Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бош мавзу - кластер усули!
2018-04-11 | Жамият
Мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқаришда кластер усулидан фойдаланиш бу - маҳсулотни етиштиришдан то сотишгача бўлган жараённи мустақил равишда ягона ёки ўзаро боғлиқ корхоналар гуруҳи томонидан амалга оширилиши тушунилади. Кластерда дастлабки хом-ашёдан истеъмол учун тайёр маҳсулотгача ишлаб чиқаришнинг барча босқичларини бир занжирнинг халқалари сифатида тасаввур қилиш мумкин.
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти томонидан Ангор тумани аҳолиси ва тадбиркорлари учун ўтказилган навбатдаги сайёр мулоқотда айни шу мавзуга урғу берилди. Сурхон воҳаси кўпроқ аграр соҳада эришаётган натижалари сабабли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ишлаб чиқаришида кластер усулини яратишни қўллаб-қувватлаш бўйича тажриба айни шу ҳудудда йўлга қўйилганлиги ҳам бежизга эмас. Мавзуга оид Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчиликни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2018 йил 29 мартдаги ПФ-5388-сон фармони маълумотлари доирасидаги ахборотлар сайёр қабул иштирокчилари эътиборига яна бир бор етказилди.
Мазкур фармонда 2021 йил 1 январга кадар, четдан олиб кирилаётган уруғлар, кўчатлар ва пайвандтаглар, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоялаш воситалари, замонавий энергия тежовчи иссиқхоналар ва уларнинг бутловчи қисмлари божхона тўловларидан, импорт бўйича олиб кирилаётган, мева-сабзавот маҳсулотларини ташишга ихтисослашган транспорт воситалари (ТИФ ТН кодлари — 870120, 870421, 870422, 871639) божхона тўловлари ва Республика йўл жамғармасига йиғимлар тўлашдан озод этилганлиги ҳақидаги маълумотлар юзасидан кенгайтирилган ахборотлар берилди.
Шунингдек, 2018 йилнинг 1 январидан мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчи ташкилотларга даромадга воситачи ташкилотлар учун кўзда тутилган ставка бўйича солиқ солган ҳолда мукофот суммасидан ягона солиқ тўловини тўлаш ҳуқуқи ва 2018 йилнинг 1 апрелидан битта мева-сабзавот кластери ичида сотиладиган маҳсулотга қўшимча қиймат солиғи солинмайди ва давлатнинг мақсадли фондларига мажбурий ажратмалар ундирилмаслиги белгилаб берилганлигини таъкидлади.
Мулоқот давомида “Ангор сурхон ғурури” МЧЖ вакили А.Рахмонов бугунги кунда корхона томонидан кластер усулини қўллаган ҳолда Музрабод туманида пахта чигитини экиш ишлари амалга оширилаётганлиги, ер майдонларига агротехник ишлов бериш мақсадида четдан олиб келинган плуг, чигитни экувчи мослама (сеялка)ларни божхона тўловларидан имтиёз қўлланган ҳолда расмийлаштирилганлиги, аммо шу билан бир қаторда кимёвий дори воситалари келганлиги, уларни экспертизадан ўтказишдаги муаммоларга эътибор қаратиб, ушбу кимёвий дори воситаларини расмийлаштириб олиш масаласида мурожаат этди.
Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг Божхона назоратини ташкил этиш бўлими бошлиғи Ш.Бобоев ушбу саволга тушунтириш бериб, корхона томонидан кимёвий дори воситаларини ишлатиш масаласидаги жавобгарлигини ўз зиммасига олиниши тўғрисида кафолат хати билан ҳозирнинг ўзида расмийлаштириб олиши мумкинлигини маълум қилди.
Бундан ташқари тадбиркорлик субъектларини қийнаётган масалалар юзасидан Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг туну-кун ишловчи (0376) 225-02-26 рақамли “Ишонч телефони”га мурожаат қилишлари мумкинлиги айтиб ўтилди.
Олиб борилган савол-жавоблардан сўнг, Музрабод ва Ангор туманларида кластер усулида фойдаланилаётган ер майдонларида олиб борилаётган агротехник ишловлар, етиштирилган қизил лавлаги ва гул карам қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт жараёни ҳамда “Ангор сурхон ғурури” маъсулияти чекланган жамияти томонидан Музрабод туманида ташкил этилган биолаборатория фаолияти билан яқиндан танишилди.
Шухрат Бобоев,
Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг
Божхона назоратини ташкил этиш бўлими бошлиғи
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси