Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тарихи туташ, тутими ўхшаш халқмиз
2018-04-23 | Жамият
Ўзбекистон кўп миллатли мамлакат. Унда бир оиладек истиқомат қилаётган 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келади. Бугун жонажон диёримизда яшаётган туркман миллатига мансуб аҳоли ҳам барча жабҳадаги ислоҳотларимизга ҳамоҳанг меҳнат қилмоқда.
Тарихи туташ, тутими ўхшаш икки халқ вакиллари бир-бири билан қуда-анда, дўст-биродар бўлиб кетган. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов саъй-ҳаракатлари билан кейинги йилларда йўлга қўйилган дўстона муносабатлардан барчамиз бирдек хурсандмиз.
Ўзбекистонда турли соҳаларда фаолият юритаётган туркман миллати вакилларининг меҳнати муносиб рағбатлантирилмоқда. 2017 йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев фармони асосида бир қатор миллатдошларимиз Ватанимизнинг юксак муокфотлари билан тақдирланди. Тошкентда “Туркманистон киноси кунлари” бўлиб ўтди. Буюк туркман шоири Махтумқули шеърлари ўзбек тилига таржима қилиниб, китоб ҳолида чоп этилди, Тошкентнинг марказий кўчаларидан бирига Махтумқули номи берилиб, шоир хотирасига ёдгорлик ўрнатилди. Пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойида Ашхобод боғи очилди.
Туркманистонда ҳам икки халқ дўстлигини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Биринчи Президентимиз хотирасини абадийлаштириш мақсадида Туркманобод шаҳрининг марказий кўчаларидан бирига Ислом Каримов номи берилиб, ҳайкали қад ростлади. Ислом Каримовнинг ёдгорлик мажмуига битилган “Биз қадрлашимиз ва юксалтиришимиз зарур бўлган муҳим бойлик — бу мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ишончдир” деган сўзлари бугунги дўстона муносабатларимизни янада мустаҳкамлашга чорлаб турибди.
Ўзбекистонда 40 дан зиёд туркман тилида таълим берадиган умумтаълим мактаблари мавжуд. Уларда ёшларимиз Ватанга муҳаббат руҳида камол топмоқда. Туркман миллий маданий марказимиз фаолияти эса мамлакатимизда истиқомат қилаётган туркман миллатига мансуб аҳолини миллий қадриятларни эъзозлашга, уларни ёш авлодга етказишга, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Бугун Туркманистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи халқларимиз ўртасидаги тарихий дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонамиз.
Манба: ЎзА