Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Кинология хизмати: минтақавий ҳамкорлик кучаймоқда
2018-04-25 | Жамият
Давлат божхона қўмитаси Миллий кинология марказида Европа Иттифоқининг “Марказий Осиёда чегараларни бошқаришга кўмаклашувчи БОМКА-9 дастури доирасида кинология йўналишида ходимларни тайёрлаш бўйича минтақавий ўқув семинари бўлиб ўтмоқда.
Мазкур семинарда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон Республикаларининг чегара ва божхона тузилмаларида фаолият юритаётган кинология хизматларининг раҳбарлари ва малакали кинолог мутахасисслари иштирок этмоқдилар.
Семинардан кўзланган мақсад кинолог мутахасисларни профессионал маҳоратини ошириш, хизмат итларини хизматга танлаб олиш, ўзаро тажриба алмашиш ва давлатлар орасида кинология хизмати йўналишида яқиндан ҳамкорлик қилишни йўлга қўйиш.
Ўқув машғулотлари Латвия кинология хизмати давлат чегараларини ҳимоя қилиш коллежи катта инспектори Г.Апинис томонидан олиб борилмоқда.
Семинар давомида кинологларга белгиланган дастур асосида хизмат тиларининг умумий стандарти, хизмат итларини тестдан ўтказиш усули, ёш ит болаларини бошланғич тестдан ўтказиш, гиёҳванд моддаларни транспортда ва юкларда қидириб топиш, гиёҳванд моддаларни ҳудудда ва хоналарда қидириб топиш бўйича назарий ва амалий машғулотлар ўтказилиши белгиланган.
Семинар доирасида иштирокчи давлатлар вакиллари ўзларидаги кинология хизмати фаолияти, қўлга киритилган натижа ва тажрибалар юзасидан кўргазмали чиқишлар ташкил қилиш назарда тутилган.
Шунингдек, Миллий кинология марказининг малакали инструкторлари томонидан хизмат итларини “Гиёҳванд моддаларни қидириш”, “Валюта қимматликларни қидириш” ҳамда “Қурол-аслаҳа ва портловчи моддаларни қидириш” йўналишларга тайёрлаш бўйича мастер класс ўтказилади.
Семинарнинг илк кунида марказга ташриф буюрган меҳмонлар Миллий кинология марказида кинолог мутахассислар ва хизмат итлари учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан таништирилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси