Туркиядаги Эскишаҳар 2013 йилда “Турк дунёси маданият пойтахти”, дея эълон қилинган эди. Шу муносабат билан ўша йили туркий халқларнинг янги йили ҳисобланмиш – Наврўз кунлари бу шаҳарда расмий тақдимот маросими бўлиб ўтди. Шу мақсадда Туркия Сайёҳлик вазирлиги бир гуруҳ журналистларни шаҳарга таклиф қилди. 11та давлатдан келган 28 нафар журналист орасида Ўзбекистон вакиллари ҳам бор эди.
20-24 март кунлари барча туркий тили мамлакатдан келган журналистлар (улар орасида АҚШ, Хитой, Босния ва Герцоговина, Италия, Сербия каби мамлакат вакиллари ҳам бор эди) Эскишаҳарнинг диққатга сазовор жойлари билан танишдилар. Сафарнинг биринчи куни оқшомда Археология музейида тадбир бўлиб ўтди. Унда иштирок этган шаҳарнинг ўша вақтдаги ҳокими Қодир Кочдемир ўзбекистонлик журналистларга алоҳида эътибор кўрсатди. У Ўзбекистонга меҳр кўзи билан қарашини таъкидлади. Биз билан бир неча бор суратга тушди. Эртаси куни ширинликлардан иборат совғасини меҳмонхонамизга юборди.
21 март куни шаҳар Маданият марказида бўлиб ўтган тадбирда қатнашдик. Тадбир якунида сўфийлар қўшиқлари янграган концертни томоша қилдик. Пешиндан кейин эса шаҳар ҳокимиятида Наврўз байрами нишонланди. Унда барча туркий халқлар вакиллари, шу жумладан, Аҳмаджон Дадаев бошчилигидаги ўзбекистонлик хонандалардан иборат делегация иштирок этди.
Ўзга юртда миллатдошларингизни кўриш бошқача бўлар экан. Улар бизни, биз уларни кўриб хурсанд бўлдик. Кечқурун бўлиб ўтган катта концертда ўзбек раққосалари саҳнага чиққанида янгираган қарсаклар қалбимизни тоғ қилиб, ўзбек эканлигимиздан яна бир бор ғурурландик. Ўзбекистон Халқ артисти Малоҳат Дадабоеванинг қўшиғи давомли қарсаклар билан илиқ кутиб олинди. Яна бир бор ўзбек санъатига олам тан берганди ўшанда.
22 март куни Эскишаҳардан 45 дақиқалик йўл босиб Саид Баттол Ғозий мақбарасини ва қоятошлардан иборат ёдгорликларни бориб кўрдик. Шунда кўз олдимиздан Сурхондарё ва Сармишсойдаги ибтидоий одамлар яшаган шу каби ёдгорликлар ўтди ва шу ҳақидаги фикрларимизни хорижлик ҳамкасбларимизга айтдик.
23 мартда Анатолу университети журналистика факультети талабалари билан суҳбатлашдик.
Улар мустақиллик йилларида туркий давлатларда юз берган ўзгаришлар ҳақида сўрашди. Биз Ўзбекистон мустақилик йилларида каттадан катта муваффақиятларни қўлга киритганлигини, истиқлолдан аввал эътибордан четда бўлган қадимий тарихимиз, буюк маданиятимиз эндиликда чуқурроқ ўрганилаётганини сўзлаб бердик. Нафақат Анатолу университети талаба-ўқитувчилари, балки бизнинг ҳамроҳларимиз бўлмиш хорижлик журналистлар ҳам Ўзбекистонга қизиқиб қолишди. Аждодларимизнинг бетакрор маданияти, юксак маънавияти, бой салоҳияти билан жаҳон тамаддунига муносиб қўшган ҳиссасига хорижлик ҳамкасбларимизнинг қизиқиши бизда фахр уйғотди.
Шанба куни кечқурун шаҳар стадионида Эскишаҳарнинг турк дунёси маданият пойтахти, деб эълон қилинишига бағишланган расмий тадбир бўлиб ўтди.
Унда мамлакатнинг ҳозирги президенти, ўша вақтдаги бош вазири Режеп Таййип Эрдўғон иштирок этиб, нутқ сўзлади. Байрам концертида туркий халқлар куй-қўшиқлари қаторида “Хоразм лазгиси” янграганида стадионда қарсаклар авжига чиқди.
Шуни таъкидлаш керакки, ҳукумат хорижлик журналистларга чуқур эҳтиром кўрсатиб, бизларни ва бош вазирни битта – “тоғ гули” мазмунини берувчи “Анемон” меҳмонхонасига жойлаштирди. Биз Туркия ҳукумати раиси билан яқиндан кўришиш имкониятига эга бўлдик.
Якшанба куни Эскишаҳарга қилган сафаримиз ниҳоясига етди. 10та давлатдан келган ҳамкасбларимиз шу куни Анқара ва Истамбулга келиб, у ердан ўз юртларига жўнаб кетишди. Туркия Сайёҳлик вазирлиги ўзбекистонлик журналистларга яна бир бор эҳтиром кўрсатиб, бир кун Истамбулда қолиш ва бу шаҳарнинг тарихий ёдгорликларини кўриш имкониятини яратиб берди.
“Аё-София”, Султон Аҳмад масжидлари, Турк султонларининг “Тўпқопи” қароргоҳига қилган сафаримиз алоҳида бир мавзу.
Манба: ЎзА