Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Қардошлигимизнинг санъатдаги муштараклиги

2018-04-24 | Жамият

Мамлакатимизда ягона ва аҳил оила фарзандларидек истиқомат қилаётган кўплаб миллат ва элат вакиллари орасида туркман миллатига мансуб юртдошларимиз ҳам Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. 

Ўзбек ва туркман халқлари азалдан тили, дини, дунёқараши, урф-одатлари бир-бирига ҳамоҳанг бўлган қардош, қариндош, қондош халқлар саналади. Урф-одат, қадрият ва анъаналаримиздаги уйғунлик мусиқа санъатида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда. 

Юртимизда ўтказилаётган халқаро фестиваллар, санъат анжуманлари, ижодий-кўрик танловларда туркманистонлик ижодкорлар ҳам фаол иштирок этмоқда. Қадимий ва бой анъаналардан шаклланган туркман мусиқа санъати жозибаси, хуш таронаси, бетакрорлиги билан ажралиб туради. Бу жиҳатлар, айниқса, "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа санъати фестивали, "Наврўз садолари", "Она юрт оҳанглари" каби фестивалларда қардош мамлакат вакиллари иштирок этиши билан бирга туркман бастакор ва композиторларининг асарлари ҳам катта маҳорат билан ижро этилганида янада яққолроқ намоён бўлади. Халқнинг бой меросидан озиқланган туркман мусиқаси шинавандалар томонидан севиб тингланади. 

Наинки Ўзбекистон, балки Марказий Осиёда ҳам етакчи ва отахон мусиқа маскани саналган Консерваториямизда композиторлик, халқ чолғуси ижрочилиги, хонандалик каби йўналишларда туркманистонлик ёшларнинг ҳам таҳсил олгани маданий-маърифий жабҳалардаги ришталаримизнинг илдизи чуқур ва нечоғли мустаҳкам эканидан дарак беради. Жумладан, туркманистонлик композиторлар Байрам Худойназаров, Қурбон Қулиев, созанда Йиломон Сориев каби санъаткорлар юртимиздаги ушбу олий таълим даргоҳининг битирувчиларидир. 

Ўтган бир ярим йил давомида мазкур қардош мамлакат билан дўстона алоқаларимиз янада мустаҳкамланди. Биргаликда концертлар, мусиқий кечалар, санъат байрамлари, дўслик фестиваллари, ижодий мулоқотларни ўтказиш яхши анъанага айланди. Буларнинг барчаси мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, маданий-маърифий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашига хизмат қилиши шубҳасиз. 
 

Рустам Абдуллаев, 
Ўзбекистон Композиторлари ва
бастакорлари уюшмаси раиси

Манба: ЎзА

Поделиться