Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов Қўшма баёнотни имзоладилар
2018-04-23 | Сиёсат
Кўксаройдаги музокаралар якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Қўшма баёнотни имзоладилар.
Ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, савдо уйлари очиш, ишбилармонлар кенгаши ташкил этиш бўйича, шунингдек, транспорт, транзит, қишлоқ хўжалиги, фан-техника, касаба уюшмалари, спорт ва бошқа соҳаларга доир 17 та ҳужжат имзоланди.
Бундан ташқари, ташриф доирасида олий ўқув юртлари ўртасида ва ахборот-коммуникация соҳаларида 15 ҳужжат қабул қилинди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президентлар музокаралар, одатдагидек, очиқ ва самимий, ишчанлик руҳида ўтганини, эришилган келишувлардан хурсандлигини таъкидладилар.
2017 йил Ўзбекистон ва Туркманистон муносабатларида тарихий йил бўлди. Ҳозирги кунда ҳамма келишувларимиз тўла амалга ошириляпти. Бугунги учрашувимиз ҳам жуда самарали бўлди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни чуқур, ҳар томонлама муҳокама қилдик. Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, бу борада ҳал этилмаган масалалар қолмади. Барча йўналишлар бўйича ўзаро англашувга эришдик. Шу асосда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини белгилаб олдик. Биз нимаики қилаётган бўлсак, халқларимиз учун, болаларимизнинг келажаги учун, деди Шавкат Мирзиёев.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти