Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқаро интеллектуал мулк кунининг 2018 йилги мавзуси «Ўзгаришлар учун қувват манбаи: Ижодкор ва инноватор аёллар»
2018-04-09 | Жамият
XXI аср технологиялар асри бўлгани учун янгиланишларга замин яратади. 2018 йилни давлатимиз раҳбари томонидан «Фаол тадбиркорлик, инновасион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» деб ном берилгани мамлакатимизда инновасион лойиҳалар ривожланишига кенг имкониятлар яратмоқда ва янги ғоялар, ихтиролар тобора оммалашиб бормоқда.
Маълумки, 26 апрель - Халқаро интеллектуал мулк куни бутун дунёда нишонланиб келади ва ҳар йили Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ) ушбу байрам кунини ўзгача бир ном билан атайди.
БИМТ бу йилги байрам тадбирларини «Ўзгаришлар учун қувват манбаи: Ижодкор ва инноватор аёллар!» деган мавзуга бағишлади.
Дунёда деярли ҳар куни айнан ихтирочи аёлларнинг илмий-интеллектуал салоҳияти ва меҳнати натижаси ўлароқ, ҳаётимизни яхши томонга ўзгартирувчи ҳамда дунёқарашимиз сарҳадларини, моддий-маънавий имкониятларимизни кенгайтиришга хизмат қиладиган, турли соҳаларга - нанотехнологиялар, тиббиёт, сунъий интеллект ва роботтехникалар, қўйингчи ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасига дахлдор бўлган янги ихтиролар, ишланмалар яратилмоқда.
Аёлларнинг кино санъати, анимасия, мусиқа, мода, дизайн, ҳайкалтарошлик, рақс, адабиёт, санъат ва ижодий жараён билан боғлиқ бошқа соҳаларда тутган муҳим ўрни, уларнинг бу соҳалар ривожига қўшаётган улкан ҳиссасичи! Бу жабҳаларда аёллар ҳамиша илғор: санъат асарини ҳис этиш, бадиийлик тушунчасини янгидан-янги кўринишларда талқин этиш, умуман, дунё маданияти консепциясининг янги қирраларини кашф этишда улар беназирдирлар.
Ёрқин, ташаббускор, ўзидаги ғайрат-шижоатни атрофдагиларга ҳам юқтиришга қодир бўлган жуда кўп сонли аёлларимиз туфайли дунёмизда ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. «Биз бунга қодирмиз!» деган машҳур шиор аёллар томонидан баралла айтилганда, барчани илҳомлантиради. Замондош аёлларимизнинг мислсиз муваффақиятлари келажакда яратиш ва ижодий изланиш орзуси билан улғайиб келаётган ёш қизлар учун бебаҳо меросдир.
Барча давлатлар қатори ушбу байрам муносабати билан республикамизда ҳам бир қатор тадбирлар ва танловлар ўтказилиши йўлга қўйилган. Жумладан, Интеллектуал мулк агентлиги жорий йилнинг 26 апрель куни республикамиз ОАВ учун «Халқаро интеллектуал мулк куни ва «Best IP - 2018» танлови якунлари»га бағишланган матбуот анжумани ҳамда Республикада энг яхши интеллектуал мулк объектларини аниқлаш ва рағбатлантириш учун ўтказилган «Best IP - 2018» танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказишни режалаштирган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги