Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Янги тизим: амалиёт ва самара
2018-04-10 | Соғлиқни сақлаш
Нукус шаҳрида хизмат кўрсатаётган 9 оилавий ва 1 кўп тармоқли поликлиникада марказлашган маълумотлар базаси, электрон амбулатор карталар ва касаллик тарихига эга тизим фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Ушбу тизим оилавий поликлиникаларда автоматлаштирилган ҳолда рўйхатга олиш, фуқароларнинг ягона электрон тиббий картасини юритиш, аҳолига онлайн тарзда, яъни уйидан чиқмасдан яшаш манзили бўйича оилавий поликлиника шифокори қабулига ёзилиш, фуқарога қулай бўлган вақтда бепул тиббий хизматдан фойдаланиш имконини беради.
– Жорий йил охирида Нукус шаҳридаги барча поликлиникаларда фуқароларнинг ягона электрон тиббий картаси тизими яратилиши режалаштирилган, – дейди Нукус шаҳар шифохонаси бош шифокори ўринбосари А.Ёқубов. – Бу янги инновацион тизим шифокорларнинг тиббий картани ёзишга сарфлайдиган вақтини сезиларли даражада қисқартиради. Бундан ташқари, “Кадрлар ресурсларини бошқариш”, “Муассасалар паспорт ҳисобининг ягона тизими” автоматлаштирилган ахборот тизимлари жорий қилинмоқда. Келажакда донорлар ва донорликдан чиқарилган шахслар ҳақида, донорлик қонининг ҳисоботи ва унинг тақсимланиши каби маълумотлар омборини ташкиллаштириш, юқумли касалликлар эпидемиологик мониторинги, психоневрологик ва наркологик диспансерлардан “Маълумотнома олиш учун электрон ариза бериш” автоматлаштирилган ахборот тизимларини амалга ошириш режалаштирилган.
– Поликлиникамизга қарашли 13 ҳудудда истиқомат қилувчи 22 минг 744 фуқаронинг барчаси автоматлаштирилган ҳолда рўйхатга олиниб, улар ҳақидаги тўлиқ маълумотлар марказлашган маълумотлар базасига киритилди, – дейди Нукус шаҳридаги 9-оилавий поликлиника бош шифокори ўринбосари Р.Даулетова. – Ушбу ҳудудларга бўлинган 13 умумий амалиёт шифокори базага уланган компьютерлар билан таъминланди. Улар ёрдамида шифокор қабулига келган беморлар тўғрисида амбулатор картасиз хабардор бўлади. Шунингдек, шифокор қабулида навбат кутиб ўтиришга чек қўйилди. Сабаби, электрон тарзда шифокор қабулига ёзилиш орқали бемор шифокор кўригидан ўтиш вақтини билиб олади. Поликлиника фойесида ўрнатилган монитор ҳар бир шифокор хонасининг рақамини, унинг қабул қилиш вақтини, нечта бемор қабулга ёзилгани ҳақидаги маълумотларни кўрсатиб туради.
Ягона электрон рўйхатга олиш ва интернет тармоғи орқали шифокор қабулига ёзилиш “Электрон поликлиника” автоматлаштирилган ахборот тизими туманларда ҳам босқичма-босқич йўлга қўйилади.
Анвар Насирлаев, ЎзА
Манба: ЎзА