Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Ўзбекистон ягона тиббиёт катологи” кўргазмаси
2018-04-11 | Соғлиқни сақлаш
Гулистон шаҳрида Президентимизнинг 2017 йил 29 декабрдаги “Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган тиббий ускуна, жиҳоз, буюм ва мебелларнинг катологлари кўргазмаси ташкил этилди.
Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда “Ўзфармсаноат” акциядорлик концерни ҳамкорлигида вазирлик қошида ташкил этилган “Ўзбекистон ягона тиббиёт катологи” ташкилоти томонидан ташкил этилган кўргазмада вилоятдаги давлат ҳамда нодавлат тиббиёт муассасаларидан 120 га яқин тиббиёт вакиллари иштирок этди.
Тадбирда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, барча йўналишдаги тиббий хизмат сифатларини яхшилаш ва самарадорлигини ошириш, фармацевтика саноатини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, хусусий тиббиёт муассасаларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитлар яратиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
– Айни чоғда, вилоятимизда тиббиёт сохасида фаолият олиб бораётган 57 хусусий хўжалик юритувчи субъектларнинг 44 таси амбулатория, 13 таси амбулатория ва стационар шароитида фаолият юритмоқда, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси А.Шаматов. – Бу шифо масканларидаги ўринлар сони 265 тани ташкил этади. Ўринлар сони унча кўп бўлмасада, ҳамюртларимиз саломатлигини муҳофаза қилишда хусусий тиббиёт муассасаларининг ҳам ўрни сезиларли бўлаётганини таъкидлаш жоиз.
– Кўргазма республикамиз вилоятлари бўйлаб намойиш этиб келиняпти, – дейди республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги “Ўзбекистон ягона тиббиёт катологи” ташкилотининг таъсисчиси Тимур Безсмертний. – Кўргазмада мамлакатимиздаги 20 га яқин корхоналарда
ишлаб чиқарилган тиббий ускуна, жиҳоз, буюм ва мебеллар катологи намойиш этилмоқда. Бу катологларда барча маълумотлар ва ҳатто нархлари ҳам мужассам. Бундан кўзланган асосий мақсад – шифо муассасаларига зарур бўлган давлат ва нодавлат тиббиёт муассасалари вакиллари шаҳарма-шаҳар юриб овора бўлмасдан, биз намойиш этаётган катологлар ёрдамида ўзларига кераклигини аниқлаб олишади ва энг асосийси, кўргазма иштирокчилари шу ернинг ўзида буюртма бериб, шартнома имзолашлари мумкин бўлади. Катологлардан ўрин олган ҳар қандай буюртмани қисқа фурсатларда етказиб беришни кафолатлаймиз. Шу билан бирга, бу кўргазмамиз орқали давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 31 октябрдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросига ҳам ўз ҳиссамизни кам бўлсада, қўшаётганимиздан хурсандмиз.
Кўргазма тиббиёт илми, фармацевтика, тиббиёт техникаси, косметология, стоматология каби соҳаларда эришилган муҳим ютуқларни кенг оммалаштириш, тиббиёт тизимидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, янги диагностика ва даволаш услубларини амалиётга татбиқ этишда ҳамда тиббиёт муассасаларига зарур бўлган ускуна, жиҳоз, буюм ва мебелларга эга бўлишда муҳим омил бўлади.
Кўргазма иштирокчиларининг ҳар бирига мамлакатимизда ишлаб чиқарилган тиббий ускуна, жиҳоз, буюм ва мебеллар катологи жамламалари тақдим этилди.
Абдужалол ҚАЮМОВ
Манба: Сирдарё вилояти ҳокимлиги