Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мардлик ва адолат тимсоли
2018-04-09 | Жамият
Юртимизда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 682 йиллиги муносабати билан турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги қошидаги 1-Тошкент академик лицейида “Амир Темур – буюк давлат арбоби ва саркарда” мавзусида ўтказилган тадбир ҳам ушбу санага бағишланди.
Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ходимлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Учтепа тумани кенгаши вакиллари, таълим муассасаси ўқитувчилари ва ёшлар иштирок этган тадбирда жаҳон тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўшган буюк Амир Темурнинг қудратли давлат барпо этиш, юрт осойишталигини таъминлаш йўлида амалга оширган бунёдкорлик ишлари барча замонлар учун ибрат ва намуна мактаби экани таъкидланди.
– Лицейимизда тарих ва ҳуқуқ фанларида ўқитувчиларимиз тавсияси билан Амир Темур ҳаётига оид кўплаб манбалардан кенг фойдаланилади, – дейди таълим муассасаси ўқувчиси А.Асомов. – Адабиётларда қайд этилишича, Соҳибқирон давлатни бошқарувчи инсон, аввало, қонун устуворлиги билан салтанат тинчлиги ва жамият барқарорлигини сақлаши лозимлигига алоҳида эътибор қаратган. Амир Темурдек зотларнинг ўгитлари биз, ёшлар учун келажакда асқотиши шубҳасиз.
Тадбирда Амир Темурнинг илм-фан, санъат ва маданият равнақи, эл-юрт ободлиги йўлида амалга оширган ишлари юзасидан атрофлича маълумот берилди. Темурийлар даврида яратилган тарихий асарлар ва уларнинг ҳозирги кундаги аҳамияти хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Амир Темур ҳаёти билан боғлиқ саҳналаштирилган кўринишлар, турли шеърий ва бадиий чиқишлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Барно Мелиқулова, Ёлқин Шамсиддинов (сурат) ЎзА
Манба: ЎзА