Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш мавзусига бағишланди
2018-04-06 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 сентябрдаги “Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги ПҚ-3300-сонли қарори доирасида амалга оширилиши белгиланган вазифаларга бағишланган видео-конференция ташкил этилди.
Тадбирда таъкидланганидек, мазкур қарорга мувофиқ, товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишда аҳоли билан пулли ҳисоб-китоб қилишни тезкор ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимини кенгайтириш мақсадида «онлайн» режимда фаолият юритувчи назорат-касса машиналарини амалиётга жорий қилиниши белгиланган.
Фискал хотирали «онлайн» назорат-касса машиналарини амалиётга жорий қилиниши савдо қоидаларига риоя этилишини тартибга солиш билан бир қаторда, солиқ назорати жараёнини автоматлаштириш имконини беради.
Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳисобланадиган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини камайтириш, нақд пул тушумларини банк кассаларига топширмасдан яшириш мақсадида харидорларга назорат-касса машинаси чекини бермаслик, назорат-касса машинасини носоз ҳолатга келтириш, фискал хотирадаги маълумотларни қасддан ўзгартириш, назорат-касса машиналарини йўқотиш орқали амалга оширилган товар айланмалари тўғрисидаги маълумотлар сохталаштирилишининг олдини олади.
Бу турдаги назорат-касса машиналарининг чекларида харид қилинган маҳсулот рўйхати, нархи, сони, чек ва касса аппарати рақами ва бошқа маълумотлар акс эттирилади ҳамда ҚР-код ёрдамида қоғоз чекидаги маълумотларни электрон маълумотлар билан солиштириш имконияти мавжуд бўлади.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан аҳоли билан нақд пулда амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотлар назорат-касса машиналарининг фискал хотирасида сақланади. Онлайн назорат-касса машиналаридан келиб тушадиган фискал маълумотларни қабул қилиш, қайта ишлаш, сақлаш ва Давлат солиқ қўмитасига узатиш фискал маълумотлар оператори томонидан амалга оширилади ҳамда тадбиркорнинг шахсий кабинетида ҳам акс эттирилади.
«Онлайн» назорат-касса машиналарини қўллаш амалиёти Тошкент шаҳрида тажриба-синов тариқасида жорий қилинган бўлиб, ўтган вақт давомида бу турдаги назорат-касса машиналарининг афзал жиҳатлари, камчиликлари ўрганилиб, такомиллаштириш чоралари кўрилди.
«Онлайн» назорат-касса машиналари нафақат мамлакат савдо тармоқлари тушумларини назорат қилиш, балки алоҳида турдаги маҳсулотларнинг ҳудудлар кесимидаги нархларини, савдо ҳажмини таҳлил қилиш, нархларнинг сунъий равишда оширилиши ёки пасайтирилиши ҳолатларини ўрганиш имконини беради.
Қайд этиш лозимки, бугунги кунда қизғин муҳокама қилинаётган Ўзбекистон Республикасининг солиқ тизимини ислоҳ қилиш Консепциясида ҳам товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишда амалга оширилган операциялар тўғрисида давлат солиқ хизмати органларига «онлайн» режимда маълумотлар узатишни таъминлайдиган назорат-касса машиналарини жорий қилиш жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этилган ва бу борада кўплаб ижобий фикрлар билдирилган.
Тадбир давомида Техник хизмат кўрсатиш марказлари ва назорат-касса машиналари маҳаллий ишлаб чиқарувчилари вакиллари билан ҳамкорликда «онлайн» назорат-касса машиналарининг имкониятлари кўргазмали воситалар ёрдамида намойиш этилди.
Семинар иштирокчилари тадбир давомида «онлайн» назорат-касса машиналарини қўллаш бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси