Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбек-тожик тадбиркорларининг алоқалари янада мустаҳкамланади
2018-04-23 | Жамият
Суғд вилояти Тожикистон Республикасининг шимолий қисмида жойлашган. Вилоят ҳудудининг асосий қисмини тоғлар ташкил этади. Аҳолиси 2,5 миллион кишидан иборат. Маркази - Хўжанд шаҳри.
Вилоятда “Суғд” эркин иқтисодий зонаси мавжуд. Бу ерда сутни қайта ишлаш, металл конструкциялар, сендвич панеллар, омухта ем, паррандачилик корхоналари фаолият кўрсатади.
Вилоятда энг йирик корхона “Зарафшон” қўшма кон-металлургия комбинати саналади. Корхона бир кунда 10 минг тонна металл, шунингдек, 11 минг тонна маъданни қайта ишлаш ҳамда бир йилда 2,2 тонна соф олтин ишлаб чиқариш қувватига эга. Келгусида мазкур корхонанинг иш ҳажмини суткасига 17 минг тонна маъданни қайта ишлаш ва бир йилда 5 тонна соф олтин ишлаб чиқаришга ошириш режалаштирилган.
Суғдда деҳқончиликнинг асосий йўналишини боғдорчилик ташкил этади. 268,4 гектар ер майдонидагина қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирилади. Уларнинг асосий қисми ички истеъмолга чиқарилади. Мева-сабзавот ҳамда полиз маҳсулотларининг бир қисми “Рукнобод” ҳамда “Ресандаи Хўжанд” корхоналарида қайта ишланади.
Таъкидлаш лозимки, ўтган йил якуни билан Самарқанд вилоятидан қўшни Тожикистон давлатига 9 миллион 533 минг доллар ҳажмида товарлар етказиб берилган.
Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев шу йилнинг 9-10 март кунлари Тожикистон Республикаси Президенти И.Раҳмоннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Душанбеда ўтказилган музокараларда товар айирбошлаш ҳажмини 240 млн доллардан 500 млн долларга етказиш учун ҳали ишга солинмаган улкан салоҳият мавжудлигини таъкидлаб ўтган эди.
Ҳар икки давлат раҳбарлари ўша учрашувда икки мамлакат бозорида харидоргир маҳсулотларни етказиб беришни кўпайтириш, савдо-логистика тармоғини кенгайтириш, маданий алоқаларни ривожлантириш юзасидан ҳам муҳим келишувларга эришилган эди. Шу асосида дастлабки бизнес-форум Самарқанд шаҳрида ташкил этилди.
Бизнес-форумда иштирок этиш учун Самарқандга Тожикистон Республикасининг Суғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода бошчилигидаги делегация аъзолари келди. Улар Ургут туманидаги “Жартепа” чегара божхона постида вилоят ҳокими Т.Жўраев, Самарқанд вилоят божхона бошқармаси раҳбарияти, кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари билан биргаликда карнай-сурнай садолари остида тантанали кутиб олинди.
Шу ернинг ўзида вилоятимиз санъаткорлари томонидан маданий дастур намойиш этилди. Шундан сўнг меҳмонлар Самарқанд шаҳрига келди.
“Регистон плаза” меҳмонхонасида ташкил этилган кўргазмада вилоятимиз ва тожикистонлик ҳунармандлар, ишлаб чиқарувчи корхоналар ва тадбиркорлар маҳсулотлари намойиш этилди.
Эртаси куни эса кенгайтирилган тарзда икки давлат тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум ўтказилди.
Бизнес-форумнинг асосий мақсади икки давлатнинг умумий транспорт-коммуникациявий имконияти ва транзит салоҳиятидан тўла фойдаланиш орқали ўзаро товар айланмаси ҳажмини сон ва миқдор жиҳатидан ошириш, саноат маҳсулотлари миллий кўргазмасини ташкил этиш ҳисобига тадбиркорларимиз ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамлашдан иборат.
Форумда “СамАвто” МЧЖ, “Asl Nafis” чинни заводи, “DAKA-TEKS”, “Samarkand Euro Asia Tekstile” “Агромир-Самарканд”, “Агромир боғи”, “Sam Antep-Gilam” ва “JV MAN Auto-Usbekistan” каби ўзбек корхоналари билан бирга Суғд вилоятнинг Савдо-саноат палатаси бошчилиги ташриф буюрган “Порса Худжанд”, “Ширкати Азизи”, “Фортуна Ко”, “Пешсаф 1”, “Нушониҳои Муҳаббат”, “Равшан”, “Махмудов Ғ.Н” каби корхоналар ўзларининг маҳсулотларини ҳавола этишди.
Унда вилоятимиз ва суғдлик ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарлари, тадбиркор ва ҳунармандлар ўзаро тажриба алмашишди, кооперация алоқалари ўрнатилди, маҳсулот айирбошлаш билан боғлиқ шартномалар ва келишувлар амалга оширилди.
Хусусан, Самарқанд вилояти бўйича жами 170 та шартнома имзоланиб, шундан 87 та экспорт (95147,5минг доллар), 36 та туризм (1800 минг доллар), 20 та импорт (10900 минг доллар), 27 та меморандум соҳасида икки томонлама шартномалар кучга кирди. Шартнома қиймати 107847,5 минг долларни ташкил этди.
- Корхонамиз 1992 йилда ташкил этилган, - дейди Суғд вилоятидаги «Кулканд» масъулияти чекланган жамияти директори Мирзаҳаким Исоев. - Биз асосан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш билан шуғулланамиз. Жамоамизда 40 нафар киши меҳнат қилади. Ҳозирда корхонамизда 28 турдаги маҳсулот тайёрланади ва Россия, Қозоғистон, Туркманистон ва Қирғизистонга экспорт қиламиз. Бугунги бизнес-форумга 10 турдаги маҳсулотимизни олиб келдик. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш соҳада катта тажриба ва имкониятга эга. Шу боис бу ердан ўз маҳсулотимиз учун харидорлар ва ишончли ҳамкорлар топишни мақсад қилганмиз. Айни пайтда самарқандлик фермерлар билан 4 минг тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотларини харид қилиш борасида келишувга эришдик.
Ҳа албатта, бу келишувларнинг бари мамлакатлар ўртасидаги савдо айланмаси ҳажмини оширишга хизмат қилади.
Меҳмонлар шаҳримиздаги тарихий обидаларни зиёрат қилишиб, ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар.
Албатта бу каби дўстона алоқалар ҳар икки мамлакат ишбилармон ва тадбирлари учун катта имконият яратди.
Ғ.САТТОРОВ,
Самарқанд вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати инспектори
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси