожаат қилди.

Фуқароларнинг юзма-юз мулоқотлар давомидаги бу каби мурожаатларини ҳал этиш юзасидан айни пайтда тегишли мутасаддилар билан ҳамкороликдаги саъй-ҳаракатлар давом эттирилмоқда.

“Илғор” маҳалла фуқаролар йиғини Тўлиной ва Боғичаман кўчаларида 2014 йилда янги симёғочлар ўрнатилган, 2016 йили сим тортилган. Энди эса эски симёғочларни олиб ташлаш зарур. Аммо мазкур ҳудуддаги хонадонлар янги линияга ҳамон уланмаган. Эски симёғочлар олиб ташланса, аҳоли электр энергиясидан бебаҳра қолади. Шунингдек, Тўлиной кўчасининг бир километр ҳудудини ва Боғичаман кўчасини тўлиқ таъмирлаб, асфальт қилиш зарурати мавжуд. Бир гуруҳ аҳоли вакилларининг бу борадаги мурожаатлари ҳам депутат томонидан инобатга олинди ва тегишли мутасаддилар кўриб чиқилиб, ҳал этиладиган бўлди.

ЎзМТДП фракцияси аъзоларининг ҳудудлардаги фаолияти, аҳоли билан учрашувлари давом этмоқда.

 

Муҳтарама КОМИЛОВА

 

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Поделиться